...

...

AGROBLOGER

2020 йил 6 ноябр куни Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Полвонота маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Қаҳрамон ариғидан «Шерали Бобур 2018» фермер хўжалиги раҳбари М.М.нинг жасади топилган эди. Марҳумнинг қариндошлари ушбу ўлимни шубҳали деб ҳисоблашмоқда.

Хатирчи тумани ҳокимининг 2014 йил 17 мартдаги Қ-263-сонли қарори билан фуқаро М.М.га «Пўлкан шоир» массиви ҳудудидаги туман захира ерлари ҳисобидан фермер хўжалиги ташкил этиш учун 74,9 гектар ер ажратиб берилган. Марҳум ушбу ерда фермер хўжалиги ташкил қилган. Аммо туман ҳокимлиги ажратилган ер майдонларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланганлик важи билан 2020 йил 4 март куни «Шерали Бобур 2018» фермер хўжалиги ерларини туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтариб олиш бўйича Қ-424-сонли қарор чиқарган.   

Фермер хўжалиги раиси ушбу ҳолат юзасидан Хатирчи тумани Адлия бўлимига мурожаат қилган. Адлия бўлими эса фермер хўжалик манфаатини кўзлаб, Хатирчи туман маъмурий судига шикоят аризаси киритиб, туман ҳокимининг 2020 йил 4 мартдаги Қ-424-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

2020 йилнинг 10 сентябр куни Хатирчи туман маъмурий суди ишни кўриб чиқиб, адлия бўлимининг аризасини қаноатлантиришни рад этган. Фермер юқори судга апелляция шикояти киритган.  

Бироқ, суд мажлиси белгиланган санага етмай туриб, фермернинг жасади туманнинг Полвонота маҳалласи ҳудудидан ўтган ариқдан топилган. Суд-тиббий экспертиза фермернинг ўлими юрак нафас йўлларининг сув билан беркилиши туфайли механик асфикциядан келиб чиққанлиги ҳақида хулоса берган. Аммо марҳумнинг қариндошлари ушбу ўлимни шубҳали деб ҳисоблашди.

Фермернинг ўлимидан сўнг, 2020 йилнинг 9 декабр куни Хатирчи туман Адлия бўлимининг шикоят аризаси асосида Кармана туман маъмурий суди томонидан иш қайта кўрилган ва туман ҳокимининг фермер хўжалик ерини захирага қайтариш ҳақидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган. 

Шунингдек, М.М.нинг акаси Ҳамро Мустафоевнинг маълум қилишича, яқинда марҳумнинг қабри очилиб (эксгумация), қайта суд-тиббий экспертизаси ўтказилган.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 31 март куни ҳолат юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш лозимлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади вилоят прокуратураси расмий баёнотида.


AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page