...

...

AGROBLOGER

Жалақудуқ туманидаги Ёрқишлоқ маҳалласини том маънода Андижондаги Ҳолландия дейиш мумкин. Чунки, ушбу маҳалладаги хонадонларда турли навдаги лолалар етиштирилади.

Маҳаллада 505 та хонадон мавжуд бўлиб барчасида лоладан ҳеч бўлмаганда 10-15 туп экилади. 50дан ортиқ хонадон эса гул етиштириб даромад қилади.

Узум сўритоклари тагига экилган лолалар ортиқча парвариш талаб қилмайди. Шунчаки, 1-2 бора суғориб, бегона ўтлардан тозалаб туриш кифоя.

Озодахон ая Мамтазиева лолаларга ўзгача меҳр қўйган. Турмуш ўртоғи вафотидан сўнг гуллар унинг овунчоғига айланган.

— Лолани яхши кўраман. 4 дона кўчатдан бошлаганман. Бошқа қўшмадим. Ўзи кўпайди. 8 йилдан бери шуғулланаман шу иш билан. Бу йил 2 миллион сўмлик сотдим. Томорқамизда 6 хил турдаги лолалар бор. Аниқ саноғини ҳам билмайман лолаларни, – дейди Озодахон ая.

15 кун давомида кўзни қувнатиб, дилни яйратиб турувчи лолаларни гул сотувчилар ўзлари олиб кетишади. Узум остида эрта баҳорда етиштирилган лолалар туғилган кун, байрамлар учун ажойиб совға бўлади.

Қизиқ жиҳати, лолалар етиштириб бўлингач уруғлари салқин жойга олиб қўйилиб, ўрнига бошқа маҳсулотлар экилади. Эрта баҳордан эса уруғлар қайта экилади.

— 10 миллиондан ортиқ даромад олдик, — дейди Абдуғофир Жалилов. — 10 минг тупдан ортиқ лолаларимиз бор. Ҳозир фақат уруғликка олиб қўйдик. Қолганларини сотиб бўлдик. Набиралар билан бирга парвариш қиламиз.

Турли хил рангда очилувчи лолаларнинг айримлари Россиядан олиб келинган. Ҳозирда уларни кўпайтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бахмалдай товланиб турган лолалар кишининг баҳри дилини очади. Ҳақиқатда Ёрқишлоқ — Андижоннинг Ҳолландияси.


Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири

Монтажчи: Фахриддин Ҳотамов


AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page