...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги «2017 – 2021 йилларда республикада соя экишни кўпайтириш ва соя дуккакли экинларини ўстиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида мамлакатимизда ушбу қимматбаҳо экинни етиштиришга эътибор кучайтирилмоқда.

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартидаги «Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Жиззах вилоятида жорий йил ҳосили учун асосий майдонларнинг ўн минг гектарида соя етиштириш белгиланди.

Айни пайтда бу иш қизғин олиб борилмоқда. Ҳозиргача соя учун ажратилган майдоннинг ярмидан кўпроғига уруғ экиб бўлинди. Мавсумда юзга яқин экиш сеялкаси юқори унум билан ишлатилаётир.

Соя экишни ўз муддатида ва сифатли якунлаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси ва унинг туман бўлимлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

– Соядан яхши ҳосил олишда уруғ танлаш, экишни агротехника талаблари асосида сифатли бажариш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Инспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Ў.Қаршибоев. – Уруғлик омборларида соянинг «ЎЗБEК-6», «ПАРВОЗ», «НАФИС», «ЎЗБEК-2», «ДЎСТЛИК», «ОРЗУ», «БАРАКА», «ОЙЖАМОЛ», «ТЎМАРИС –ММАн-60», «УСТОЗ-ММАн-60» каби навлари мавжуд. Ҳозир фермер хўжаликларига «Арлота», R-1 навли соя уруғлари тарқатилмоқда. Дон корхоналари ва кластерлар томонидан фермер хўжаликлари талаб этиладиган уруғлик билан тўлиқ таъминланаётир. Бу ишни амалга оширишдаги барча жараёнлар инспекция мутахассислари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Вилоятда соядан бошқа мойли экинлар экишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят бўйича 2 минг 900 гектар ерга кунгабоқар ва 835 гектар ерга кунжут экиш режалаштирилган эди. Айни пайтда ажратилган майдонларда бу мойли экинларни экиш ишлари тўлиқ бажарилди.

Мойли экинларнинг экилиши биринчи галда аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим ўрин тутади. Саноатни арзон хомашё билан таъминлашга салмоқли улуш бўлиб қўшилади.


Т.Бекназаров, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page