...

...

AGROBLOGER

Каноп – қимматбаҳо толали экин. Каноп толаси ўзининг пишиқлиги, майинлиги ва яхши тўқилиши билан ажралиб туради. Канопдан қоп, ип, брезент, гилам учун асослар ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади, шунингдек, кабель саноати, парашютсозлик каби соҳаларда кенг фойдаланилади. Каноп уруғидан озиқ-овқат учун ишлатиладиган қимматбаҳо пектин олинади, мойи оғир саноатда ва бўёқ олишда ишлатилади.

Каноп (Hibiscus Canobinus) – бир йиллик, иссиқсевар ўсимлик. Каноп асосан тропик ва субтропик иқлимли Хитой, Индонезия, Бирма, Эрон, Миср каби мамлакатларда экилади. Каноп ўсимлиги хўжалик мақсадларида Ўзбекистонда 1925 йилдан экила бошлаган. 80–90 йилларда 20–22 минг гектар майдонда етиштирилган. Афсуски, кейинги йилларда каноп етиштириш эътибордан четда қолдирилди.

Кейинги йилларда селекционер олимларимиз томонидан канопнинг 9 та нави яратилиб, амалиётга жорий этилган. Канопнинг ўртапишар “Ўзбекистон–2115”, “Ўзбекистон–2225”, “Ўзбекистон–2205” навлари шулар жумласидан бўлиб, уларнинг вегетация даври 115–118 кун, каноп поя ҳосилдорлиги 170–180 ц/га, уруғ ҳосили 3–5 ц/га. ни ташкил этади.

Канопни бир майдонда икки йилдан ортиқ экиш мақсадга мувофиқ эмас. Олимларимиз тавсиясига кўра, далада беда-буғдой-пахта-каноп алмашиб экиш тизими, яъни 2 йил каноп, 3 йил беда ва 4 йил пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари жойлаштирилганда яхши ҳосилдорликка эришилади.

Каноп етиштиришда қўлланиладиган илғор агротехника тадбирлари: ерни шудгорлаш, экиш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, уруғлик ҳамда каноп поясини қайта ишлашдан иборат.

Экин майдонини тайёрлаш. Кузда ерни 30 см чуқурликда шудгорлашдан олдин тупроққа фосфор ва калий ўғитларининг йиллик меъёрининг 50 фоизи (фосфор 75, калий 60 кг/га) солинади. Шу билан бирга гектарига 20–30 т гўнг солинса, тупроқ унумдорлиги яхшиланади ва канопдан юқори ҳосил олиш имконияти ортади.

Уруғ экиш. Тупроқ намлигини сақлаш учун дала эрта баҳорда 8–12 см чуқурликда бороналанади. Шунда уруғларнинг бир текис униб чиқишига шароит яратилади.

Мўл ҳосил олишда сараланган уруғларни экиш катта аҳамиятга эга. Уруғнинг сифати унинг оғирлиги, хўжалик жиҳатидан яроқлилигига қараб белгиланади. Каноп икки мақсадда, яъни уруғлик ва кўк поя олиш учун экилади. Экиш муддатини тўғри белгилаш мўл ҳосил етиштиришнинг муҳим омилидир. Уруғ хўжалик техникасига қараб 60–90 см оралиқда, асосан бир қатор қилиб экилади.

Тупроқнинг ҳарорати 16°С га етганда уруғ экишга киришилади. Бунда гектарига кўк поя учун 25 кг, уруғлик учун эса 12 кг уруғлик сарф­ланади. Шунда кўк поя учун ҳар гектаридан 300–400 минг туп кўчат бўлишга эришилади. Каноп уруғи нисбатан майда бўлганлиги учун СОН-3,6 русумли сеялкалар ёрдамида 3–4 см чуқурликда экилади. Экиш баробарида 30 кг. дан азот ва фосфор ўғитлари қўлланилади. Чунки ёш ниҳоллар дастлабки пайтларда озиқага ўта талабчан бўлади.

Парваришлаш. Каноп ўсимлиги 35-40 кун давомида жуда секин ўсади. Бу вақтда асосан илдиз тизими яхши ривожланади. Шунинг учун культивацияни ўз вақтида сифатли қилиб ўтказиш, бегона ўтларнинг ўсишига йўл қўймаслик зарур.

Яганани ўтказиш муддати канопнинг ўсиб-ривожланиши ва ҳосилдорлигига катта таъсир кўрсатади. Тажрибаларга кўра, бу тадбирни ўсимлик 2–3 чинбарг чиқарганида ва иккинчи маротаба шоналаганда ўтказиш мақбул ҳисобланади.

Биринчи культивацияда ишчи органлари ўсимликдан 8–10 см узоқликда, ротацион мосламалар 5–6 см, пичоқлар – 6–8 см, ўткир учли ғоз панжалар 10–12 см чуқурликда юрадиган қилиб ўрнатиш керак. Иккинчи культивацияда ротацион мосламалардан фойдаланиш ҳимоя ҳудуди 7–9 см. ни ташкил этиб, наральниклар 8–10 см ва ғоз панжалар 12–14 см чуқурликда ўтказилади. Учинчи ва тўртинчи культивацияларда ҳимоя ҳудуди 6–8 см. ни ташкил этиб, наральниклар 8–10 см ва ғоз панжалар 14–18 см чуқурликка ишлов берадиган қилиб жойлаштирилиши лозим.

