...

...

AGROBLOGER

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида «Агросервис оператор» давлат унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжат президентнинг 2020 йил 11 августдаги «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинди.

Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида «Агросервис оператор» давлат унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар «Агросервис оператор» ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • боғдорчилик ва узумчилик хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёрлаш ва сақлаш инфратузилмасини барқарор ривожлантиришни таъминлашга қаратилган мақсадли комплекс дастурлар амалга ошириш;
  • боғдорчилик ва узумчилик хўжалигида илмий ютуқлар, илғор илмий ишланмалар ва интенсив агротехнологияларни кенг жорий этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;
  • рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, тайёрлаш ва сақлаш, шунингдек мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш ва бошқалар.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бир ой муддатда қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:

  • «Агросервис оператор» ДУК уставини тасдиқлаш ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш;
  • «Агросервис оператор» ДУК моддий-техник базасини яратиш, шу жумладан уни жойлаштириш ҳамда юқори малакали кадрлар билан жамлаш чораларини кўриш.

Қуйидагилар «Агросервис оператор» ДУК фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
  • хўжалик фаолиятидан ва шартномалар асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
  • боғ ва токзорларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига реализация қилишдан тушган маблағлар;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига «Агросервис оператор» ДУК томонидан янги боғ ва токзорлар барпо этишга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган очиқ ер майдонлари, захирада турган ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз ҳамда иқтисодий жиҳатдан самарасиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган ер майдонлари ажратилишини таъминлаш топширилди.


AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page