...

...

AGROBLOGER

Уй шароитида тувакда етиштириш учун мандариннинг дурагай (гибрид) данакларини танлаш мақсадга мувофиқ. Улар тезроқ униб чиқади, вақтли гуллайди ва ширин мева беради. Танланадиган данакчалар юпқа, синган ёки учи қорайган бўлиши керак эмас. Бир тувакда етиштириш учун камида 5 мандарин уруғи экилиши лозим. Чунки экилган уруғларнинг барчаси ҳам униб чиқмайди.

Мандарин ўстириш учун солинадиган тупроқ шўр бўлмаслиги лозим, чунки у шўрни ёқтирмайди. Субстратни тайёрини дўконлардан олиш мумкин, бунда тупроқнинг ёрлиғида pH=6,5 -7 (нейтрал тупроқ) боридан танлаш керак. Ёки мустақил равишда 200 гр. яхши чириган чиринди, 200 гр. дарахт баргларидан ҳосил бўлган чиринди ва 100 гр. дарё қумидан қўшиб субстрат тайёрлаш мумкин.

Цитрус меваларни етиштиришда ягона қоида мавжуд — қанчалик тез уруғ ерга қадалса шунчалик тез униб чиқади. Шунинг учун мандарин данакчаларини қуритиб ўтирмай, олган заҳоти тупроққа 4 см чуқурликка экиб қўйиш керак. Агар мандарин данакчаларини бирор сабаб туфайли вақтида экилмай қолса, уларни тупроққа ўтқазиш олдидан сувда 2-3 кун ивитиш зарур.

Экилган данаклар униб чиқиши учун бир ойга яқин вақт талаб этилади. Данакчалар ўниб чиққунга қадар тупроқнинг намлиги ва ҳаво ҳароратини назорат қилиб туриш керак. Бунда мандарин ўстириладиган хона ҳарорати +20°C тушиб кетмаслиги, +25°C дан ошиб кетмаслигини таъминлаш зарур.

Уй шароитида мандарин кўчатларини парваришлаш уларнинг ёшига қараб фарқ қилади. Агар мандарин кўчати 5 ёшгача бўлса, бундай кўчатларни мунтазам суғориб турилади. Баҳор ойларида кўчатларни шамолдан пана жойга тоза ҳавога чиқариб туриш керак.

Агар мандарин гуллашни бошлаган бўлса, унда доимий парваришдан ташқари қишқи уйқу даври ҳам берилади. Бу даврда ҳароратни +10..12°C даражада ушлаб турилади ва камроқ суғорилади. Баҳор фасли бошланиши билан ҳаво ҳарорати кўтарилиб +16..18°C даражага етганда кўчатлар гул чиқара бошлайди.

Данакларидан ўстирилган мандарин кўчатлари 5-6 ёшлигидан мева бера бошлайди. Мевалари таъми, ҳиди данакчалари олинган дарахт меваларидан фарқ қилиши аниқ. Бу дегани янги дарахтчалари мевалари ширинроқ ва ҳўшбўйроқ бўлади.


AGROBLOGER канали

agronet.uz

Report Page