...

...

FERMER

Сенаторлар органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунни маъқуллади, ҳужжат билан ишлаб чиқариш жараёнига маълум бир талаблар, хусусан қайта тикланадиган табиий ресурслар ва ичимлик сувидан фойдаланиш бўйича вазифалар қўйилмоқда. Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришда пестицид, гормон, антибиотик ва кимёвий қўшимчаларни қўллаш тақиқланмоқда.

Олий Мажлис Сенати 17 март куни бўлиб ўтган 24-ялпи мажлисда «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги қонунни маъқуллади, деб хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Қонун экологик тоза ёки атроф-муҳит ҳолатига одатдагидан кўра камроқ таъсир этувчи органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва бошқа босқичларнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.

Органик ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган, унга раҳбарлик қилаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат: сертификатланган органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга субсидиялар ажратиш, ишлаб чиқаришни молиялаштириш ва органик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга хизматлар кўрсатишга кўмаклашиш.


Органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёни органик тоифага кирмайдиган маҳсулотлардан алоҳида амалга оширилиши керак.


Қонун билан органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қуйидаги талаблар қўйилади:

соғлом ҳайвонлар ва ўсимликлардан, хавфсиз маҳсулотлардан ҳамда келиб чиқиши ҳайвонлар ва ўсимликларга мансуб бўлган хом ашёдан фойдаланиш;

органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлган технологиялардан фойдаланиш;

тупроқ унумдорлигини сақлаш, тиклаш ва ошириш;

ишлаб чиқариш учун органик маҳсулотларнинг муайян турини танлаш чоғида экологик тизимларни сақлаш;

қайта тикланадиган табиий ресурслардан, шу жумладан келиб чиқиши ўсимликлар ва ҳайвонларга мансуб бўлган маҳсулотлардан фойдаланиш;

ққайта тикланмайдиган табиий ресурслардан фойдаланишни қисқартириш;

инсон соғлиғига, ўсимликларга ва ҳайвонларга зарар етказмайдиган, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини оладиган ёки унинг оқибатларини бартараф этадиган технологиялардан фойдаланиш;

технологик жараёнларни сифатли бажариш учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда рухсат этилган нормаларда озиқ-овқат қўшимчаларидан, микроэлементлардан фойдаланиш;

ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича тегишли чораларни кўриш, шу жумладан алмашлаб экишга, касалликларга, зараркунандаларга ва бегона ўтларга чидамли бўлган ўсимликлар турларини ҳамда навларини танлаш чоғида механик, биологик ва физик усулларни қўллаш;

маҳаллий шароитларга мослашган, чидамли ўсимлик турларини, навларини ва ҳайвонлар зотларини танлаш;

чорвачиликда органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун келиб чиқиши табиий бўлган моддалардан олинган ингредиентлардан иборат озуқаларни ва озуқавий қўшимчаларни қўллаш;

ичимлик суви учун қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берадиган сувдан органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш чоғида ингредиент сифатида фойдаланиш;

айни бир турдаги органик ва ноорганик ингредиентларни битта органик маҳсулотга аралаштирмаслик.

Шунингдек, органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қуйидагилар тақиқланади:

синтетик моддалар, пестицидлар, гормонлар, антибиотиклардан ва кимёвий озиқ-овқат қўшимчаларидан фойдаланиш;

тупроқдан фойдаланмасдан ўсимлик маҳсулотларини етиштириш усулларини қўллаш;

ионлаштирувчи нурланишдан (манбалардан) фойдаланиш;

табиий ҳолда ўсадиган ўсимликларга ишлов беришнинг кимёвий усулларидан фойдаланиш;

оқова сувлар чўкмасидан, септик чиқиндилардан ҳамда инсон ҳаётига ва фаолиятига доир бошқа чиқиндилардан таркиб топган моддалардан ўғит сифатида фойдаланиш;

чиқиндилардан, кимёвий ва радиоактив моддалардан ифлосланган ер участкаларидан, сув объектларидан ва (ёки) уларнинг қисмларидан фойдаланиш;

эмбрионларни трансплантация қилишни, клонлаштиришни ва генга оид муҳандислик усулларини, ген-муҳандислик-модификация қилинган ҳамда трансген организмларни қўллаш, шунингдек ген-муҳандислик-модификация қилинган ва трансген организмлардан фойдаланган ҳолда тайёрланган маҳсулотларни қўллаш.

Органик маҳсулотларнинг айрим турларини ишлаб чиқаришга, шу жумладан уларни параллель равишда ва бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш шарт-шароитларига доир алоҳида талаблар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.

Органик маҳсулотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳисобланади. Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати ҳамда Давлат ветеринария қўмитасига уларни халқаро стандартлар ва тавсияларга мувофиқлаштириш, экологик тоза маҳсулотлар хавфсизлиги бўйича санитария ва ветеринария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларини жорий этиш юклатилди.

Ўзбекистон техник тартибга солиш агентлиги мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациялашни амалга оширади ва аккредитация сертификатларини беради, шунингдек органик маҳсулотларнинг миллий мувофиқлик белгиси шакли ва ҳажмини тасдиқлайди.


Қонун президент томонидан имзоланиб, эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.


FERMER канали

gazeta.uz

Report Page