...

...


Ҳашаротларнинг (Insecta) термитлар (Isoptera) туркумига мансуб вакиллари табиатда жуда кенг тарқалган бўлиб, улар тупроқ билан боғлиқ бўлган турли экологик муҳитларда жамоа ҳосил қилиб ҳаёт кечиради. Фанда термитларнинг 2800 тури маълум бўлиб, улардан 120 тури зараркунанда сифатида қайд қилинган. Термитлар биозарарлаш объекти сифатида барча тропик ва иссиқ мамлакатларда ҳақиқий офат ҳисобланиб, турар жойларнинг, мебель, либос ва оёқ кийимларининг яроқсиз ҳолга келиши, турли ёввойи ўсимликлар, дарахт ва бошоқли экинларнинг қури-ши, суғориш каналлари, пристан, баржа, тўғон ва уламаларнинг термит зарарлаши туфайли сув босими остида вайронага айланишини кўрсатиб ўтиш мумкин. Шу билан бир қаторда бебаҳо маданият ёдгорликлари-архив материаллари, ноёб китоблар, қадимий усталарнинг бебаҳо асарлари, ёғоч хайкалтарошлиги ҳам термитлар хужумига дучор бўлади. Термитлар ўсимликлар ҳамда ўсимлик дунёсидан ҳосил бўлган турли ёғоч махсулотлари билан озиқланади. 

Таърифи: Термитлар жуда юқори ривожланган жамоа ҳолида яшовчи ҳашаротлардир. Термитлар билан чумоли ва асалларилар ўртасида кўпгина умумийликлар бор. Улар ерга қурилган уяда ёки махсус қурилмаларда кўп минг зотлардан иборат бўлган катта жамоа ҳосил қилиб яшайди. Жамоадаги термитлар бир неча ривожланиш фазаси ва табақагаридан иборат бўлиб, улар ташқи кўриниши, бажарадиган вазифаси билан бир-биридан фарқ қилувчи ишчилар, аскарлар ва жинсий индивидлардан иборатдир. Уяда бир жуфт эркак ва урғочи термит бўлиб, уларни одатда “шоҳ” ва “малика” деб юритилади (21-расм). 

А-қанотли зот, Б-вояга етган урғочи зот (малика), В-қанотини
“ташлаган” эркак зот (шоҳи), Г-ишчи термит, Д-аскар термит
(Бей-Биенкодан, 1980 олинди), Е-аскар ва ишчи термитлар билан
ўралган “малика” ер ости инида, Ж-термитлар хонадон ичида
(Хива, 2000 й.).

Личинка – жинсий вояга етмаган, секин ривожланиб, бир неча марта пўст ташлаш орқали жинсий авлод берувчи шакли (фаза).

Жинсий етилмаган ишчи термитлар – личинка ларнинг бир неча бор туллаб, морфогенетик ўзгармаган шакли – уяда кўпчиликни ташкил қилувчи ишчи термитлар озуқа йиғиш, авлодга ғамхўрлик қилиш, қўйилган тухумларни, личинкаларни тарбиялаш ва барча табақаларни озиқлантириш, уялар қурилиши ҳамда бошқа вазифаларни бажаради. 

“Аскар” лар – жинсий етилмаган, личинкалар ёки “ишчи”лар ривожланишидан ҳосил бўлган, бош қисми йирик, кучли жағли табақа. “Аскар”лар ҳосил бўлишидан олдин “проаскар”лар юзага келади, улардан эса “Аскар”лар ривожланади. “Аскар” термитлар уясида “ишчи”ларга нисбатан жуда ҳам камроқ бўлиб, улардан бош қисмининг йириклиги, йиртқич кўринишдаги жағлари билан ажралиб туради. Улар уя шикастланганда қайта тиклаш, асосан эса колонияни ташқи душмандан ҳимоялаш вазифасини бажаради. 

