...

...

AGROBLOGER

Гилос — кўпчилик севиб истеъмол қиладиган мева. Гилос меваси ўзининг витаминларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Бу мева организмимиз учун муҳим бўлган кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий минералларига ҳам бой.

Одатда гилоснинг 2 тури мавжуд: ширин ва аччиқ (нордон). Ширин гилос ҳўл мева сифатида истеъмол қилинса, аччиқ гилос эса асосан пишириқларда ва консервалашда ишлатилади. Гилос дарахти ўта нозик бўлиб турли ҳил касалликлар (монилиоз, бактериал некроз, цитоспороз, илдиз бўғзи) туфайли осонгина нобуд бўлиши мумкин.

Гилос дарахтларини парваришлаш мушкуллигини инобатга олган ҳолда, уларни яхши намлик ўтказувчан ва сунъий равишда кўтарилган тупроққа экиш тавсия қилинади. Аччиқ гилослар ўз-ўзини чанглатиш ҳусусиятига эга, аммо ширин гилослар яхши ҳосил бериши учун чанглатувчи навлари билан бирга экилиши керак.

Кўчатларни экиш учун қуёш нури кўп тушадиган жой танлаш зарур. Гилос дарахти бир кунда камида 6 соат қуёш нурига тўйиниши зарур.

Улар мунтазам туман тушиб турадиган ҳудудларда яхши ўса олмайдилар, айникса, ёз мавсумида тушадиган туман уларни қуёшдан тўйинишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Дарахтга сийраклаштириш қаватлаш усулида шакл берилади, ён шохлари 2–3 қават қилиб қолдирилади. Қуёш нури дарахт ичига яхши кириши учун ҳар йили ўсган шохлари 10% га қисқартириб буталанади. Дарахтларнинг қариш даврида 4–5 ёшли шохлари кесилиб кўпроқ ёшартирилади. Агар куртак ҳаракатга келишидан олдин 3% ли ва гул тўкилгандан сўнг 1% ли бордо суюқлиги билан ишлов берилса, гилос дарахтларида кўп учрайдиган бактериал рак (елим чиқиш) касаллиги олдини олиш мумкин.

Гилос дарахти кўп сувга чидамсиз ҳисобланади. Кўп суғориш илдиз чириши ва бошқа касалликларларга чалинишига сабаб бўлади. Сувни яхши ўтказмайдиган тупроқлар гилос дарахти илдизлари учун муаммо туғдиради. Шунинг учун, оғир тупроқ шароитларида дарахтлар атрофида сув кўлмаклаб (йиғилиб) қолиши хавфи олди олиниши керак. Ёз давомида дарахтлар ривожланишини таъминлаш учун ариқ билан суғорилса ҳар 10 кунда бир марта ёки томчилатиб ҳар 2 кунда бир суғориш мақсадга мувофиқ.

Ўсиб-улғайган гилос дарахтлари кенг тарқалувчи илдиз системасига эгаликлари боис, уларга деярли ортиқча ўғит солиш талаб қилинмайди. Уларнинг тез ўсиш ҳусусиятини инобатга олган ҳолда, қайси пайт қўшимча ўғит талаб қилинишини аниқлаш мумкин. Дарахт новдаларининг учи йилига 25 сантиметрдан кам ўсиши ўғитга бўлган талаб мавжудлигини билдиради. Қўшимча озуқага талаб борлигини билдирувчи бошқа белгилардан яна баргларнинг олдингги йилга нисбатан кичикроқ бўлишидир. Ёзнинг ўртасига келиб муддатидан олдин сарғайиши, ҳамда куз келмасидан аввал тўкилиши бўлиши мумкин. Бу каби ҳолатлардан ташқари ҳолларда гилос дарахтлариыга ўғит солиш маслаҳат берилмайди. Акс ҳолда, дарахтлар жадал ўсиб кетади ва бу ҳосилнинг камайишига сабаб бўлиши мумкин.

Гилос асосан кеч баҳорда пиша бошлайди. Меваларни банди билан териш шарт, аксҳолда улар ўз сифатини тезда йўқотади. Мева бандини унга зарар етказмасдан новдага тегиб турган еридан узиб олинади.


AGROBLOGER канали

mevazor.uz

agronet.uz

Report Page