...

...

AGROBLOGER

Ҳосил миқдори ва сифатини полиз экинларининг экилиш зичлиги ва озиқланиш майдони белгилайди. Экин ҳаддан ташқари зич ёки сийрак экилса, ердан оқилона фойдаланилмайди, натижада майдон бирлиги ва гектардан олинадиган ҳосил камайиб кетади. Майдон бирлиги ва бир ўсимликдан энг юқори ҳосил олишни таъминлайдиган экилиш зичлиги ҳамда озиқланиш майдони чегараси энг мақбул шароит ҳисобланади. У тупроқнинг унумдорлиги, сув билан таъминланганлиги, иқлим шароити, экиладиган нав ҳамда экиннинг биологик хусусияти ва бошқа омилларга кўра маълум даражада ўзгариши мумкин. Қовуннинг энг мақбул озиқланиш майдони суғориладиган ерларда 0,7-2,0 кв.м (5-15 минг ўсимлик/га), тарвуз – 1-2,5 кв.м (4-10 минг/га), қовоқ – 2-4 кв.м (2,5-5 минг/га)дан иборат.

Марказий Осиёнинг эгат орқали суғорилиб деҳқончилик қилинадиган шароитида полиз экинларини пуштали, кенг қўшқаторли лентасимон усулда экиш ва анъанавий технологиялар асосида етиштириш қабул қилинган. Бунда эгатлар 0,7-0,9 м, пушталар 2,1-2,7 м кенгликда навбатма-навбат жойлаштирилади ва экин эгатлар орқали суғорилади, ўсимлик палаги кенг пушталарга жойлашилади.

Ўзбекистонда илгарилари қовун 210+70/2×70 см ва 250+70/2×70 см; тарвуз 280+70/2×70 ва қовоқ 330+70/2×70 см қўшқаторли лентасимон шаклда экилиб етиштирилар эди. Бу анъанавий технологияда (баъзан ҳозир ҳам қўлланилади) полиз ўсимликлари экилганда гектарда: қовун 8-10 минг, тарвуз 8 минг ва қовоқ 5,5 минг туп бўлади. Аммо, экинларни бундай шаклда жойлаштириш, ёнма-ён олинган эгатлар орасидаги масофа ишлов берадиган тракторлар ғилдираклари изидан ошиб кетади, натижада технологик парвариш ва ҳосилни йиғиб олиш жараёнларини машина-механизмлар ёрдамида бажаришга тўсқинлик қилади. Бундан ташқари пахтачиликда қўлланиладиган машиналар мажмуидан фойдаланишга имконият бермайди.

Ўзбекистон сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ғилдираклар изи оралиғи 1,4 м бўлган тракторларга эга хўжаликларга полиз экинларини 280+70/2×70 см шаклда (8 минг туп/га), ғилдираклар изи оралиғи 1,8 м бўлган тракторга эга бўлганларга эса 270+90/2×70 см шаклда (7,9 минг туп/га) экишни тавсия қилмоқда. Шу институт текис майдонларда қовун ва тарвузни бир шаклга келтирилган (унификациялаштирилган) 270+90/2×70 см ва нотекис майдонларда эса 290+70×70 см ли схемада экишни таклиф этган. Суғориш учун тор қатор орасидан эгат олинса, пушта ўртасидан ғилдираклар изи ораси 1,8 см бўлган тракторлар, ғилдираги юриши учун сув қўйилмайдиган агат олинади.


AGROBLOGER канали

В.И. Зуев ва бошқалар. "Сабзавотчилик ва полизчилик". 

dehqon.uz


Report Page