Жинсий вояга етишган қанотли урғочи ва эркак термитлар, личинкаларнинг бир неча бор туллаб нимфалар ҳосил бўлишидан келиб чиқади. Қанотли шакллилар, термит лар жамоасида фаол иштирок этмайди балки, қанот ҳосил қилиб тинчланиш даврини ўтагач, оилани тарк этиб, янги оила ҳосил қилади ва термитлар тарқалишида мухим ахамиятга эга. Баҳорда (март, аплел) илиқ ёмғирлардан сўнг термитларнинг қанотли жинслари учиб чиқади, кейин қанотларини синдиргач эркак ва урғочи термитлар жинсий қўшилади ва жуфт-жуфт бўлиб тупроққа кириб янги оила ҳосил қилади. Оила асосчилари бўлган, қанотини ташлаган урғочи ва эркак термитлар бир неча йил яшай олади. Урғочи ёки эркак термитлар “ўринбосарлари” 6 ёшдаги нимфалардан кейин ҳосил бўлади. Термит личинкасининг 3 ёшидан сўнг улар нимфага айланади. Нимфа 6 ёшдан сўнг етук зотга (имагога) айланади. Ишчи термитларнинг кўзи ривожланган бўлмай оқ тусда бўлади, шунинг учун ҳалқлар орасида булар “оқ чумолилар” деб ҳам юритилади. 

Хаёт кечириши: Термитлар колонияси ер тагида яширин ҳолатда ҳаёт кечиради. Тупроқда ва ер юзасида, биноларнинг деворлари ораси, томларида, дарахтларда уялар ҳосил қилади. Тропик мамлакатларда учрайдиган термитлар ер юзасидан баландлиги 5-7 ва ҳаттоки 15 метргача бўлган гумбазлар ясайди.

Ўзбекистон ҳудудида Anacanthotermes авлодига мансуб 2 та тур: туркистон ва катта каспий орти (A. turkestanicus Jacobs., A. аhngerianus Jacobs.) термитлари тарқалган бўлиб, айниқса кейинги 20-30 йил давомида Республикамизнинг даярли барча вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли хонадонлари, қишлоқ ҳужалиги бинолари ва ҳатто тарихий обидаларга ҳам улар катта зарар етказмоқда.

Anacanthotermes авлодига мансуб термитларнинг уялари ер остида беркитилган бўлиб, мураккаб системали, горизонталь ва вертикаль кесишган тирқиш, камера ва йўлаклардан иборат бўлади. Улар бино деворлари, томларида ҳам камералар ҳосил қилиб иморатнинг қишда иссиқ ва ёзда салқин жойларига йиғилади.

Термитлар учиш олдидан уя тепасидан чиқиш тешикчаларини очиб, ундан қанотли зотлар чиқади. Ерга қўнгандан сўнг қанотларини синдиради ва жуфт-жуфт (эркак, урғочи) термитлар 3-5 см чуқурликда уя камерасини қура бошлайди. Термитлар учиб чиқиш вақтида шамол оқимига дуч келса, улар узоқ масофаларга тарқалиши мумкин. Аҳоли яшайдиган пунктларда термитлар турар жой ва биноларга жойлашиб, уларнинг ёғоч қисмларини кемиради. Бундан ташқари, улар қоғоз, китоблар, кийимлар ва ҳ.к. билан ҳам озиқланади. Термитлар одатда ер бетига чиқмайдилар ва ҳеч қачон очиқ жойда озиқланмайдилар. Аммо, очиқ ҳолда овқат йиғиш шамолсиз, илиқ кунларда, (булутсиз кунлари – эрталаб ва кечқурун, булутли кунлари эса кундузи) амалга ошириши бундан истеснодир. Улар тупроқ заррачаларини бир-бирига ёпиштириб юпқа лой-сувоқ ҳосил қиладилар ва ейдиган озиқаларининг устини ҳам лой-парда билан ўрайдилар. Ўсимлик пояси ғилоф лой-сувоқ билан қопланади, сўнгра бу ғилоф ичидаги ўсимлик билан термитлар озиқланади.

Зарари: Термитларни мамлакатимизнинг кўпчилик ҳудудларида аҳоли турар жойларини, тарихий-маданий обидалар, иншоотлар ва бошқа қурилишларнинг ёғоч қисмларини жиддий зарарлаб, мисли кўрилмаган даражада зиён етказувчи зараркунанда эканлигини алоҳида қайд қилиш зарур. 

