...

...

AGROBLOGER

Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари қабул қилинади

Президентнинг “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ергеодезкадастр, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан фойдаланилмаётган ер майдонларини ўзлаштириш ва уларни аҳолига имтиёзли лизинг шартлари асосида мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Белгиланишича:

а) фойдаланилмаётган ва ер ости сувлари мавжуд бўлган ер майдонлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан фойдаланишга киритилади ва аҳолига имтиёзли лизинг шартлари асосида берилади;

мазкур ер майдонлари мева, сабзавот, картошка ва полиз экинларини экиш, иссиқхоналар барпо этиш, сув тежовчи технологияларни қўллаш шарти билан ажратилади;

фойдаланилмаётган ва ер ости сувлари захираси мавжуд бўлган ер майдонларини ўзлаштириш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Узум етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига биринчи босқичда 300 млрд сўм ажратилади;

б) жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзлаштирилган ер майдонларида мева, сабзавот, картошка ва полиз экинларини экиш, иссиқхоналар барпо этиш қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:

тижорат банкларининг оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари, шу жумладан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратадиган кредитлари, халқаро молия институтлари, ташаббускорларнинг ўз маблағлари, хорижий инвестициялар;

Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Узум етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

в) ўзлаштирилган ер майдонларида мева, сабзавот, картошка ва полиз экинларини экиш, иссиқхоналар барпо этиш учун аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, йиллик фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида имтиёзли лизингга берилади;

г) янги ўзлаштирилган ер майдонларига бўлган ижара ҳуқуқи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчиликни ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан аниқ озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан 5-10 йилга сотилади. Бунда ижара ҳуқуқини сотишдан тушган маблағлар янги ер майдонларининг фойдаланишга киритиш учун сарфланади;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Узумчиликни ривожлантириш агентлигига фойдаланилмаётган ҳамда ер ости сувлари мавжуд бўлган ер майдонларининг ажратилишига шахсан масъул ҳисобланади.

Қайд этилишича, ўзлаштирилган ер майдонларида мева, сабзавот, картошка ва полиз экинларини экиш, иссиқхоналар барпо этганларга президентнинг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4549-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда асосий майдонга экинларни 1 майга қадар тўлиқ экиш бўйича кунлик графикларни тасдиқлаб, ҳар бир кластер ва фермер кесимида кунлик мониторинг юритиш тизимини йўлга қўяди;

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда жорий йилда келтирилган ҳудудларда қудуқ қазиб, фойдаланишга киритиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 2020 йилда ажратилиши режалаштирилган 30 трлн сўмлик револьвер кредитларнинг 2 трлн сўми мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи корхоналарга ажратиш учун йўналтирилади;

экспорт шартномаси бўйича келгусидаги тушум таъминоти асосида шахсий томорқа эгалари ва хўжалик субъектларидан мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун бўнак ажратиш мақсадларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчилар ҳамда экспортёрларга қисқа муддатли кредитлар ажратилади. Бунда кредитлар, яхши кредит тарихига эга, камида 2 йил давомида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти фаолияти билан шуғулланган, ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлмаган қайта ишловчилар ва экспортёрларга ажратилади;

енгил саноат маҳсулотларини экспорт қилишда темир йўл хизматлари тарифлари 2020 йилнинг 1 июлига қадар 50 фоизга камайтирилади;

2020 йилнинг 1 декабрига қадар минерал ўғитлар импортига барча чекловлар бекор қилинади;

2020 йилнинг 20 апрелидан бошлаб қишлоқ хўжалиги кооперацияларида иштирок этадиган ҳар бир оила парранда боққан даври (40 кун) учун, Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча 500 минг сўмдан рағбатлантирилади;

Жамоат ишлари жамғармаси томонидан пилла етиштиришнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи мавсумларида белгиланган ҳосилни олган хонадонларга ҳар бир қути ипак қурти учун тўланаётган 1,2 миллион сўмга қўшимча 700 минг сўмдан маблағ ажратилади. Бунда, Жамоат ишлари жамғармасига маблағлар Инқирозга қарши курашиш дастури доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан ажратилади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси:

а) “Ўзбекчорванасл” агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда сув тежайдиган технологияларни жорий қилган ҳолда 38 минг гектар лалми ва яйлов ерларни тўлиқ ўзлаштириб, озуқа ишлаб чиқаришни йўлга қўяди;

“Ўзбекчорванасл” агентлиги, тижорат банклари билан биргаликда жорий йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида чорвачилик йўналишида 74 та оилавий кооперация фаолиятини тўлиқ йўлга қўяди;

жорий йил якунига қадар ҳар бир вилоятда камида 6 минг бош наслли қорамол тайёрлаш ва сотишга мўлжалланган махсус хўжаликлар ташкил этилишини таъминлайди;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, тижорат банклари билан биргаликда:

2020 йилда балиқчиликда интенсив усулни кенг жорий қилган ҳолда, балиқ ишлаб чиқариш ҳажмини 350 минг тоннага етказишнинг прогноз кўрсаткичларини тасдиқлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, тижорат банклари билан биргаликда ҳар бир ҳудудда битта туманнинг балиқчиликка ихтисослашган намунали туманга айлантирилишини таъминлайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда пилла етиштириш ишларини мувофиқлаштириш ва назоратини амалга ошириш учун малакали мутахассисларни аниқлаб, Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан молиялаштириш асосида 20 минг нафар фуқароларни ишга ёллаш чораларини кўради.

