...

...

FERMER.UZ

Fўза ниҳоллари барг орқали минерал ўғитли суспензия билан қўшимча озиқлантирилcа жадал ривожланиб, зараркунандаларга чидамлилиги ошади. 

   Ўсимлик ширалари ғўза баргларининг ширасини сўради. Бунинг оқибатида поя ва илдиздаги захира углеводлар миқдори кескин камайиб кетади. Қаттиқ зарарланган баргларнинг шакли ўзгаради ва буралиб қолади. Зарарланган ўсимликларда ҳосил 15–20 фоизгача камайиши мумкин.  

   Тамаки трипси ғўзадан ташқари тамаки, пиёз, карам, кўкат ва гулларга кучли шикаст етказади. У ғўза ниҳолларининг барг ва ўсув нуқталарига жойлашиб олиб санчиб сўриб шикастлайди. Трипс зараридан ўртача ҳар гектардан 4–6 ц ҳосил бой берилиши мумкин. 

  Ўргимчаккананинг биринчи авлоди бегона ўтларда, айниқса қўйпечакда ривожланади. Ўргимчаккана одатда шамол ёрдамида, ўргимчак иплари воситасида, шунингдек иш қуроллари орқали тарқалади. Йўл ёқаларидаги экинлар канадан энг кўп шикастланади, чунки йўл чанги ўргимчак ипларига ўрнашиб, уларни табиий кушандалардан ҳимоя қилади, бунда зараркунандага акарицидлар ҳам яхши таъсир этмайди. 

  Ўргимчаккана май ойида 15–20 кунда 1 авлод бериб ривожланади. Йил мобайнида об-ҳаво шароити ҳамда ғўзанинг турига қараб 12 тадан 20 тагача авлод беради. Ўргимчаккана учун ҳарорат 26–33°С, ҳавонинг нисбий намлиги 55–60% бўлиши энг мўътадил шароит ҳисобланади. Ўргимчаккананинг зарарлилиги унинг ғўзага тушиш муддати ва ўсимликларда қанча туришига боғлиқ. 

   Май-июнь ойида зарарланган ғўзалар (ҳимоя чоралари кўрилмаганда) ҳосилнинг 50–60 фоизини йўқотади. Май ойининг иккинчи ярмидан бошлаб ғўза майдонлари ва унинг атрофларидаги бегона ўтларда ўргимчаккана авж олиб кўпая бошлайди. 

   Бу хавфли зараркунанданинг кўпайиб кетишини олдини олиш мақсадида ғўза майдонлари ва уватларга гектарига 500 тадан 1500 тагача олтинкўз тухумларини профилактика мақсадларида чиқариш лозим. Бунда олтинкўзлар табиатда кўпайиб, ўргимчаккана билан бирга трипс, ширалар ва бошқа зараркунандаларга ҳам доимий қирон келтириб туради. 

  Трипс ва ширалар кўпайиб кетган далаларда кимёвий препаратлар билан ишлов беришни ўз вақтида ўтказиш зарур. Бунда препаратлардан гектарига Камелот (0,15 кг), Би-58 (1,5–2 л), Дельтафос ёки Примаголд (1 л), Багира-Н ёки Далприд (0,15–0,2 л), Энджео (0,15–0,2 л), Карбофос ёки Фуфанон (0,6 л), Циперфос, 55% эм.к. (1 л) пуркаш яхши натижа беради. Ўргимчаккананинг дастлабки кўпа¬йиш даврларида гектарига Ниссоран ёки Тетрасан (0,1 кг), Хексорун (0,2 л), Ортус (0,75 л), Зум (0,25 л) препаратларини ишлатиш мақсадга мувофиқ. 

  Зараркунанда ўта кўпайиб кетганда эса Вертимек (Абалон, Акаринсект, Даламектин, Пилармектин) 0,3–0,4, Неорон 1–1,2, Омайт ёки Узмайт 1,5, Политрин-К 1 л/га меъёрда ишлов ўтказиш тавсия этилади. Май-июннинг бошида тут новдалари кесиб олингандан кейин сўрувчи зараркунандалар (ўргимчаккана, шира, трипс) ҳамда тут парвонаси тарқалган ерларда ичдан таъсир қилиш қобилиятига эга БИ-58 ёки Данадим, Рогор (1,5–2 л/га), Циперфос ёки Нурелл-Д (1 л/га), Каратэ (0,5 л/га) препаратларини қўллаш мақсадга мувофиқ. 

