...

...

AGROBLOGER

Рамазон ойи кириб келиши билан юртимиздаги бозорларда нишолда сотила бошланади ва у саҳарлик ва ифторлик дастурхони безагига айланади. Хўш, мазкур мазали таом қандай тайёрланади ва унинг фойдали хусусияти нимада?

Барчани қизиқтирувчи саволларга жавоб олиш учун Kun.uz мухбири Асака туманидаги узоқ йиллардан бери нишолда тайёрланиб келинаётган «Оби роҳат» кафесига борди.

Нишолда тайёрлаш учун ясалган махсус мосламага биҳ, яъни ўсимлик илдизининг қайнатмаси ва тухумнинг ажратиб олинган оқи солинади. Мослама 10-15 дақиқа давомида маҳсулотни аралаштириб кўпиртиради. Уй шароитида қилмоқчи бўлсангиз аралаштиришни махсус мосламалар ёрдамида амалга ошириш мумкин.

Кўпик ҳолатига келгач, аввалдан тайёрлаб қўйилган қиём – шакарнинг сувга солиб қайнатилгани қўшилади. Буни нишолдачилар «шакар қиёми» дейишади.

Яна бир оз аралаштирилгач, нишолда тайёр ҳолатга келади. Энди уни идишларга солиб дастурхонга тортиш мумкин.

«Нишолда тайёрлаш — биз учун ота касб. Узоқ йиллардан бери шу иш билан шуғилланамиз. Рамазон ойи бошланиши билан кунига 150-200 килодан нишолда тайёрлаб бозорларга чиқарамиз», дейди Раҳимжон Абдуллаев.

У нишолда нега асосан рамазон ойида тайёрланиши ҳақидаги саволга жавобан, бу ҳазм бўлиши енгил, оч қоринни тўқ тутувчи ва организмга дармон бўлувчи, ошқозонга фойдали емак эканлигини таъкидлади.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири,

Монтаж устаси: Боймирза Халилов


AGROBLOGER канали

kun.ux

Report Page