...

...

AGROBLOGER

Маккажўхорининг дони, яшил массаси, силоси ва сўтаси, ёрмаси ажойиб озиқа бўлади. Ўсимликнинг 1 кг донида 1,34 озиқа бирлиги ва 78 г ҳазмланадиган протеин бор. Шунингдек ем тайёрлашда маккажўхори қимматли компонент ҳисобланади.

Ўзбекистонда маккажўхори суғориладиган ерларда бошоқли дон экинлари, сабзавот ва картошкадан кейин такрорий экин сифатида катта майдонларда экилади.

Маккажўхорини дон учун такрорий экишда суғорилиб, намлиги етарли бўлган тупроқларга уруғлар экилади. Анғизга маккажўхорини Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларида 1-20 июнда, Қашқадарё, Сурхондарёда 25 майдан 10 июнгача, Фарғона водийсида 5-20 июнда дон ва силос учун экиш мумкин. Бунда уруғлар қанчалик эрта экилса шунча юқори ҳосил беради.

Маккажўхори уруғлари экишдан олдин тозаланиб, калибровка қилинади, дориланади. Маккажўхорининг 1-синф уруғларининг унувчанлиги 96%, иккинчи синфники 92% дан кам бўлмаслиги лозим. Уруғлар Раксил 1,5 кг/т, Понактин (2 кг/т), Витовакс (2-3 кг/т) кабилар билан дориланади.

Ёзда ҳаво иссиқ бўлганлиги учун уруғлар экилгандан кейин 4-6 кунда униб чиқади. Маккажўхори қисқа кун ўсимлиги, шунинг учун анғизга экилган маккажўхори баҳорда экилганга нисбатан 10-15 кун эрта етилади.

Анғизга маккажўхори қатор оралари 70, 90 см ёки қўшқаторлаб экилади. Энг яхши экиш усули қаторлаб экишдир. Анғизга экиладиган маккажўхори дон учун 1 гектарга 25-40 кг, яшил масса учун 50-180 кг уруғ сарфланади.

Маккажўхорини парваришлаш ва суғориш меъёрлари

Такрорий экилган маккажўхори парваришида бегона ўтларга, касаллик ва зараркунандаларга қарши

курашиш, қатор ораларини ишлаш, озиқлантириш, суғориш каби агротехник тадбирлар амалга оширилади. Биринчи култивация маккажўхори 3-4 барг ҳосил қилганда, четки органлари 6-8, 10-12 см, ўртасидагиси (ғозпанжа) 16-18 см чуқурликка ўрнатилиб ўтказилади.

Култивация ҳар бир суғоришдан кейин тупроқ етилганда ўтказилади. Култивация пайтида ёки эгат олишда озиқлантиришлар ўтказилади. Кеч ўтказилган култивацияда кесаклар, эрта, тупроқ лой бўлганда ўтказилганда эса палахсалар ҳосил бўлади, ўсимлик илдизлари шикастланади, ўсиши ривожланиши сустлашади. Маккажўхори қатор ораларини ишлашни ўсимлик бўйи 120-130 см бўлгунча ўтказиш мумкин. Ўсув даврида 3-4 култивация ўтказилади.

Такрорий экишда ерни ҳайдаш олдидан 600-700 м3/га меъёрда суғориш ўтказилади. Ўсув давридаги суғоришлар сони ва меъёрлари сизот сувларининг жойлашишига, тупроқ механик таркибига ва бошқа омилларга боғлиқ ҳолда ўзгаради. Суғоришлар меъёри ўртача 500-600 м3/га. Биринчи суғориш майсалар униб чиққандан кейин 10-15 кун ўтгач ўтказилади. Кейинги суғоришлар ҳар 10-15 кунда ўтказилади. Суғоришлар сони 3-4 та. Сизот сувлар яқин жойлашган оғир тупроқларда суғориш меъёрлари катта, аммо сони кам, сизот сувлар узоқ жойлашган енгил тупроқларда эса аксинча бўлади.

Ўзбекистон шароитида баҳорда экилган маккажўхори дони 70-75% сўталар тўла етилганда ўриб бошланади. Бу даврда маккажўхори барги ва пояларнинг намлиги 63-65% бўлади.


AGROBLOGER канали

«Такрорий экинлар — Фаровонлик манбаи», Т.Э.Остонақулов, Н.Х.Халилов

agronet.uz

Report Page