...

...

AGROBLOGER

Сабзавот экинлари тупроқдаги озиқ моддаларга ва ўғитга талабчанлиги билан бошқа экинлардан фарқ қилади. Бунинг сабаби кўпчилик сабзавот экинлари тупроқдан озиқ моддаларни жуда кўп ўзлаштиради, бунда кўпроқ калий, азот ва камроқ фосфор ўзлаштирилади. Вегетация даври қисқа бўлган сабзавотлар минерал ўғитларни тезроқ, давр узун бўлганлари эса секинроқ ўзлаштирадилар.

Ўсимликда минерал озиқ элементларининг етишмаслиги туфайли содир бўладиган аломатларга қурғоқчилик, ортиқча намиқиш, совуқ, ўсимликларда бўйнинг ёппасига шикастланиши ёки уларни зараркунандалар таъсиридан зарарланиши ва тупроқ типлари таъсир кўрсатиши мумкин. Минерал элементларнинг етишмаётганлигини тўғри белгилаш ва ўсимликларни тегишли минерал элементлар билан ўз вақтида озиқлантириш керак. Минерал элеметлар етишмаслиги натижасида рўй берадиган аломатларга қуйдагилар киради.

Помидор ўсимлигига азот етишмаганда ўсимлик ривожланишдан орқада қолади, паст бўйли ва поялари ингичка бўлади. Барглари майда ва тўғри, уч қисмидан бошлаб оқиш яшил рангда, томирлари сариқ ёки барг томирлари бинафша рангда ғубор билан қопланади. Мевалари майда, кам сонли, дағал бўлади.

Фосфор етишмаганда барглари дастлаб кўпиксимон, кейин эса ёппасига кўкиш яшил тусга киради, айнииқса баргининг остки томони ва томирлари бўйлаб қизғиш бинафша тусга киради, барглари кўпинча эгилган бўлади.


Калий етишмаганда ўсиш жараёни тўхтаб қолади, поялари ёғочлашади, ҳосил камайиб кетади, меваларнинг бир текисда етилмаслиги кузатилади, ўсимлик илдизлари яхши ривожланмайди.

Бодринг ўсимлигига азот етишмаганда ўсимликнинг ўсиш жараёни тўхтайди, барглари сарғаяди, сув танқислик кескин рўй берган ҳолларда сариқ рангга киради. Мевалари оқаради ва палагининг учки қисмидаги мевалар учли бўлади.

Калий етишмаганда баргларнинг чети буғдойрангга киради ва қуриб қолади. Кейинчалик бундай буғдойранг барг томирлари оралиғида тарқалади ва меваларнинг тугилиш баландлиги ошади.

Картошкада азот етишмаганда ўсимлик оч ёки сарғиш-яшил тусдаги ўлчами кичрайган барглари кичрайиб бироз юқорига кўтарилади. Кейинчалик барг бўлмалари атрофи сарғаяди ва қуриб қолади, ҳосили пасаяди.

Фосфор етишмаганда биринчи ҳолдаги белгилар намоён бўлади, лекин барг бўлмалари устига томон қайрилади, хира яшил тусдаги ялтироқлиги пастроқ, тугундаги кесиб кўрилганда зангсимон доғлар кузатилади.

Калий етишмаганда баргларининг орқа томони кўп сонли доғлар билан қопланади. Ўсимлик барглари ва пояларининг барвақт қуриб қолиши кузатилади. Сталонлари ва томирлари қисқаради.

Полиз экинларида азот етишмаганда (қовун, тарвуз, қовоқ) ўсимликнинг ўсиш жараёни тўхтайди, барглари оч-яшилдан сариққача ўзгаради, элементлар жуда танқис бўлганда улар сариқ рангга киради. Палаги ингичкалашади ва дағаллашади.

Фосфор етишмаганда ҳам ўсимликларда юқоридаги белгилар кузатилади, лекин барглари бирмунча қизғиш-бинафша рангга киради. Ўсимлик кўримсиз бўлиб қолади ва мева тугиши кечикади.