Давлат солиқ қўмитаси сунъий ҳавзалардан фойдаланиш самарадорлигига қараб ер солиғининг табақалашган ставкаларини жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда жорий йил якунига қадар ўрмон хўжаликларида 16,5 мингта, жумладан, Тошкент вилоятида 3 мингта, Қашқадарёда 2,5 мингта, Бухорода 2 мингта, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида 1,8 мингта янги асалари уяларини ташкил қилиб, асал ишлаб чиқаришни кўпайтириш чораларини кўради.

“Ўзчармсаноат” уюшмаси Микрокредитбанк билан биргаликда қуёнчиликни ривожлантириш бўйича белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда қуёнлар бош сонини 2 баробарга кўпайтириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда “бир хонадонга – бир қути ипак қурти” тамойили асосида ипак қурти уруғи тарқатилишини ташкил этади;

аниқ ҳисоб-китоблар асосида 2020 йилда 400 минг қути ипак қурти уруғи боқиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда томорқа майдонлари четларида тутлар экилишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни белгилайди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги (Бекенов) “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги корхоналарнинг ипак қурти боқиш иншоотларини “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги ташкилотларга тўловларни йигирма йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан баланс (қолдиқ) қийматда инвестиция киритиш шарти билан сотиш чораларини кўради.

Марказий банк “Алоқа банк” АТБ, Асаларичилар уюшмаси билан биргаликда асал ишлаб чиқаришни 5 баробарга ошириш ва ҳар бир ҳудуддаги биттадан туманда асаларичилик кластерини ташкил қилиш, 300 тадан 500 тагача аҳоли хонадонларига 20 тадан асалари уяларини тарқатишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритади.

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Молия вазирлиги:

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фойдаланилмаётган ва ер ости сувлари мавжуд бўлган ер майдонларини ўзлаштириш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига биринчи босқичда 150 миллиард сўмдан жами 300 миллиард сўм ажратилишини таъминлайди;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ўзлаштирилган ернинг ижара ҳуқуқини аниқ озиқ-овқат турини етиштириш шарти билан 10 йилгача сотиш ва тушган маблағларни янги ерларни ўзлаштиришга ишлатиш тартибини ишлаб чиқади;

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таклифлари асосида камбағалликни қисқартириш бўйича ишлаб чиқилаётган давлат дастури лойиҳасига жун, пахта ва ипак хомашёсидан гилам ишлаб чиқариш йўналишини алоҳида компонент сифатида киритади;

Давлат бюджетидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига қўшимча 50 миллиард сўм ажратади;

тижорат банклари билан биргаликда мева-сабзавотчилик кластерларига айланма маблағ учун зарур бўлган 258 миллиард сўм кредитни ажратиш чораларини кўради.

Бош вазир ўринбосари С.Умурзоқов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда пандемия шароитида маҳсулотларни юклаш, чегарадан ўтказишга кўмаклашувчи доимий штаб ташкил этади;

Жорий йилнинг май ойига қадар Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокидаги “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш” лойиҳасининг 200 миллион АҚШ долларини ҳамда июнгача Жаҳон банкининг 500 миллион АҚШ доллар кредит линияларини жалб қилиш чораларини кўради;

ушбу маблағлар ҳал қилингунига қадар Тараққиёт ва тикланиш жамғармасидан зарур бўлган маблағларни ажратиш юзасидан таклиф киритади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотларига харидор топиш, уларни экспорт қилишларини вилоятлар, туманлар, экспорт қилувчилар кесимида аниқ ҳисоб-китоб қилиш ишларини тизимли равишда ташкил этади;

мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчиларга автотранспорт воситалари юк ташиш харажатларининг 50 фоизини Экспортга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қоплаб беради.

Бош вазир ўринбосари Ў.Барноев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

ихтисослашган 55 та туманга бириктирилган вазирликлар ва идоралар раҳбарлари билан бирга кредит, уруғлик, ўғит, сув, транспорт, экспорт билан боғлиқ масалаларни оператив ҳал этади;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, Божхона қўмитаси, Транспорт вазирлиги билан биргаликда асосий, боғ ва токзорлар қатор ораларига ҳамда такрорий майдонларга талаб қилинган уруғликларни олиб келиш ҳамда жойларга етказиш чораларини кўради;

ҳар бир маҳаллада ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси бўйича кўчма дўконларни ташкил қилади;

“Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманда ўзининг махсус ўғит дўконларини ташкил этади ва минерал ўғитларнинг тўғридан-тўғри савдосини йўлга қўяди;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда келтирилган туманлар кесимида 124 минг гектар фойдаланишдан чиққан ҳамда ер ости сувлардан фойдаланган ҳолда 155 минг гектар ерларни тўлиқ ўзлаштирилиши чораларини кўради.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси билан биргаликда дала атрофидаги 95 миллион туп якка қатор тутлар жойлашувидан келиб чиқиб, фермер хўжаликлари, пахта ва ғалла кластерларини пилла боқишга жалб этиш тақсимотини тасдиқлайди.

Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси (Арипов):

Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда карантин даврида барча қоидаларга риоя қилган ҳолда туманлар, шаҳарлар ва вилоятлар орасида қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлган автотранспорт, фермерлар ва ишчиларни эркин ҳаракатланишини таъминлаш чораларини кўради;

пандемия шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортини амалга оширишга кўмаклашади.

Олий Мажлис Сенатига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар халқ депутатлар кенгашлари билан биргаликда қарорда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимларининг ҳисоботларини маҳаллий кенгашларда эшитиш ва тегишли баҳо бериб бориш тавсия этилади.


kun.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page