...
Асосий ҳосилли новдалар учини чилпиш улар ўсишини вақтинчалик (10-15 кун) тўхтатиб, фотосинтез жараёни натижасида ҳосил бўлган органик моддалар (ассимилятлар)нинг тўпгуллар, гулғунчаларининг ривожланишига, гуллаш, мева тугилишининг яхшиланишига сарф бўлади.
Бу иш ток гуллашидан 4-5 кун олдин ёки эндигина гуллаш бошланганда бажарилиб, ҳосилли новдаларнинг учи қўлда 1-2 см. чилпиб ташланади. Айниқса сийрак ва чочоқ бошли навлар (“Саперави”, “Бахтиёри”, “Чарос”, “Каберне”, “Морастел” ва ҳ.к.)ларда яхши натижа беради. Чилпилган новдалар вақтинча (10-15 кун) ўсишдан тўхтаб озиқ моддалар шўра ва меваларнинг тугилишига сарфланади, натижада ҳосилдорлик 15-25% га ошади, узумбошлари сифатли бўлади. Шунга қарамасдан, бу иш кўп меҳнатни талаб қилгани учун кўпинча бу иш қилинмайди. Бунинг ўрнига кам меҳнат талаб қилувчи, таъсир кучи чилпишникидан қолишмайдиган усул - ретардантлар (хлорхолинхлорид-ССС эритмасини пуркаш)дан фойдаланиш мумкин.
Новдалар учини чилпиш баҳорги совуқ, дўл каби табиий офатлардан зарарланган ток тупларини тиклашда қўшимча бачки новдалар ҳосил қилиш, уларнинг ўсишини кучайтириш мақсадида ҳам қилинади. Шунингдек, унинг тупроқ-иқлим шароитлари қулай, озиқ моддалар ва нам билан яхши таъминланган, жадал ўсувчи ток тупларини тезроқ шакллантириш, улардан бачкилар орқали қўшимча ҳосил олишда аҳамияти катта. Бу борада Ўзбекистонда олиб борилган тадқиқотлар натижалари умумий ҳосилнинг 15-20% ни бачки новдалар орқали олиш мумкинлигини кўрсатган. Аммо, узум бошлари ва ғужумлар массаси асосий ҳосилникига нисбатан 10-15% кам, қанд миқдори ҳам 1-1,5% озроқ бўлиши кузатилган.