Калий етишмаганда барглар атрофи буғдой рангга кириб қуриб қолади, кейинчалик буғдой ранг барг томирлари оралиғида тарқалади, мевасининг етилиши кечикади, таркибидаги қанд моддаси миқдори камайиб кетади.

Аммиак селитраси NH4NО3. Таркибида 34% азот бор, донадор ҳолатида чиқарилади, доначалари оқ ёки сарғиш рангда, сувда яхши эрийди, ҳаводаги намни тез тортади (гигроскопик).

Аммоний сульфат (NH4)2SO4. Таркибидаги азот 20,5% бўлиб, аммоний шаклида оқдан то кулранг-яшил ранггача бўлган кристалл ўғит, сувда эрувчан, ҳаводаги намни кучсиз сингдиради. Сочилувчанлиги яхши, тупроқдан кам ювилиб кетади.

Карбомид (мочевина) (NH2)2СO. Таркибида 46% азот бўлиб, донадор кўринишда чиқарилади, доначалари оқ рангли бўлиб, майда ва тез эрувчан, намни кам сингдиради ва зичлашиб қолмайди.

АДУ – таркибида азот миқдори 28% ва 11% олтингугурт бор.

АФУ – суюқ ўғити таркибида 300 г/л азот, 75 г/л фосфор бор.


ЖКУ – суюқ ўғити таркибидаги азот миқдори – 10,3%, калий – 3,7%, олтингугурт – 3 фоизни ташкил қилади.


Аммофос (NH2H2PO4). Юқори концентрланган фосфор-азотли донадор ўғит, таркибида 43–46% фосфор, 11% азот бор. Ёпишиб зичлашмайди, ҳаводаги намни кучсиз сингдиради.


Аммонийлаштирилган суперфосфат – NH2H2PO4+СаНРО4. Энг кам концентрацияли юқори баластли, кулранг тусли донадор ўғит, таркибида 14–15% фосфор ва 1,5–2,0% азот бор.

Оддий суперфосфат (Ca(H2PO4)2H2O+2CaSO4). Апатит концентратидан ёки қоратов фосфоритларидан ишлаб чиқарилади. Кукунсимон суперфосфат хомашё турига кўра ўзида 19–19,5 фоиздан 15–16 фоизгача, донадор суперфосфатда эса 20% фосфор бор. Сувда эрувчан, ҳаводаги намни кучсиз сингдиради.


Калий хлорид (KCL). Таркибида 50–52% калий бор, оқ ёки қизғиш-қўнғир рангли кристаллсимон, сувда эрувчан, ҳаводаги намни тез ўзлаштириб олади, қуруқ ҳолатдагисининг сочилувчанлиги яхши.

Калийли туз (калий хлориднинг каинит ёки силвинит билан аралашмаси). Таркибида 40% калий бор, кул ранг-қўнғир тусли, майда кристалл ўғит.


Экинлардан юқори ҳосил олишда органик ўғитларнинг ўрни катта. Органик ўғитларга гўнг, торф, гўнг шалтоғи, парранда қийи, турли хил компостлар, кўкат ўғитлар киради. Органик ўғитлар таркибида азот, фосфор, калий, кальций ва ўсимликларнинг озиқланиши учун керакли бошқа элементлар, шунингдек, тупроқнинг хоссаларига ижобий таъсир этадиган органик моддалар бўлади.

Бу органик ўғитлардан қорамол гўнги алоҳида ўрин тутади. Таркибида ўсимликлар учун зарур бўлган барча озиқ моддалар мавжуд. Қорамол гўнги таркибида умумий азот миқдори 0,589%, умумий фосфор миқдори 0,25% ва умумий калий 0,50 фоизни ташкил қилди. Ерга гўнг солинганда тупроқ унумдорлигининг муҳим шарти бўлган биологик фаолияти кучаяди, берилган минерал ўғитларнинг таъсири ортади. Одатдаги миқдор бўйича ҳар гектар ерга ўртача 20–30 т гўнг солинади. Қуруқ қўй қийини таркибида умумий азот миқдори 1,60% умумий фосфор 0,50% умумий калий 1,40 фоиздан иборат.

