*/

*/

Source

“ОШИҚЛАРНИНГ САРДОРИ” АСЛИДА КИМ?
(Карантинда зерикканлар учун)

Яқинда қизиқ бир воқеа бўлди. “Миллий тикланиш” газетасининг бош муҳаррири, таниқли журналист Миродил ака Абдураҳмонов телефон қилиб, “Соҳибжон, Шерали Жўраевнинг “Ошиқларинг сардори менман" ашуласининг шеъри кимники эканини биласизми?”, деб сўради, бироз қувлик билан. Ўйлаб ўтирмай, Расул Ҳамзатов, деб жавоб бердим. “Ана! Сизам билмас экансиз”, деди ака, ўйлагани тўғри чиққанидан хурсанд бўлиб. “Кеча бир ҳурматли одам билан гаплашдим, у кишининг айтишича, бу шеърни Шерали аканинг ўзи ёзган экан!”, деди тантановор оҳангда, Миродил ака. “Йўғ-е! Билмас эканман”, дедим. Чунки, чиндан ҳам бу гапни аввал сира эшитмагандим. Миродил ака темирни қизиғида босди: “Шерали ака билан шу ҳақда газетамизга битта суҳбат қилиб берсангиз-чи”... Тўғриси, ўзим ҳам қизиқиб қолганим учун, фурсатни ўтказмай Шер акага телефон қилиб, муддаони баён қилдим. Ҳофиз кулиб, “Ҳақиқатан бу гап тӯғри, майли гаплашамиз”, дедилар. Кейин, “Фақат шу кунларда кўнглимда тўпланиб қолган яна бир-иккита гаплар бор. Уларни ҳам ёзасизми?”, деб сўрадилар. “Албатта! Суҳбат янаям қизиқ бўлади-ку”, дедим. Хуллас, Ака билан кўришиб(ҳали карантин унча кучаймаган кунлар эди), анча гурунглашдик ва шу пайтгача билмаган кўп нарсалардан хабардор бўлдим ва уларни Сизгаям илиндим. Дарвоқе, ФБ шароитидан келиб чиқиб, суҳбатнинг бир қисмини жойлаяпман, қизиққанлар тўлиқ вариантни “Миллий тикланиш” газетасининг 16 июль кунги сонида ўқишлари мумкин. *** ...Шерали Жўраев — Ҳақиқатан бу жуда қизиқ воқеа бўлган. Адашмасам, етмишинчи йиллар эди, “Ўзбегим” ва “Биринчи муҳаббатим” сингари қўшиқларим билан анча танилиб қолганман. Андижондан Самарқандга кетаётиб, Тошкентда, бир дўстимнинг уйида тўхтадим. Келганимни эшитиб, асли самарқандлик Обиджон исмли дўстим йўқлаб келиб қолди. Салом-алиқдан кейин, Обиджон, “Ҳозир телевизорда Расул Ҳамзатов аёлларни табриклаб(8 март байрами кунлари эди), сени мингта одам яхши кўрса, ўшаларнинг орасида мен борман, юзта бўлса ҳам борман, битта бўлса, ўша менман, сени ҳеч ким яхши кўрмай қўйса, Расул ўлибди, деб ўйлагин”, деган мазмунда шеър ўқиди, деб қолди. “Ие! Зўр гап экан-у, буни қўшиқ қилиш керак, шеъри борми?”, деб сўрадим. Афсуски, у кўрсатув жонли эфирда бўлган, Расул оға шеърни рус тилида ўқиган, табиийки, дўстим шеърни ёзиб олмаган экан. Лекин, шеърнинг ғояси кучли бўлгани учун уни ҳозир, шу заҳоти қўшиққа айлантириш фикри менга тинчлик бермай қўйган эди. Мен тўхтаган уйнинг дарвозасидан кирганда чоғроққина хона бор эди. Кечаси ўша хонада тунадим. Алламаҳалгача ухламай, шу шеърни ёзишга уриндим. Аксига олиб, қоғоз топилмайди. Уй эгаларини уйғотиш ноқулай. Чўнтагимдан тўй таклифномаси чиқиб қолди. Шуни орқасига эрталабгача майда-майда ҳарфларда ёзиб чиқдим. Бир пайтнинг ўзида ҳам ёзяпман, ҳам куйи ҳам “пишяпти”. “Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса, Билгинки, аларнинг сардори менман”, деб бошланганди шеър. Расул Ҳамзатов шундай ёзган бўлса зўр бўларди-да, деб хурсанд бўламан ўзимча. Эртасига Самарқандга кетдим. У ерда Раҳмонали деган ўртоғим орқали Ургутнинг ҳурматли кишилари меҳмонга таклиф қилишди. Кичикроқ давра, бир-иккита ашула айтдим. Мезбонлар янгисидан сўраб қолишди. Бояги ашулани бошламоқчи бўлиб, энди оғиз жуфтлаб тургандим, бирдан булбулнинг “чаҳ-чаҳ” уриб сайрагани эшитилди(баҳор фасли, биз ўтирган боғда булбуллар кўп экан). Шундан илҳомланиб: Булбуллар ичинда тинмас забонман, Ҳамон ёнингдаман, танангда жонман, деган сатрлар келди хаёлимга ва янги қўшиқни шу сўзлар билан бошладим. Шу тариқа ушбу қўшиқ яралди. С.Алижонов – Кейинчалик, Расул Ҳамзатов бу воқеадан хабардор бўлдими? Қандай муносабат билдирди? – Бир иш билан Москвага борганимда Расул оға билан кўришганман. Бизни учраштирган дўстларимиз, “Бу йигит сизнинг ўша шеърингизни ўзбек тилида ашула қилган”, деб айтишган экан. Расул оғага қўшиқ маъқул бўлди, ҳатто, “Мен бу шеърни ёзганда сен айтган жойларини ўйламаган эканман”, дегани ҳалигача эсимда. Мен у кишига, “Шеърнинг бошидаги тўрт қатори сизники, уни халқимизнинг табиатига мослаб айтдим”, дедим. Расул оға, “Баракалла!”, дедилар. Шундан кейин Расул Ҳамзатовнинг рус тилидаги бошқа шеърларини ҳам қўшиқ қилдим. Парча тамом.

