...

...

AGROBLOGER

Тупроқ умумдорлиги қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ва сифатли ҳосил олиш имкониятини берадиган асосий омиллардан ҳисобланади. Уни оширишнинг самарали усулларидан бири тупроққа кўпроқ органик модда қолдирадиган такрорий ва оралиқ экинларни экишдир.

Сидерат ўғитларнинг тупроққа озиқа сифатида тўлиқ ҳайдаб ташланганида биринчидан, тупроқ учун биологик масса – чиринди ҳосил қилувчи ягона биоматериал, иккинчидан эрозия олдини олувчи ва тупроқдаги озиқа миқдорини оширувчи, ўсимликнинг ўсиб-ривожланишини таъминловчи органик ўғит вазифасини бажаради.

 Яшил ўғит сифатида кузги арпа, судан ўти ёки маккажўхорини “Суперсахарная” нави экилганда тупроқ унумдорлиги ортиб, бегона ўтлар назоратга нисбатан 31 фоизга камайган, картошка Burbank навининг Virticillium wilt, Virticillium dahliaе, ҳақиқий қўтир касалликлари билан зарарланиши кескин камайган ва ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши яхшиланиб, бир тупдаги туганаклар вазни 280 граммга ортгани кузатилган.

Республикамизнинг барча минтақаларида суғориладиган деҳқончилик шароитида тупроқ унумдорлигини оширишда, сабзавот картошка алмашлаб экишда кўп йиллик ва бир йиллик дуккакли экинлар: беда, горох, нўхат, кузги вика, люпин, кузги арпа, кузги жавдар, сули, райграсс, шабдар, берсим, кузги сурепка, рапс, мойли турп, хантал, перко, третикали кабилар тавсия этилади.

 Тадқиқотларда келтирилишича, мамлакатимиз шароитида яшил ўғитлар қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигига таъсири этиши бўйича гўнгдан устун ҳисобланади.

 Юқоридаги илмий манбалар таҳлилидан келиб чиқиб, Биз ҳам Сурхондарё вилояти шароитида ўтказган дала тажрибаларимизда сидератларнинг эртаги картошка экини ўсиб-ривожланиши, касалликлар билан касалланиши ҳамда ҳосилдорлигига таъсирини ўргандик.

Тадқиқотларимизда сидерат экинларнинг уруғи 18-22 июлда экилиб, 12-15 ноябрда майдалаб, ҳайдаб ташланди.

 Ҳайдашдан олдин сидератларнинг биомассаси аниқланди. Энг юқори биомасса ҳосилдорлиги (30,0 т/га) сидерат учун горох мойли турп билан аралаш экилганда қайд этилиб, нисбатан юқори ҳосилдорлик (29,6 т/га) мойли турп соф ҳолда экилганда олинди. Энг кам биомасса ҳосилдорлиги сидерат экин учун фақат горох экилганда кузатилди.

 Сидерация қўлланилган сўнг (картошка навларини ўсув даврида) тажриба пайкалининг ҳайдов ва ҳайдов остки қатламидан тупроқ намунаси олиниб, услуб асосида лабораторияда механик таркиби ва физикавий хоссаларига сидерациянинг таъсири ўрганилди.

Сидерат учун горох билан мойли турп ва горох соф ҳолда экилганда тупроқ ҳайдов қатламида 0,25 мм. ли макроагрегатлар улуши ортиб, сувга чидамли тупроқ заррачалари вужудга келди.

 Тупроқ таркибидаги озиқ моддалар миқдори гумуснинг ҳосил бўлиши ёки камайишига сезиларли таъсир кўрсатди. Тажрибамиз таҳлил натижаларига кўра, назорат-кузги шудгор вариантида гумус йилдан-йилга камайиб борганлиги кузатилди. Турли сидерат экинларни экиш гумус ҳосил бўлишига ижобий таъсир кўрсатди.

 Сидерация қўлланилганда энг юқори кўрсаткич горох мойли турп билан аралаш экилганда қайд этилиб, картошка навларининг дала унувчанлиги 99,3-99,8 ёки 1,8-3,0 фоизга кўп, униб чиқиши 5 кун олдин, шоналаш ва гуллаш даври давомийлиги 2-3 кун зиёд ҳамда ўсув даври 5-7 кунга узайиши қайд этилди.

 Ўрганилган картошка навларининг ҳосилдорлиги сидерат вариантларида назорат-кузги шудгор вариантига нисбатан 2,8-7,2 т/га ёки 13,7-42 % га юқори бўлди.

 Сидерат экин сифатида горох мойли турпни аралаш ҳолда экиб, қўлланилганда барча ўрганилган навларда энг юқори кўшимча ҳосилдорлик (5,5-7,2 т/га ёки 27,9-42 %) олинди.

 Нисбатан юқори кўшимча ҳосилдорлик (4,5-6,1 т/га ёки 21,8-35,6 %) барча синалган навларда горох соф ҳолда сидерация сифатида қўлланганда қайд этилди. Нисбатан паст қўшимча ҳосилдорлик (21,8-4,0 т/га ёки 14,7-21,8 %) мойли турп соф ҳолда қўлланган сидерат вариантида синалган картошка навларида кузатилди.

 Сидерат вариантларида барча синалган картошка навлари бўйича гектаридан умумий ҳосилнинг 18,9-24,5 тоннаси (ёки 92,7-97 %) ни товар ҳосил 11,6-17,2 тоннаси (ёки 61,3-70,1 %) ни уруғбоп ҳосил ташкил этди. Бу кўрсаткич назорат-кузги шудгор вариантида товар ҳосил – 15,4-18,7 тоннани, уруғбоп ҳосил эса 8,8-10,6 тоннани ташкил этди.

 Сидератларда синалган картошка тезпишар Қувонч – 16/56 м, Likariya ва ўртатезпишар Sante навларида ҳам юқоридаги қонуниятлар қайд этилди ва энг юқори товар (23,3-24,4 т/га ёки 95,2-97,0 %) ва уруғбоп (10,7-16,7 т/га ёки 67,0-68,5% ) ҳосил ва юқори кўпайиш коэффициенти (3,2-5,1 %) сидерат экин қилиб горох мойли турп билан аралаш ҳолда экилганда кузатилди.

 Ўрганилган картошка навлари бўйича сидерат вариантларида назорат кузги шудгорга нисбатан гектарида айниган туганаклар чиқими 27 фоизга камайганлиги аниқланди.

 Демак, сидерация кўлланиганда картошка навлари ва сидерат экин турини тўғри танлаш эртаги картошкада товар ҳосилдорликни 24-25 т/га, айнимаган, соғлом уруғбоп туганаклари чиқимини 15 тоннадан юқори бўлишига, кўпайиши коэффициентини 5 дан юқори бўлишини таъминлаши мумкин экан.


А.Ҳамраев, қ.х.ф.д.

@AGROBLOGER канали

Report Page