...
AGROBLOGERРеспубликамиз суғориладиган ерларининг 60-65 % табиий шўрланишга мойил ерлар ҳисобланади. Чунки бундай ерларда минераллашган сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган. Улар доимо буғланишга сарфланади ва оқибатда тузлар ер юзасида тўпланиб қолади. Шунинг учун шўрланган ерларни ҳар йили шўрини ювиш зарурий агромелиоратив тадбирдир.
Шўр ювишнинг вазифаси қишлоқ хўжалик экинларининг ўсиши, ривожланиши ва мўл ҳосил бериши учун зарарли бўлган ортиқча тузларни тупроқдан ювиш ҳамда сизот сувларининг минераллашганлигини камайтиришдир.
Ер шўрини ювиш тадбирлари 2 турга бўлинади:
- Асосий шўр ювиш;
- Жорий шўр ювиш.
Асосий шўр ювиш янги ерларни ўзлаштиришда ва фойдаланиб келинаётган кучли шўрланган ва шўрҳок ерларда қўлланилади. Жорий шўр ювишни эса ҳар йили экинлар ҳосили йиғиштириб олингандан кейин барча фойдаланиб келинаётган шўрланган ерларда ўтказиш зарур.
Шўр ювиш суғориладиган ерларнинг иқлим, геологик, гидрогеологик ва зовурлаштириш шароитига қараб қуйидаги турларга бўлинади:
- Чўктириб ювиш;
- Ювиб оқизиб юбориш;
- Ишқорсизлантириб (зовурли шароитда) ювиш;
- Ер юзасидан окизиб ювиш.
Шўр ювиш ишлари 2 усулда амалга оширилади:
- Кам шўрланган ерлар эгатлар орқали ювилади.
- Ўртача ва кучли шўрланган ҳамда шўрҳок ерлар эса полларга бўлиб, бостириб ювилади.
Эгатлар орқали шўр ювишда эгатлар оралиғи 60 см, чуқурлиги 18-20 см бўлиши мақсадга мувофиқдир. Чекларга бўлиб бостириб ювиш усулида шўри ювиладиган далалар уватлар билан чекларга ва сув келтириш учун ўқ-ариқларга бўлиб чиқилади. Шўри ювиладиган чекларнинг катталиги тупроқнинг механик таркибига ва сув ўтказувчанлигига, даланинг текисланганлик даражасига ва нишаблигига боғлиқ бўлади.
Ерлар шўрини ювиш самарадорлигига тупроқ (механик таркиби, сув-физик хоссаси, шўрланиш даражаси, шўрланиш типи), гидрогеология (сизот сувларининг чуқурлиги ва оқиб кетиш шароити), иқлим (ёғингарчилик миқдори, ҳаво ҳарорати) ернинг зовурлаштирилиши ва агротехник шароитларга боғлиқ бўлади. Механик таркиби енгил тупроқларда тузлар кам сув сарфланганда ҳам тез ювилади.
AGROBLOGER канали
«Мелиорация ва ер тузиш», О.Х.Худойқулов, П.Х.Бобомирзаев, Ш.А.Бердикулов
agronet.uz