...

...

AGROBLOGER

Иссиқхонада мўътадил ҳароратни сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Буни плёнка остида маҳсулот етиштираётганлар яхши билади. Масалан, бодринг учун қуёшли кунларда ҳаво ҳарорати 25–28, булут бўлганда 20–22 ва кечаси 18–20 Сдан паст бўлмаслиги лозим. Бундай ҳарорат ўсимликнинг ривожланишига яхши ёрдам беради. Ҳосил яхши тўпланади, ҳар хил касалликлар тарқалишининг олдини олади. 

Чиноз туманидаги “Чорвадор” маҳалласи томорқачилари ҳам иссиқхонада маҳсулот етиштиришнинг ҳадисини олишган. Шу боис, парвариш давомида барча агротехник қоидаларга риоя қилишади ва пировард натижада бодрингдан мўл ҳосил олмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Қундуз Исоқованинг маълум қилишича, ҳудудидаги деярли 90 фоиз аҳолида иссиқхона бор. Мавжуд 1123 хонадоннинг асосий даромади ҳам томорқадан. 

Навқирон кўчасидаги 36-хонадон уй бекаси Мавлуда Турсуналиева иссиқхонасида қулупнай, бодринг етиштиради. Бу оила асосий даромадни томорқадан олмоқда. Мавлуда опа турмуш ўртоғи Бекпўлат ака, икки фарзанди, келини барчалари ҳамжиҳатликда меҳнат қилиб, томорқадан мўл ҳосил етиштирмоқда. Йилига ўн миллионлаб фойда кўришади. Олган даромадларига эса уйлар қуриб, тўйлар қилишяпти. 


– Салкам 28 йилдан буён иссиқхона бизнинг олтин хазинамизга айланган. Етиштирган бодринг, помидор ва бошқа сабзавот маҳсулотларимизни халқимиз дастурхонига тортиқ қилаётганимиздан хурсандман, – деди Мавлуда Турсуналиева. 

Тошкент вилояти ахборот хизмати хабарига кўра, “Соғлом авлод” кўчасида истиқомат қилувчи Дилшод Исоқов 9 сотихли иссиқхонасида помидор, бодринг, булғор қалампири маҳсулотларини етиштириб, эл дастурхонига тортиқ қилмоқда. Ҳосилнинг дастлабкисини бозорга чиқаришганига анча бўлди. Усмон Носир кўчасининг 6-хонадонида яшовчи Алишер Алиев оила аъзоларининг бир тану бир жон бўлиб, меҳнат қилиши натижасида қишда ҳам ёздагидек ноз-неъматлар етиштириляпти. Пировардида нафақат туман, балки пойтахтимиз аҳолиси дастурхонига ҳам помидор ва бодринг маҳсулотларини тортиқ қилиб, одамлар раҳматини олишмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 14 апрелида ўтказилган видеоселектр йиғилишида республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини икки бараварга ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинганди. Бунда маҳаллий ҳокимликлар ва сектор раҳбарларига ҳар бир маҳалла кесимида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш ва уни етиштириш учун томорқа ерларидан самарали фойдаланиш юзасидан топшириқлар берилди. 

Чиноз туманида томорқадан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳукуматимиз топшириқларига айнан мосдир. Демак, тажрибани бойитиб бориш, унумдорликни янада ошириш зарур.


ЎзА

@AGROBLOGER канали

Report Page