...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон Европа бозорларига экспорт қиладиган айрим товарлар қанча миқдорда божхона божидан озод этилгани маълум бўлди

«GSP+» доирасида бир неча турдаги озиқ-овқат ва техника воситалари учун божхона имтиёзлари миқдори эълон қилинди.

6200 та товар позицияси қаторида республиканинг асосий экспорт салоҳиятига эга бўлган кенг турдаги маҳсулотлар божхона божи тўлашдан озод этилди. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги масъул ходими Сарвархўжа Ғанихўжаев 16 апрел куни AОКAда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Қуйидаги товарлар белгиланган миқдорда божхона тўловларини тўламайди:

  • Олма ва помидор шарбатларига нисбатан – 13,3-25,5 фоиз;
  • шафтоли ва ўрик – 14,1-16,5 фоиз;
  • музлатилган сабзавотлар (картошка, оливка, помидор ва бошқалар) – 10,9 фоиз;
  • юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари – 15,4 фоиз;
  • оёқ қийим маҳсулотлари – 11,9 фоиз;
  • консерваланган сабзавотлар – 14,1 фоиз;
  • балиқ гўшти ва филеси – 14,5 фоиз;
  • мева шарбатлари – 14,5 фоиз;
  • болалар кийим-кечаклари – 8,4 фоиз ва футболкалар – 9,6 фоиз.

Маълум қилинишича, божхона божидан озод этилган экспорт салоҳиятига эга кенг турдаги маҳсулотларга текстил, оёқ қийим, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, нефт ва кимё саноати, қурилиш материаллари, керамика ва металл маҳсулотлари ҳамда технологик ускуналар киради. 

9 апрел куни расман Ўзбекистонга преференциялар бош тизими («GSP+») бўйича бенефициар мамлакат мақоми берилди.  

Маълумот учун, «GSP+» ривожланаётган мамлакатлардан ривожланган мамлакатлар бозорларига экспорт қилинадиган товарларга божхона тарифларидан имтиёзлар бериш тизимидир. У деярли барча турдаги саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қамраб олади. Хусусан, бу турдаги тизим, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатлар, шунингдек, AҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Канада, Aвстралия, Швейцария каби давлатлар томонидан тақдим этилади.


AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page