...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 8,7 фоизини мева-сабзавотчилик ташкил қилади. Ушбу тизимга кенг кўламда чет эл инвестициялари ҳамда турли халқаро ташкилотларнинг кредит ва грант маблағлари жалб қилинмоқда.

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳаси улардан бири.

Мазкур лойиҳанинг қишлоқ хўжалигига техник ёрдам кўрсатиш компонентини молиялаштириш учун Европа Иттифоқининг 19,5 миллион евро миқдоридаги грант маблағи жалб қилинган. Ушбу маблағлар ёрдамида амалий тадқиқотлар билан шуғулланувчи Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти, Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот марказининг мева-сабзавотчилик соҳасига ихтисослашган марказий ва ҳудудий лабораторияларини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, генетик материални кўпайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. 

Лойиҳанинг уч йил муддатга мўлжалланган “Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик технологиялари бўйича техник кўмак” қисми ҳам мавжуд бўлиб, Тошкент, Самарқанд ва Урганч шаҳарларидаги ваколатхоналар орқали барча ҳудудлар қамраб олинади. 

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида сабзавот экинлари етиштиришнинг инновацион агротехнологиялари бўйича ўтказилган илмий-амалий семинарда бу борада батафсил маълумот берилди.

– Уч кун давом этадиган семинар давомида сабзавотчилик борасида маслаҳатлашамиз, - дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Актам Азизов. – Бунда йиғим-терим тадбирлари алоҳида эътиборга молик. Юртимизда сабзавотларни сақлаш ва қайта ишлашда айрим муаммолар мавжуд. Бу борада етарлича ишлар олиб борилмаган. Зеро, экспортёр сифатида давлатларнинг асосий талабларини билиб олишимиз керак. Чунки, уларнинг ҳар бири маҳсулотнинг ҳажми, рангига ўзига хос талаб қўяди. Мисол учун, гилоснинг ўлчами, памидорнинг ранги ва ўлчами ҳам муҳим. 

Баҳорда иқлимдаги ўзгаришлар, намлик, ёзнинг қуруқ ва иссиқ келиши зараркунандалар ва касалликлар ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис лойиҳа доирасида мавсумий ривожланаётган зараркунандаларга қарши кураш ҳам ҳисобга олинган. 

– Иқлим инжиқлиги туфайли ҳозир ўсимлик шираси кўпайган, – дейди лойиҳа эксперти, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Азимжон Анорбаев. – Уларнинг тарқалиш ўчоғини топиш ва йўқотиш керак. Улар асосан даладаги бегона ўтлардан куч олади, уларда кўпаяди. Агарда вақтлироқ аниқлаб, ўз вақтида ва муддатларида қарши курашсак, сарф-ҳаражатларнинг олди олинади. Мева-сабзавотлар таркиби бузилишининг ҳам олди олинган бўлади.

Семинарда сабзавотлар сифати бўйича Европа Иттифоқининг сифат ва хавфсизлик талаблари, янги узилган сабзавотларни совитиш ва ҳароратини назорат қилиш, ЕИ стандартларига мувофиқ озиқ-овқат хавфсизлиги ва сифат назорати, тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларни ташиш (ATP) каби мавзуларда ҳам маърузалар тингланиб, тушунтиришлар берилди.

– Ҳозир дунёда совуқ занжир тизими яхши самара бермоқда, – дейи италиялик эксперт, фан доктори Ружжеро Малосси. – Бунда териб олишдан бошлаб етказиб беришга қадар бўлган вақтда маҳсулотни сақлаш жуда муҳим. Сўнгра транспортировка қилиш тартиблари, маҳсулотни харидорга етказиб беришгача бўлган муддатларда ҳароратни бир маромда ушлаш ҳам ўзига хос эътибор талаб қилади. 

Семинар доирасида маҳаллий экспертлар томонидан сабзавот ва полиз маҳсулотларининг асосий зараркунандаларига қарши кураш, томчилатиб суғоришдаги янги тенденциялар, полиз ва картошка экинларини етиштиришда агротехник ва кимёвий тадбирларни қўллаш усуллари борасида соҳада эришилган сўнгги янгиликлар тақдимоти ўтказилди. 


AGROBLOGER канали

ЎзА, uza.uz


Report Page