...

...

AGROBLOGER

Андижон вилоятида ҳар бир шаҳар ва туманнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда иш ташкил этилмоқда.

Бунда ҳудудларнинг жойлашуви, иқлими, сувлашганлик даражаси ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган. Натижада Қўрғонтепа тумани картошка етиштиришга ихтисослашган бўлса, Улуғнор туманида балиқчиликни ривожлантириш мақсадга мувофиқ, деб топилган. Асака тумани эса ўзининг жойлашуви жиҳатидан боғдорчиликка қулай маскан ҳисобланади. Хўжаобод туманида аграр соҳадан ташқари енгил саноатни ривожлантириш учун қулай муҳит мужассам. Агар бу каби имконият ва шароитлардан унумли фойдаланилса, нафақат, ҳудудлардаги ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланади, балки, қўшни туманлар аҳолисини ҳам даромад манбаига эга қилиш мумкин. Мисол учун, Хўжаобод туманида фаолият юритаётган енгил саноат корхоналарида Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Булоқбоши, Андижон каби туманларда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳам ўз меҳнат фаолиятини олиб бормоқдалар.

Ҳудудларнинг ихтисослашуви нафақат, вилоят иқтисодиётини ривожлантиришга балки, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда. Қўрғонтепа тумани картошкачилик соҳасини жадал шакллантириш эвазига вилоят эҳтиёжини таъминлаб, ортган маҳсулотни экспорт қилганлиги қувонарли, албатта. Бу каби истиқболли лойиҳалар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам амалга ошириляпти.

Булоқбоши тумани асосан саримсоқпиёз етиштиришга мослашган. Бу ерда шу турдаги маҳсулот етиштирувчилар жамияти ҳам ташкил этилганлиги бежиз эмас. Бироқ, туман мутасаддилари шу билан кифояланиб қолганлари йўқ. Ички имкониятларни ишга солиш эвазига янги шароитлар яратилишига эришилмоқда. Бунга бевосита маҳаллаларнинг ўзидаги ҳолат ҳисобга олиниб, аҳолининг узоқ йиллик тажрибаларига суянилмоқда. Натижада узумчиликни ривожлантиришнинг янги босқичига асос солинди.

— Туманимизда «Маҳаллабай» ишлаш тизими асосида иш ташкил этиш ҳисобига ўсиш нуқталари ишлаб чиқилди, — дейди туман ҳокими Ўткирбек Маъмуров. — Натижада узумчиликни ислоҳ қилиш учун янги лойиҳа яратилди. Унга биноан туман марказидаги 11 та маҳаллалардаги мавжуд кўчаларда истиқомат қилувчи аҳолининг томорқадан фойдаланиш ҳаракати таҳлил қилинди. Узумчиликда узоқ йиллик тажрибага эга бўлган маҳалладошларнинг ҳар бири ўзлари истиқомат қилаётган ҳовлиларда 2 тоннадан 10 тоннагача узум етиштирмоқдалар. Агар ҳар бир килограмм узумнинг нархини 4 минг сўмдан 5 минг сўмгача деб олсак, демак, аҳоли ишдан ажралмаган ҳолда ўртача 20-25 миллион сўм даромад топмоқда. Ушбу маҳаллаларда жами 323 гектар майдонда узум етиштирилиб, ўртача 4 минг тоннагача ҳосил олинаётганини инобатга олсак, бу катта кўрсаткич ва катта даромад. Агар етарли шароит яратиб берилса, бу кўрсаткичлар янада ортиши мумкин.

Дарҳақиқат, булоқбошиликлар узум етиштиришнинг ҳадисини олганлар. Буни оддий мисол орқали ифодалаш мумкин. Яъни, туман фермер хўжаликларида 112 гектар токзорлар мавжуд бўлиб, уларда йилига 2 минг тонна атрофида ҳосил йиғиб олинади. Кўриниб турибдики, аҳоли хонадонларида етиштирилган ҳосил миқдори фермер хўжалигида етиштирилган ҳосилга нисбатан икки баробарга кўп. Тан олиш керак, туманда ҳар бир қарич ер ҳисобли. Бўш жойнинг ўзи йўқ. Ҳатто уй соҳиблари ҳам хонадонларнинг кўча қисмида ток етиштирадилар. Шундай қалтис вазиятда узумчиликни ривожлантириш учун яна қандай асос бўлиши мумкин?

