...

...

AGROBLOGER

Терак турли эрозияларнинг олдини олиш, экинларни иҳоталаб ҳимоялаш ва энг муҳими қурилишбоп материал тайёрлашда ўрни бениҳоя катта. Терак кўчатлари тупроқнинг механик таркиби, сизот сувининг чуқурлигига қараб 8-12 марта суғорилади. Қаламчалар кўкариб, бир метрга етгунга қадар қатор орасига 3-4 маротаба ишлов берилиб, ўғит солинади. Дастлабки 2 ойлик даврида ҳар 10-15 кунда суғорилиб турилиши керак.

Суғоришлар оралиғи июнь ва июль ойларида 15 кундан ошмаслиги керак. Вегетация даврида суғориш меъёри 800 м3/га бўлиб чуқур ва кенг ариқлар орқали суғорилади.  Суғориш тупроқни юмшатиш билан бирга олиб борилса янада самарали бўлади. Қатор орасидаги тупроқни юмшатиш, ер «пишган» ҳолда, одатда суғоришдан кейин иккинчи ёки тўртинчи куни ўтказилади. Биринчи йили кўчат қатор орасини 4 марта юмшатиш етарли. Шох-шаббалари туташа бошлаши билан тупроқни юмшатиш сони қисқартирилади.

Озиқаси суғоришдан олдин ўсимликларнинг қаторлари бўйлаб, ариқлар тубига 4-6 см чуқурликка солинади. Плантация­нинг иккинчи йилида минерал ўғитлар озиқлантириш шаклида берилади. Иккинчи йилдан бошлаб танасидаги пастки ён шохлар кесиб ташланади. Зараркунанда ва касалликлар пайдо бўлса, бартараф этиш чоралари кўрилади. Бунинг учун энг аввало зараркунанда ва касалликнинг тури аниқланади ва амалиётда қўлланиб килинаётган кураш чоралари амалга оширилади.

Теракни қалин қилиб ўстириш усули асосан томорқа участкалари, шунингдек, кўп қаватли уйларнинг атрофларида қўлланилади. Бундай теракзорларнинг агротехника тадбирлари қўл кучи ёрдамида амалга оширилади.

Биринчи йили тупроқни ўз вақтида юмшатиш катта аҳамият касб этади. Шунга кўра, қатор оралари культиватор билан 4 мартагача юмшатилади ва камида 2 марта ўсимлик оралиқлари чопиб чиқилади. Ўсиш даври охирларида ўсимликнинг тури ва навига қараб, асосий танаси узунлиги 100—200, йўғонлиги 3—4 см. га етади. Шу билан бир қаторда, асосий тана бўйлаб ён новдалар ҳам ўса бошлайди.

Иккинчи йилнинг кузига бориб, теракнинг бўйи 4 м ва ҳатто ундан ҳам ошади. Танасининг йўғонлиги эса 3,5—4 см. ни ташкил этади. Ана шу даврда ўсимликнинг шох-шаббаси шаклланиб, қатор ораларини қоплаб олади.

Учинчи йили эрта баҳорда теракларга шакл бериш ишлари амалга оширилади. Дарахтнинг қийшиқ ва шикастланган шохлари олиб ташланади, танасининг ер бетидан 1,5-2 м. гача бўлган ён новдалари ҳам кесилади.

Теракзорлар бешинчи йили кузга бориб, дарахтларни сийраклатиб кесиш бошланади. Бунда теракзордаги дарахтларнинг 50 фоизи қаторда бир тупдан оралатиб қирқилади. Теракзорлар 10 ёшга етганда биринчи кесишда қолдирилган теракларнинг ярми, 20 йил бўлганда эса ҳамма терак қирқилади. Терак етиштириш ва улардан фойдаланишнинг шу тартиби гектар бошига 1000 м3 гача хилма-хил ёғоч материаллари олиш имконини беради.


AGROBLOGER канали

agro.uz

agronet.uz


Report Page