Қуйида Расул Ҳамзатов ва Шер ака ёзган шеърларни таққослаб ўқишингиз мумкин. Гарчи ғоя бир бўлсаям, услуб, ифода ифода жиҳатидан бир-биридан анчагина фарқ қилади. Шерали аканинг ёзганида туйғулар тўлиқроқ, нафисроқ ва ўзбекона ифодалангандек туюлди менга. Сиз ҳам бир ўқиб кўрингчи:

Если в мире тысяча мужчин Снарядить к тебе готова сватов, Знай, что в этой тысяче мужчин

Нахожусь и я - Расул Гамзатов.

Если пленены тобой давно Сто мужчин, чья кровь несется с гулом, Разглядеть меж них не мудрено

Горца, нареченного Расулом.

Если десять влюблены в тебя Истинных мужей - огня не спрятав, Среди них, ликуя и скорбя,

Нахожусь и я - Расул Гамзатов.

Если без ума всего один От тебя, не склонная к посулам, Знай, что это с облачных вершин

Горец, именуемый Расулом.

Если не влюблен в тебя никто И грустней ты сумрачных закатов, Значит, на базальтовом плато Погребен в горах Расул Гамзатов. *** Булбуллар ичинда тинмас забонман, Ҳамон ёнингдаман, танангда жонман. Агар ошиқларинг ӯн мингта бӯлса,

Билгилки, аларнинг сардори менман.

Қӯлларим истаги тутмок у қӯлдан, Истагим тотмоқлик лабдаги болдан. Ошиқларинг келса гар мингта йӯлдан,

Билгилки, энг аввал келгани менман.

Севгига содиқлик шартини қуйсанг, Шартни бажармасни ёнингдан қувсанг, Агар ӯн мингтадан юзта қолдирсанг,

Билгилки, юзтадан биттаси менман.

Кексалик деган сӯз жой олса дилдан, Йигитлик қуввати кетса ҳам белдан. Ҳар кун сен гул олсанг гар ӯнта қӯлдан,

Бигилки, энг аввал гул тутган менман.

Фалак фалаклигин килса ногаҳон, Сендан юз ӯгирса ҳатто кенг жаҳон. Ошиқлардан қолса бир нафар, инон,

Қолган шул ошиғинг, билгилки, менман.

Кӯзларинг бемаҳал ёшларга тӯлса, Агар душманларинг устингдан кулса. Ошиқларинг агар ҳеч келмас бӯлса,

Марҳум у Расул Ҳамзат, билгилки, менман ...

Report Page