...

...

FERMER

Самарқанд давлат университети биология факультети докторанти Анвар Турсунов ғўзанинг айрим физилогик ва биокимёвий хусусиятлари бўйича тадқиқот олиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, тадқиқотчининг мавзуга оид ўнга яқин илмий мақолалари нашр этилган.

— Ғўза қимматбаҳо ўсимлик бўлиб, унинг толаси, чигити ва бошқа қисмларидан 200 — 250 хилгача кенг истеъмол моллари ва техникабоп маҳсулотлар олинади, — дейди докторант Анвар Турсунов. — Ҳозирда республикамиз ҳудудида ғўза экилаётган майдонларга етарлича органик озуқа берилмаяпти. Бунинг натижасида ўсимликларга микроэлементлар етишмовчилиги кузатилиб, физиологик жараёнлар сустлашиши сабаб ҳосил камайиши кузатилмоқда. Шунинг учун тадқиқотимда Зарафшон водийсининг ўтлоқ, бўз шароитида ғўза навларининг ҳосилдорлигига бор ва руҳ микроэлементларнинг таъсирини ўрганмоқдаман.

Тадқиқотнинг объекти сифатида республикамизда кенг экилаётган ғўзанинг «Омад» ва «Султон» навларидан фойдаланиляпти. А. Турсунов ушбу ғўза навларининг ўсиш давомийлигини, барг сатҳи ва қуруқ масса ҳосил қилиши, фотосинтез соф маҳсулдорлиги, кўсак ҳосил қилиш динамикаси ҳамда ҳосилдорлик кўрсаткичлари аниқлади.

Тадқиқотлар натижасида Пастдарғом, Оқдарё ва Жомбой туманларида ғўзанинг юқоридаги навларининг ҳосилдорлигига микроэлементининг таъсири ўрганилиб, ғўза ҳосилдорлиги ошиши аниқланди. Қолаверса, ушбу ҳудудларнинг ўзига хос иқлими ҳамда ўтлоқ бўз тупроқларини ҳисобга олиб, «Омад» ва «Султон» ғоза навларига бор ва руҳ микроэлементларини пуркаб юқори ҳосил олиш мумкин.

Маълумот учун, ғўза асосан тола олиш учун экилади. 1 тонна пахта хом ашёсидан ўртача 320 — 340 кг. тола, 560 — 580 кг. чигит олинади. 340 кг. толадан, ўз навбатида, 3500 — 4000 квадрат метр мато, чигитидан эса 112 кг. мой, 10 кг. совун, 270 кг. кунжара, 170 кг. шелуха ва 8 кг. линт (момиқ) ишлаб чиқарилади.

Дунё миқёсида тўқимачилик толаси ишлаб чиқаришда пахта улушига 60 фоиздан кўпроқ тўғри келади. Толасидан, асосан, ип (калава) йигирилади, тўқимачилик буюмлари, кийим ва гигроскопик пахта тайёрланади. Ундан авиация, автомобиль, электр ва бошқа саноатлар кенг фойдаланади. Толадан баққуват ип, кирза, шланг, қайиш, кино-расм плёнкалари, ёзув қоғозлари каби кўплаб маҳсулотлар тайёрланади.

Чигитдан пресслаш ва экстракция қилиш йўли билан пахта мойи олинади. Мой эса, озиқ-овқат ва техник мақсадларда ишлатилади. Ундан совун пиширишда, алиф, лак, эмаль ва бошқа бўёқлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

Чигит таркибида госсипол пигменти (заҳарли органик бирикма) бўлиб, мой олиш жараёнида ажратиб олинади ва ундан ҳам ҳар хил синтетик моддалар ишлаб чиқарилади. Мой ишлаб чиқаришдаги қолдиқ-гудрон фойдаланиш учун халқ хўжалик тармоқларига юборилади.

Чигит пўсти (шелуха) ва шроти чорва учун озуқа бўлишдан ташқари, саноатда поташ, ошловчи моддалар, спирт, қоғоз, картон ва бошқа кўплаб маҳсулотлар олинмоқда. Ҳатто ғўза шротидан фитин ва озиқ-овқат оқсили ажратилади.

Ғўза тупидан 100 дан кўпроқ бирикмалар олиш мумкин. Баргидан 20 хил органик кислоталар, жумладан, қимматли олма ва лимон кислоталари олинади. Шунингдек, витамин, стимулятор, аминокислота, микроэлемент ҳам тозалаш заводларининг чиқитларида учрайди. Поя, чаноқлардан ёқилғиликдан ташқари, қурилиш материали сифатида кенг фойдаланиш мумкин.


Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,

Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати ходими.

FERMER канали

Report Page