От гўнгида умумий азот 0,60%, умумий фосфор 0,30%, умумий калий 0,55%, чўчқа гўнгида умумий азот 0,40%, умумий фосфор 0,20%, умумий калий 0,60% ва парранда қуруқ қийида умумий азот 3,40%, умумий фосфор 1,60%, умумий калий 0,80 фоизни ташкил қилади.

Биогумус – парранда ахлати ва бошқа ҳар хил органик чиқиндиларни иссиқлик билан ишлов бериш орқали олинади ва ўз таркибида 15% сув, 22–27% гумус, 3–4% органик моддалар, 1,74% умумий азот, 1,47% умумий фосфор, 1,4% умумий калий бор.


Вермигум – ҳар хил органик (йирик ва майда қорамоллар гўнглари, маиший чиқиндилар) қолдиқларини қизил калифорния чувалчанглари билан қайта ишлаш натижасида олинади. Вермигум ўртача қуйидаги таркибга эга: 40–60% қуруқ модда, 10–12% гумус, 6,5–7,2 рН, 0,8–3,0% азот, 1,3–2,5% фосфор, 1,2–3,0% калий, 0,6–2,5% темир, 3,5–5,1 мг/кг мис, 60–80 мг/кг марганец, 28–35 мг/кг рух, 0,6–2,3% магний, 4,5–8,0% кальций бор.

ОМУ – органик минерал ўғит таркибида умумий азот 7,75%, 7,721%, фосфорни ўзлаштиради, органик модда 23,62 фоизни ташкил қилади.

Кўкат ўғитлар (сидератлар) республикамизда гўнг ва бошқа маҳаллий ўғитлар қишлоқ хўжалик маҳсулотларни етиштиришда органик ўғитларга бўлган талабини таъминлай олмайди. Шунинг учун сидерат ўсимликларни экишни тақозо қилади. Ҳар бир жойнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда нўхат, оқ жўхори ўсимликлар экилади. Кўкат экинлар массаси ерга қўшиб ҳайдаб юборилади, бундай ўғитлар тупроқ унумдорлиги ва сабзавот, полиз, картошка ҳосилини оширади.

Биоазот – микробиологик азотли ўғит ҳисобланиб, Azotobacter chroococum бактериялари биомассасидан иборат. Абсолют қуруқ модда бўйича биомассани зичлиги 5,0– 5,5 г/л. ни ташкил этади (ЎзРФА Микробиология институти).

Биоазот суғориш суви билан бир текис қилиб, икки муддатда яъни ўсимликларни ялпи униб чиққандан сўнг ҳамда қийғос гуллаш давридаги озиқлантиришда кунни кечки вақтларда гектарига 4 л ҳисобида берилиши лозим.

Органик микробиологик ўғит-гумат асосида фойдали микроорганизмлар мажмуасидан иборат (ЎзРФАнинг Микробиология институти).

Бу ўғит ўсимликларни ялпи униб чиққандан сўнг ҳамда қийғос гуллаш даврида минерал ўғитлар билан биргаликда қатор ораларига гектарига 50 кг ҳисобида берилади.

Fosstim – картошка илдиз атрофидан ажратилган фосфор тўпловчи фаол бактериялар. Уруғлик картошка туганаклари экишдан олдин (50 мл - 500 л/га сув) ивитиб экилади.

Serhosil – бир хужайрали сув ўтлари, ўсимликларни ялпи униб чиққандан сўнг ҳамда қийғос гуллаш даврида ўсимликка 300 л/га ҳисобида пуркалади.


@AGROBLOGER канали

dehqon.uz

Report Page