   Олдинги йилларда ўргимчаккана кучли тарқалган дала атрофларига Вертимек ёки Абалон (0,4 л/га) ёки Омайт (1,5 л/га) билан ишлов берган маъқул. Аҳоли яшайдиган қишлоқларга яқин жойлашган дала атрофларига Ниссоран (0,2 л/га), Багира (0,2–0,3 л/га) ёки Моспилан (0,2 кг/га) препаратларини аралаштириб ишлатган маъқул. Бу ишловни олтингугуртли дорилар билан (кукунини чангитиш ёки олтингугурт-оҳак қайнатмасини – ООҚ (ИСО) пуркаш) алмаштириш яхши самара бермайди. 

   Ҳар гектарга 20–30 кг олтингугурт кукуни чангланганида биологик самарадорлик етарлича бўлмагани сабабли, уни фақат ўргимчаккана тушган уялардаги ўсимликларнинг ҳар бирига 2–4 граммдан сарфлаб барг остига қўлда ишлов бериш лозим. Инсектицид-акарицидлардан энг юқори самара олиб, зараркунанда популяцияларида бардошлилик вужудга келишининг олдини олиш мақсадида, дориларни қуйидаги тизимда алмаштириб ишлатиш тавсия этилади. 

   1. Одатда май-июнь ойларида ғўза ниҳолларида ўсимлик ширалари ва трипс, кейинчалик эса оққанот ва ўргимчаккана пайдо бўлади. Шунинг учун биринчи ишловда биронта комплекс таъсир этадиган инсектицид-акарицид ишлатилади: Циперфос (1,2 л/га), Ниссоран (0,2 л/га) + Багира (0,2 л/га), Омайт (1,2 л/га) + Конфидор (0,2 л/га). 

  2. Ўргимчакканага қарши иккинчи дорилашда акарицидлардан: Ниссоран, Зум, Ортус, Флумайт ёки Неорон, Вертимек, Омайт ва бошқа препаратлардан бири қўлланилади. 

  3. Кейинги ишловлар вазиятдан келиб чиққан ҳолда ғўза тунлами қийғос тухум қўйиб ёш қуртлари пайдо бўлган пайтларда комплекс таъсир этадиган дорилар билан ўтказилади. Шунингдек, илдиз кемирувчи тунламлар ривожланишини назоратга олиш мақсадида ҳар бир далага феромон тутқичларни ўрнатиб доимий кузатиш ишларини ўз вақтида олиб бориш зарур. 

   Бу йилги қиш совуқ келган бўлсада, баҳорнинг илиқ келиши тунламларнинг авж олиб ривожланишига яхши шароит яратади. Бундай шароитда сифатли биомаҳсулотлардан унумли фойдаланишга катта эътибор бериш зарур. Кузги тунламга қарши биологик усулда курашиш яхши самара беради. Бунинг учун далага феромон тутқичларни ўрнатиш керак. ўўза кеч ёки қайта экилган пайкалларда феромонли тутқичлар бир-биридан камида 25–30 м масофада ўрнатилади. ҳар кечада ўртача 3–4 ва ундан кўп капалак илиниши трихограмма қўйишни бошлаш кераклигидан далолат беради. Ўз вақтида далага чиқарилган сифатли трихограмма – муваффақият гаровидир. Тунлам қуртларининг миқдори хавфли даражага етгани аниқланса (ҳар 1 м2 ерда 1–1,5 та ва ундан кўп) кимёвий кураш ўтказиш лозим. Бунда Циперметрин (0,3 л/га), Вантекс (0,25–0,3 л/га), Децис (0,7 л/га), Кинмикс (0,6 л/га), Энжео (0,2 л/га) ва Фенкил (0,6 л/га) препаратларидан бирортасини пуркаш тавсия этилади. 

    Ш.Хўжаев, А.Сагдуллаев, Ж.Пўлатов

agro.uz

@FERMER_UZBEKISTAN

Report Page