...

...

AGROBLOGER

Фузариоз сўлиш касаллиги

Белгилари: Зарарланган ёш ниҳолларда уруғпалла эгилиб қолади ва тезда сарғаяди. Баъзан ниҳолларнинг чириши кузатилади. Мазкур холатда анча қари туқималар жигарранг тусга киради, ўсимлик сўлийди ва нобуд бўлади. Катта ёшли ўсимликларда кўпинча дастлаб битта шохи сўлийди. Сўнгра бутун ўсимликда сўлишнинг ривожланиб бориши ва пировард натижада унинг нобуд бўлиши кузатилади. Уруғпаллаости тирсакда поянинг халқаланиши ва ўсимликнинг ўсишдан тўхташи хам кузатилиши мумкин.

Фузариоз

Кураш чоралари: Чидамли навларни экиш тавсия этилади. Етиштиришни касаллик билан зарарланмаган майдонларда амалга ошириш лозим. Тупроқнинг pH мухитини 6,5 даражага келтириш ва нитрат азот бериш зарарланган далаларда касалликнинг ривожланишини тўхтатиши мумкин. Тупроқни буғ билан стерилловчи ускуналар билан замбуруғ спораларининг янги майдонларга тарқалишини бартараф этиш лозим.

Пероноспориоз / Сохта ун шудринги касаллиги

Белгилари: Зарарланган баргларда дастлаб ола-чипорлик, сўнгра эса оч сариқ доғлар пайдо бўлади. Мазкурдоғлар учбурчаксимон шаклга эга бўлади ва баргнинг майда томирлари билан чегараланади. Вақт ўтиб бу доғлар ёйилиб кетади ва зарарланган майдонларга айланади, уларнинг ранги сарғиш-жигаррангдан жигарранггача ўзгаради. Шундан сўнг тез орада баргнинг остки юзасида замбуруғнинг оқдан кулранггача бўлган юпқа тукли ғубори ҳосил бўлади. Намлик юқори бўлган даврларда мазкур ғубор кулранг ёки бинафшаранг тус олиши мумкин. Зарарланган барглар нобуд бўлади, аммо тик ҳолатда қолади, барг япроғининг четлари эса ичкарига қайрилади. Касаллик кучли авж олганда дефолиация (барча баргларнинг тўкилиши), ўсимликнинг ўсишдан тўхташи ва меваларнинг ривожланмай қолиши кузатилади.

Пероноспороз (Сохта ун шудринг)

Кураш чоралари: Имкон қадар чидамли навларни экиш тавсия этилади. Касалликка мойил навларга ўз вақтида фунгицид пуркаб туриш зарур.

Нематода касаллиги

Белгилари: Зарарланган ўсимликлар нимжон бўлиб қолади, уларда ўсишдан умумий тўхташ кузатилади. Баргларнинг ранги эса оч яшилдан сариққача бўлади. Бундай ўсимликларда сўлишга мойиллик кузатилади, чунки уларда сув ютиш жадаллиги пасайиб кетади. Гарчи нематода билан зарарланган ўсимликлар одатда нобуд бўлсада, баъзан улар ўсув даврининг оҳиригача қийинчилик билан яшаб қолиши мумкин. Касаллик ҳосилдорлик ва мева сифатининг кескин пасайишига олиб келади. Зарарланган ўсимлик илдизи билан суғуриб олинса илдизларда якка ёки гурух бўлиб жойлашган, нематодалар томонидан қўзғатилган тугунчасимон,

сўгалсимон шишларни кўриш мумкин. Илдизларнинг фитопатоген замбуруғлар ёки бакетриялар билан иккиламчи зарарланиши — одатий хол.

Нематода

Кураш чоралари: Тупроқни фумигация қилиш ёки стериллаш шиш ҳосил қилувчи нематодага қарши курашнинг самарали усули ҳисобланади. Ерни чуқур шудгорлаш, алмашлаб экишга риоя қилиш ва касаликка мойил бегона ўтларни йўқотиш каби агротехник тадбирлар касалликнинг зарарини камайтиришга имкон беради. Қовоқдошларни чидамли пайвандтагларга улаш, гарчи қиммат бўлсада, касалликка қарши курашнинг самарали усулларидан бири ҳисобланади.

Ун шудринги касаллиги

Белгилари: Касалликнинг биринчи белгилари пояда, банди ва баргларда хира сариқ доғлар кўринишида пайдо бўлади. Баргнинг устки ёки остки юзаси зарарланиши мумкин. Доғлар катталашади, замбуруғ спораларининг оқкукунсимон ғубори билан қопланади. Зарарланган барглар аста-секин сариқ, сўнгра жигарранг тус олади ва қоғозсимон бўлиб қолади.

Ун шудринг

Кураш чоралари: Чидамли навларни экиш тавсия этилади. Чидамли навлар мавжуд бўлмаганда ўсимликларга ўз вақтида фунгицид пуркаш жуда самарали усул ҳисобланади. Иссиқхоналарда етиштиришда ўсимликларнинг ғовлаб кетишига олиб келувчи агротехник тадбирларни истисно этиш яхши натижа беради. Бегона ўтларни йўқотиш ва санитар шароитларни яхшилашга қаратилган тадбирлар касалликнинг ривожланишини тўхтатиши мумкин.«


AGROBLOGER канали

А.Э.Шайхов


Report Page