Ўғитлаш. Канопни ўз вақтида унинг талабига қараб озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. Канопни озиқлантиришда минерал ўғитларни қуйидаги меъёрларда қўллаш тавсия этилади: кўк поя учун экилганда – N250, P150, К120, уруғлик каноп учун экилганда – N200, P120, К100 кг/га. Фосфор ва калийнинг 50 фоизини кузда шудгорлаш пайтида, қолганини парваришлаш даврида бериш мақсадга мувофиқ.

Экиш билан бир вақтда гектарига 30 кг. дан азот ва фосфор ўғитлари берилади. Биринчи озиқлантиришда (шоналаш вақтида) азот ва фосфор, иккинчисида эса (гуллаш вақтида) азот ва калий ўғити берилади.

Уруғлик учун экилган каноп парваришига алоҳида эътибор бериш керак. Уруғлик канопни биринчи озиқлантиришда калий ва азотни бирга берилади. Бунда улар ҳар гектари ҳисобига 40 кг. дан солинади. Фосфор ўғити иккинчи озиқлантиришда азот билан бирга бериш уруғликнинг пишиб етишини тезлаштиради.

Суғориш. Канопни қуйидаги тартибда суғориш тавсия этилди. Сизот сувлари 2–3 м чуқурликда жойлашган ўтлоқи тупроқ шароитида вегетация даврида 3–4 марта 4000–4500 м3 меъёрда сув сарфланиб, 1:2:1 нисбатда, яъни шоналашгача бир марта 1100 м3/га, гуллашгача – икки марта 1200 м3/га ва техник пишиш ҳолатигача бир марта 1000 м3/га меъёрда суғориш лозим. ЧДНС 70-70-70% бўлиши керак. Шоналашгача бўлган суғоришлар оралиғи 16–20, гуллашгача – 20–26, техник пишиш ҳолатигача 16–18 кунни ташкил этиши зарур.

Сизот сувлари 4–5 метр чуқурликдан паст бўлган майдонларда суғориш сонлари ошади.

Уруғ учун экилган канопни суғориш тартиби кўк поя учун экилган канопга нисбатан бирмунча фарқ қилади. Сизот сувлари 2–3 м чуқурликда жойлашган тупроқ шароитида сифатли уруғ олиш учун 2–3 марта қатор оралатиб суғориш ва мавсумий суғориш меъёри 2500–3500 м3/га. ни ташкил қилиши мақсадга мувофиқ. Суғориш схемаси 1:1:1, яъни шоналашгача бир марта суғорилиб, суғориш 1000–1100 м3/га, гуллашгача 1100–1400 м3/га ва биологик пишишнинг бошланишида 900–1000 м3/га меъёрда қатор оралатиб ўтказилади. Ҳар бир суғоришдан кейин албатта культивация қилиш керак.

Ҳосилни йиғиш. Канопчиликда ҳосил ўрим-йиғими энг сермеҳнат ва маъсулиятли жараён ҳисобланади. Канопнинг 50 фоизи техник жиҳатдан пишиб етилганда (поянинг учида ханжарсимон барг пайдо бўлганда) ўримга киришиш керак. Ўримни бошлашдан 6–8 кун олдин дала 600–650 м3/га меъёрда суғорилса (кўк поя учун), каноп пўстлоғи ўзагидан тез, осон ва тоза ажралади.

Ўриш учун трактор рамасига КС-2,1 агрегатининг пичоқларини ердан 2–3 см баланд қилиб ўрнатиш тавсия қилинади. Ўрилган поялар йиғиштирилиб, дастлаб пўстлоқ ажратишгача поянинг туб қисми яхшилаб текисланиши ва қалинлиги 2–2,5 см бўлиши керак. Акс ҳолда пўстлоғининг сифати бузилади.

КУ-0,2 маркали комбайн бир йўла учта ишни бажаради: канопни ўради, пўстлоғини ўзакдан ажратади ва пўстлоқни ерга бир текисда йиғиб кетади.

Каноп уруғини олиш учун гуллашда ва ҳосилни йиғиштириб олиш олдидан бегона нав ва касалланган тупларни юлиб ташлаш зарур. Каноп поясининг пастки қисмидаги 3–4 тадан кўсаги пишиб етилиши билан ўриб-йиғиб олиш ва қуритиш лозим.

Ўрилган поялар қуритиш учун далада қолдирилади, 15–16 см қалинликда боғ-боғ қилиб икки жойидан боғланади ва 2–3 кун қуритилади. Уруғлар тўла етилиши учун қуритилган поялар тикка ҳолда қилиб қўйилади. Қуриган поя­лар МКФ-6 русумли уруғажратгичдан ўтказилади. Уруғлар қопларга солиниб, шамоллатиб туриладиган омборхонада сақланади. Каноп поя­сидан уруғи ажратиб олингандан сўнг қуруқ поя заводга жўнатилади ва у ерда толаси ажратиб олинади.


@AGROBLOGER канали

Т.Азизов


Report Page