...

...

AGROBLOGER

Чилонжийда уруғидан, илдиз бачкиларидан, илдиз қаламчаларидан ва бўлинган кўчатлари орқали кўпайтирилади. Чилонжийданинг йирик мевали навлари асосан вегетатив усулда кўпайтирилади, чунки улар нормал ривожланган уруғга эга бўлмайдилар. Чилонжийданинг майда мевали ёввойи турларининг уруғларини униши энг юқори бўлиши кузатилган. Майда мевали ёввойи турларнинг ниҳоллари маданий навлар учун яхши пайвандтаг ҳисобланадилар.

Чилонжийда уруғларини экишнинг энг мақбул муддати — ноябр ойи деб ҳисоблайди. Баҳорда чилонжийда уруғларини экиш учун уларни иссиқ стратификация (30 кун) қилиниши зарур, уруғлар нам яхши тупроққа 2-4 см чуқурликда экилади. Уруғлар 9-25 кундан сўнг униб чиқади. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг уларни бегона ўтлардан тозалаб туриш лозим, акс ҳолда улар ниҳолларни тўсиб қўйиб, ўсишини қийинлаштиради. Иккинчи-учинчи ҳақиқий барглар пайдо бўлиши билан улар сийраклаштирилади. Сийраклаштиришда суғуриб олинган ниҳоллар бошқа қаторларга экилади.

Чилонжийда уруғи соғлом дарахтда етилган мевалардан тайёрланади. Чилонжийда пашшаси билан зарарланган мевалардан терилган уруғларнинг униш даражаси паст бўлади. Сабаби улардан сифатсиз уруғлар шаклланади.

Мева пўстлоғи қизаргач, лекин ичи кўк, бармоқ билан босилганда мева эти эзилмайдиган пайтида уруғлар тўлиқ физиологик пишиб етилган хисобланади. Бармоқ билан босилганда мева эти эзилса, бундай мевалардан тайёрланган уруғлар экиш учун яроқсиз хисобланади.

Майда мевали чилонжийданинг 6-7 кг меваларидан 1 кг уруғ чиқади. 1 кг уруғларда 3,5-4,5 минг дона уруғ бўлади, уларнинг униш қобилияти 80-95 % ни ташкил этади. 1 гектар кўчатзорга 80-150 кг уруғ-данаклар зарур бўлади.

Ажратиб олинган уруғлар қуруқ, соя, яхши шамоллатиб туриладиган жойларда қуритилади ва стратификация қилингунга қадар қуруқ ҳолатда сақланади. Хона яхши вентиляцияга эга бўлиши керак. Қуруқ мевалардан данагини осон ажратиб олиш учун, уларни 1,5-2 кун оддий сувда ивитилади. Сув 1-2 кун давомида алмаштириб турилади. 2-3 кундан сўнг сув бутунлай тўкиб юборилади ва қолган мевалар яна 2-3 кун бочкада қолдирилади.

Сўнгра ивитилган мевалар ғалвирдан ўтказилиб уруғлари ажратилади. Уруғлар сувда ювилади, қуритилади ва стратификация қилинади. Агар уруғлар қуруқ ҳолатда бўлса, улар стратификация қилинишдан аввал 2-3 кун сувда ивитилади. Cтратификация ноябр охири-декабрда, лекин экишгача камида 1,5-2 ой қолганда ўтказилиши керак.

Стратификация йирик донадор дарё қуми билан 1:3 нисбатда (1 қисм уруғ 3 қисм қум) ўтказилади. Кичик партиядаги уруғлар ёғоч яшикларда стратификация қилинади. Қум органик қўшимча бирикмалардан холи бўлиши керак, акс ҳолда қумда моғор замбуруғлари ривожланиши мумкин.

Чилонжийда уруғлари униши учун юқори ҳарорат зарур. Шунинг учун улар қуми билан биргаликда 15-20 кун экишга қадар +20+25°C ҳароратда сақланади. Чилон уруғлари баҳорда (март охири-апрел бошлари) яхшилаб ишлов берилган ва қизиган тупроққа 20-30% унган уруғлар экилади.

Ер майдони тайёрланган бўлса уруғларни кузда экса ҳам бўлади. Чилонжийда уруғлари юқори агротехник фонда парваришланиши керак, уруғлар бир қатор қилиб, чуқурлиги 3-4 см қилиб экилади.

Тупроқда намни сақлаш ва қатқалоқ бўлишини олдини олиш мақсадида уруғ экилган қатор опилка билан мулчаланади. Баҳорда чилонжийда уруғларини экиш учун уларни иссиқ стратификация (30 кун) қилиниши зарур. Сўнгра уруғлар нам яхши тупроққа 2-4 см чуқурликда экилади. Уруғлар 9-25 кундан сўнг униб чиқади. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг бегона ўтлардан тозалаб турилади, акс ҳолда улар ниҳолларни тўсиб, ўсишини қийинлаштиради.

Чилонжийда ниҳоллари дастлабки даврда нимжон бўлиб секин ўсади. Иккинчи-учинчи ҳақиқий барглар пайдо бўлиши билан улар сийраклаштирилади. 20-25 см оралиқда 1 тадан ниҳол қолдирилади. Сийраклаштиришда суғуриб олинган ниҳоллар бошқа қаторларга экилади. Вегетация даврида ниҳоллар 12-13 маротаба суғорилади.


AGROBLOGER канали

 «Чилонжийда — истиқболли шифобахш ўсимлик», Э.Т.Ахмедов, Э.Т.Бердиев

agronet.uz

Report Page