...

...

FERMER

Фарғона вилоятининг Қува ва Тошлоқ туманларида 2022 йил пахта ҳосили учун чигит экилган майдонларда ғўза қатор ораларига биринчи ишлов ўтказиш ишлари ва ташкил этилган культивация отрядлари фаолиятига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган пахтачилик кластерлари томонидан мўл ҳосил олиш мақсадида агротехник тадбирларни сифатли амалга оширишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билган деҳқонлар чигит экиш ишларини якунлаб, ғўза парваришини бошлаб юборди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят секторлари раҳбарлари ҳамроҳлигида Қува туманидаги “Турдали Тўхтахон” фермер хўжалигида бўлиб ўтган семинарда иштирок этди. Унда тумандаги мавжуд 236 та фермер хўжаликларининг 6 минг 220 гектардан зиёд ер майдонларида экилган ғўзалар агротехник тадбирларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ҳақида сўз борди. Тажрибали деҳқонлар маслаҳатлари эшитилди. Вилоят ва туман ҳокимлиги тегишли мутасаддилари, кластер раҳбарлари, ҳудудий ММТП раислари, фермерлар ва механизаторларга олдинда турган вазифалар тушунтирилди.

Тошлоқ тумани “Қумариқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Қумариқ Равнақ файз” фермер хўжалигида ўтган семинарда ҳам чигит экилган майдонларда ғўза қатор ораларига ишлов бериш, культивация қилиш, чуқур юмшатиш каби муҳим жараёнлар ҳақида бирма бир тўхталиб ўтилди. Майдонларда ўқариқларни олиш, сувдан тежамкор фойдаланиш билан боғлиқ чора-тадбирлар тушунтирилди. Ишчиларга, энг аввало, механизаторларга барча шарт-шароитларни яратиш, ойликларини ўз вақтида етказиб бериш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Тошлоқ туманида 110 та механизаторлардан иборат 9 та отрядлар ташкил этилган бўлиб, мавсумда чигит экилган 5 минг 100 гектардан зиёд майдонда режадаги 19 минг 200 тоннадан зиёд пахта хомашёсини етиштиришда уларнинг ҳиссаси катта бўлади. Шунинг учун тадбирда ўз меҳнати билан бошқаларга ўрнак бўлаётган бир гуруҳ механизаторларга эсдалик совғалари топширилди.

Ғўза парвариши билан бир қаторда, ғаллачилик ва пиллачилик билан боғлиқ масалалар ҳам туман секторлар раҳбарлари ва масъуллар иштирокида келишиб олинди. Дуолар қилиниб, нуронийлар юртга тинчлик, деҳқончиликларга қут-барака тилади.


М.Сулаймонов, ЎзА

FERMER канали

Report Page