...

...

AGROBLOGER

Картошкадан мўл ҳосил олиш учун чопиқ қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Чопиқ қилиш натижасида намлик яхши сақланади, очилиб қолган мевалар тупроқ билан кўмилиб борилади, ёввойи ўтлардан тозаланади.

Ҳосил олингунга қадар картошкани 3 бор чопиқ қилинади. Биринчи марта поялар 15-20 см бўлганда, иккинчи мартта ғунчалаганда, учинчи марттасида эса гуллаганда чопилади. Чопиш пайтида ўсимлик тагига ва туплар орасига тупроқ тортиш керак бўлади. Эртанги картошка апрелнинг охири, майнинг бошларидан бошлаб, ҳар 10-15 кунда суғориб турилади.

Май ойининг охирларидан бошлаб ғунчалаб, мева туга бошлайди. Бу пайтга келиб ҳаво анча исиб кетади ва бу картошкага салбий таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли мева тугиш бошлангандан ҳосил йиғилгунга қадар ҳар 6-7 кунда суғориб турилади. Агар етарли даражада суғорилмаса пояси бўйига ўсиб, ингичка ва нимжон бўлиб қолади. Секин мева тугади ёки умуман тугмай қўяди. Тугулган мевалар ўсмай, ривожланмай қолади.

Кечки картошкани суғориш эса бошқачароқ тартибда бўлади. Экишдан олдин ҳам ерни суғориб олинади, сабаби экиш пайти ёзнинг энг иссиқ кунларига тўғри келади. Картошка экилганидан сўнг ҳам майсалар чиқгунига қадар 1-2 мартта суғорилади. Майсалар чиқганидан кейин сентябрнинг ўрталарига қадар ҳар 8-10 кунда суғориб турилади. Ҳаво салқинланиши билан суғориш камайтирилади ва ҳосилни йиғишга яқин қолганда 15-20 кун олдин суғориш батамом тўхтатилади.

Картошкани ўсиш жараёнида 2 мартта ўғитланади. Экин биринчи мартта ўсимлик пояси 15-20 см бўлганда, иккинчи бор эса ғунчалаган пайтда ўғитланади. Ўғитлашда экиш пайтидаги каби маҳаллий ва минерал ўғитлардан фойдаланилади. Картошканинг пишганлигини поясининг сарғайиши ҳамда меваларининг сиртида қалин ва қаттиқ пўст ҳосил бўлганлигидан билиш мумкин. Ҳосилни йиғиб олиш пайтида қазиб олинган картошкаларни қуёш нуридан асраш керак яъни офтоб уриб қўймаслиги керак. Бунинг учун қазилган заҳоти ҳосил устига картошка палакларини ташлаб қўйиш керак.

Агарда экин пишиб етилмасидан олдинроқ қазиб олинадиган бўлса, картошкани узоқ вақт турмайди яъни сақлашга ярамайди. Кўп вақт ўтмасдан чиришни бошлайди. Картошка яхши пишмаганда уни пўсти юпқа бўлади ва осон арчилилиб кетади. Яхши пишган картошкани қўл билан арчиб бўлмайди ва унинг пўсти тўр билан қопланган бўлади.


AGROBLOGER канали

mirishkor.uz


Report Page