...

...

AGROBLOGER

Наманганда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши асосида шу йилнинг 24-31 май кунлари халқаро “Гуллар фестивали” бўлиб ўтади.

Қайд этиш жоиз, Ҳукуматнинг мазкур ҳужжатида, олтмишинчи бор ўтказиладиган навбатдаги анъанавий байрамни юқори савияда ва халқаро фестиваль талаблари даражасида ташкил этиш вазифаси белгилаб берилди.

Ушбу тантанали сана муносабати билан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов Ишчи гуруҳи иштирокида байрамнинг асосий тантаналари ўтказиладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлди.

Фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтадиган “Тинчлик” стелласи, гул савдоси ўтказиладиган “Адиблар” хиёбони, кўнгилочар дастурлар учун “Уч фаввора” майдони ва бошқа боғларни тайёрлаш, Бобур номидаги боғни эса тегишли рамзлар билан жиҳозлаш, фавворалар ва ёритгичларга алоҳида эътибор қаратиш масаласи муҳокама қилинди.

Юбилей байрамида иштирок этмаган наманганлик, гул экилмаган жой қолмайди. Барча шаҳар ва туманлар, соҳалар бўйича ташкилот ва муассасалар ўз ҳудудларини тайёрлашда алоҳида ёндашув билан ландшафт дизайннинг замонавий кўринишларини ишлаб чиқади. Фестиваль доирасида жами 10 миллион дона гул экилиши режалаштирилган.





Айни кезда халқаро “Гуллар фестивали”да қатнашувчилар гулли конструкциялар, нафосат олами элементларини тайёрлашга киришган. Нафақат юртимиз, балки дунёда ўхшаши бўлмаган гуллар автопаради байрамга ўзгача шукуҳ киритиши, Наманганнинг гулчилик салоҳиятини яна бир карра намоён этиши шубҳасиз. Боғнинг тунги дизайни ҳам янгидан кўриб чиқилади.

Халқаро фестиваль бўлиб ўтадиган жойларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келадиган иштирокчилар учун алоҳида ҳудудлар ажратилади. Шунингдек, қўшни мамлакатлардан маҳоратли гулчилар, экибана санъати усталари, ландшафт дизайнерлари, хорижий давлатлардан кўплаб туристлар таклиф этилган.

Гуллар байрамини кўтаринки руҳда ва юқори кайфиятда ўтказиш Наманган аҳлининг энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб тўёна ва ўзига хос туҳфаси бўлади.


Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page