Туман мутасаддилари бу борада мавжуд экин еридаги токзорларни кенгайтирмаган ҳолда маҳаллалардаги ички кўчаларга сўртак қуриш орқали бунга эришиш мумкинлигини қайд этдилар. Шу орқали туманда узумчилик ривож топиб, аҳоли даромади ҳам ортиши кўзда тутилди. Бу ўз-ўзидан юзага келган ғоя эмас. Лойиҳани амалга ошириш учун ўтган йили тажриба сифатида айрим кўчаларга қўшимча сўртаклар қуриб берилди. Масалан, «Уч кўча» МФЙнинг «Фароғат» кўчасида истиқомат қилувчи 21 та хонадонга «Микрокредитбанк»нинг туман филиали томонидан 138 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди. Натижа ўтган йили ҳар бир оила қўшимча равишда 4-5 тонна кўп ҳосил йиғди. Даромад эса ўртача 10-15 миллион сўмни ташкил этди.

Синовдан муваффақиятли ўтган тажриба бу йил 40 та кўчадаги 1000 та хонадонларда татбиқ этила бошланди. Бунинг учун банклардан 7 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилди. Натижада 5 минг тонна узум етиштирилиб, қўшимча 10 млрд. сўм даромад олиниши кўзда тутилган. Бунинг эвазига туманда узум етиштириш миқдори 1,5 баробарга ортади. Энг муҳими, экин майдонидан ташқари яна икки юз гектар ерда токзор вужудга келди. Яратилган бу имконият энг аввало, аҳолини мамнун этмоқда.

— «Ойбулоқ» кўчамизда 881 метр масофада қўшимча сўртаклар қуриш ишлари олиб борилмоқда, — дейди Мирзакалон Исмоилий номли МФЙ раиси Раҳимжон Алиқулов. –Эндиликда 76 та хонадонда токзорлар ҳажми ортди. Шу пайтгача ҳар бир оила узумчиликнинг ўзидан ўртача 6-7 млн. сўм даромад олаётган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 10 млн. сўмдан ортишини режалаштирмоқдамиз.

Козимжон Мусаев шу кўчада истиқомат қилади. Ҳовлисидаги токзорнинг ўзи 6 сотихдан иборат. Ишдан ажралмаган ҳолда йилига 6-7 млн. сўм даромад топмоқда. Кўчасида барпо этилган сўртак унга қўшимча 4-5 млн. сўм соф фойда олиб келишидан умидвор.

Туманда узумчиликни ривожлантириш шу тахлитда давом этиши билангина кифояланиб қолмоқчи эмаслар. Келгусида маҳаллаларда етиштирилган узумни шу жойнинг ўзида сотиш услубини жорий этишга киришилган. Эндиликда харидор маҳаллани ўзида улгуржи да савдо қилади. Қолаверса, иссиқхонада узум етиштириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳам даромадни кескин орттириш ва узумни узоқ муддат сақлаш имконини беради. Қолаверса, токзорлар остида лола гулини етиштириш тажрибадан ўтказиляпти. «Фаровон» кўчасида олиб борилган синов даврида аҳоли 1 сотих ерда парваришланган лоладан 6-7 миллион сўмгача даромад топдилар. Келинг, шу ўринда яна ҳисоб-китобларга назар солайлик.

Бугунги кунда 1 кг. лола пиёзининг нархи 50 минг сўм бўлиб, 1 сотих майдонда 20 кг. уруғни ундириб, парваришлаш имкони мавжуд. Энг муҳими, бунинг учун хонадонларда юзага келадиган маҳаллий ўғитдан фойдаланишнинг ўзи кифоя. Демак, ортиқча сарф-харажатга ҳожат қолмайди. Натижада бир йилда лола гулининг ўзидан 4-5 миллион сўм, уруғидан 6-7 миллион сўм даромад олиш мумкин. Ҳозирча, тумандаги 7 мингта хонадонда ушбу усулни қўллаш мумкин. Шунда қўшимча 70 млрд. сўм даромад манбаига эга бўлинади.

Бир сўз билан айтганда, туманда узумчиликни ривожлантириш учун катта ташаббус амалга ошириляпти. Синовдан ўтган бу лойиҳа бевосита аҳоли тажрибасидан келиб чиққанлиги эътиборли, албатта. Зеро, халқимизнинг ўзи истиқболли лойиҳалар ижодкоридир. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали кўзланган маррага, албатта, эришиш мумкин.


Саминжон ҲУСАНОВ, uza.uz

AGROBLOGER канали


Report Page