...
Хомток асосан икки марта ўтказилиб, биринчиси «шўра хомток», иккинчиси «ғўра хомток», деб аталади. Шўра хомток апрель охирлари ва май бошларида ток новдалари шўра чиқариб, ҳосилли ва ҳосилсиз новдалар аниқланганда ўтқазилади. Бу даврда янги яшил новдалар 25-30 см га етган, дастлабки жингалакларни чиқарган бўлади. Шўра хомток кўпи билан 10-15 кун ичида ёки кечи билан ток гуллагунга қадар тугалланиши керак. Хомток шу муддатда сифатли қилиб бажарилса, ток мавсум бошиданоқ яхши ривожланади. Аксинча, хомток кечиктириб юборилса, туплар қалинлашиб, улар ҳаво, шамолдан яхши баҳра олмайди, гуллар яхши чангланмай кўпчилиги тўкилиб кетади. Натижада узум бошлари ғариблашиб, ғужумлари майдалашади.
Шўра хомтокни эрта гуллайдиган ток навларидан, тупнинг пастки қисмидан бошлаш керак. Хомток қилишда кучсиз, ортиқча, ҳосилсиз, чалкаш, тескари ўсган йўғон ва бўғим оралиғи узун («эркак») новдалар олиб ташланади. Токнинг ўсиш кучи, тупда новдаларнинг етарли ёки етишмаслигига қараб яхши ривожланган ҳосилсиз новдаларнинг айримларини қолдириш мумкин.
Барг қўлтиғидан чиққан бачки новдаларнинг кўпчилиги олиб ташланади, ҳосиллилари қолдирилади. Агар ток кучсиз ўсиб, ҳосилни офтоб уриш хавфи бўлса, хомток енгил тарзда қилинади.
Ток кундасидан чиққан новдалардан 2-3 таси зангларни янгилаш мақсадида қолдирилиб, улардан келгуси йили ўринбосар новда сифатида фойдаланилади. Зангларнинг пастки қисми яланғочланиб қолган бўлса, уларнинг пастки ва ўрта қисмидан чиққан новдалардан 2-4 таси қолдирилади. Чунки бу новдалар келгуси йили ҳосил бериши мумкин.
Шўра хомток билан бир вақтда тупда қолдирилган яшил новдаларни тараб боғлаш зарур. Бунда новдалар сўри ва симбағазларда биртекис жойлашади, шамолдан шикастланмайди. Боғлашни кечиктириб, новдалар нотўғри боғланса, ток шакли бузилади, новдалар бир-бирига халақит бериб терс ўсади, навбатдаги парвариш ишларини ўз вақтида ўтказиш қийинлашади, узумларнинг яхши пишиши учун ноқулай шароит вужудга келади. Новдаларни бағазларга сиқмасдан боғлаш керак.
Биринчи хомток тугагач, замбуруғ касалликлари (оидиум)га қарши олтингугурт кукунини сепиш (гектар ҳисобига 30-35 кг) тавсия қилинади. Токлар биринчи хомтокдан сўнг асосий ва бачки новдаларнинг ўсиши ҳисобига қалинлашиб кетади. Шунинг учун июнь ойининг ўрталарида токларни иккинчи хомток - ғўра хомток қилиш керак. Иккинчи хомток вақтида ҳам биринчи хомтокдаги каби ортиқча, терс ўсган, кераксиз бачки новдалар олиб ташланади, қолганлари эса тартиб билан бир текис боғланади.
Fўра хомток вақтида узум ғўралари катталашиб, уларнинг бандлари анча мустаҳкамлашиб қолади, ғўралар тўкилиб кетмайди. Иккинчи хомтокдан кейин узумбошларининг атрофи очилиб, улар ҳаво, иссиқлик, ёруғликдан баҳра олади, узумнинг пишиши, уларда қанд моддасининг тўпланиб бориши, новдаларнинг пишиб етилиши учун қулай шароит вужудга келади, кузда ток кесиш осонлашади. Иккинчи хомток вақтида ҳам ортиқча бачки новдалар олиб турилиши лозим. Бунда озиқ моддаларнинг бекорга сарфланиши камаяди, асосий новдалар ва ҳосилнинг ривожланиши, пишиб етилиши тезлашади. Бачки новдалар шўра хомток вақтида қўл билан олиб ташланиши мумкин, иккинчи хомток вақтида уларни албатта ток қайчи билан олиб ташлаш керак. Шунда барг қўлтиғидаги куртаклар зарарланмайди. Совуқ ва дўлдан зарарланган ток тупларини қайта тиклашда, улардан қўшимча ҳосил етиштиришда бачки новдаларнинг аҳамиятини унутмаслик керак. Иккинчи хомтокдан кейин ҳам замбуруғ касалликларига қарши олтингугурт сепиш тавсия қилинади.