Термитлар халқ хўжалигига жуда катта зарар етказади. Улар уй-жойларни, темир йўл шпаллари, телеграф ёғоч устун лари, шунингдек ёғочдан қурилган бошқа иншоотлар, сомон билан ишланган пахса деворларни шикастлаб, жиддий зарар етказади. Бу зараркунанда Ўзбекистонда Фарғона водийси (Риштон, Оқтош, Оқёр, Олтиариқ, Қува, Чуст, Чортоқ, Поп (Санг, Хўжаобод, Тўда, Поп, шаҳри ва бошқ.) Тошлоқ, Бўз, Мархамат, Вуодил, Дангара туманлари), Тошкент шахри атрофи (Фозил тепа ва Хасанбой), Жиззах вилояти (Жиззах шарҳи, Жиззах, Ғаллаорол, Фориш, Пахтакор, Зафарабод, Зомин, Дўстлик, Арнасой туманлари), Самарқанд (Самарқанд шахрининг маркази Лангар кўчаси, Иштихон, Каттақўрғон, Пайариқ, Булунғир, Нуробод туманлари ва Жом, Сарикўл Улус, Диринг, Саидэмон, Янгиобод, Янгибино, Оккула, Хайробод, Жарма, Сойисгар, Паламай, Янги турмуш қишлоқ лари), Қашқадарё (Қарши, Ғузор, Қамаши шаҳарлари, Ғузор, Чироқчи, Косон, Камаши, Миришкор, Касби, Яккабоғ, Деҳқонобод, Муборак, Шаҳрисабз, Нишон туманлари), Сурҳандарё (Термиз шахри, Ангор, Музробод, Шеробод, Термиз туманлари), Хоразм (Хива ва Питнак шаҳарлари, Хива, Хозарапс, Шовот, Янгиариқ, Урганч, Қўшкўпир туманлари), Бухоро (Қоровулбозор шахри ва Қоракул, Шофиркон, Пешку туманлари), Навоий (Нурота, Конимех, Қизилтепа, Кармана, Новбоҳар туманлари) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (Нукус, Элликқалъа, Тўрткўл, Тахиа тош, Беруний, Тўрткўл, Тахтакўпир, Манғит, Шуманай, Мўйноқ, Хўжайли туманлари)да оммавий купайиб катта талофат етказмоқда. Натижада минглаб хонадонлар, корхона, мактаб, болалар муассасалари, касалхона, молхона, омборхона, меҳмонхона каби биноларда ёғоч ва еғоч махсулотлари кучли зарарланган. Ҳатто айрим шаҳар ва қишлоқларда хонадон эгалари ўз тураржойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар. Айрим пайитларда термитлар қишлоқ хўжалик махсулотларини омборхоналарда сақлаш давомида зарарлаши кузатилмоқда. Термитлар радиоприёмниклар, телевизион аппаратлари, электр тарқатувчи линияларнинг ёғоч таянчлари (столбалар), ангарлар, аэродромларнинг электр ўтказгичлари ва шу кабиларга ҳам зарар етказиши мумкин.

Республикамизда стратегик объектларни термитлар билан зарарланиши ҳам катта ташвиш туғдирмоқда. Бунинг мисоли сифатида Қорақалпоғистон Республикасида биргина Беруний тумани худудидан Нукус шаҳригача бўлган 100 км масофада 2145 телеграф симёғоч устунларининг 80% термитлар билан жиддий зарарланганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Термитлар мустахкам ва кучли жағлари туфайли кўпинча ноозуқа материалларни, уларга дуч келганда зарарлайди. Жумладан: хом ғишт, тупроқ, оҳақ, фибролит ва арболит плиталар, синтетик материаллар (плёнка ва газламалар, сунъий тери) альюмин фолгаси, қўрғошин, юпқа мис сим, шунинг билан бир қаторда термитлар кабеллар, симларнинг юпқа ўрама изоляциясини кемириши туфайли электр ўтказгичларда издан чиқиш юзага келади ва қисқа туташув оқибатида ҳалокат юз бериши мумкин. Термитлар турли механизм ва аппаратлар ичига кириб олиб, у ерга лой сувоқ тўплаши туфайли, системани ифлослайди, аппарат ва механизмлар техник параметрларини ўзгартириши туфайли алоҳида узел лар орасидаги боғланишга ҳалақит беради.

Термитлар масаласи дунё миқёсида йириқ муаммолардан ҳисобланиб, улар туфайли бино ва иншоотларга жуда катта миқдорда зарар етмоқда. Масалан, Американинг 2005 йил тер митларга қарши курашда сарфлаган маблағи 2 млрд. доллардан ошиб кетган бўлсада, келтирилган зарар 1 млрд. долларни ташкил қилган.

Термитларни тезкор тарқалиш сабаблари: Республикамизда аҳоли турар – жойлари ва иншоотларнинг термитлар зараридан катта талофат кўраётганлигини бир қатор сабабларга боғлиқ деб қараш мумкин, жумладан:

- инсон фаолияти туфайли янги ерларнинг ўзлаштирилиши, эски қабрстонлар бузилиб, уларнинг ўрнига қурилиш ишлари амалга оширилганлиги натижасида термитлар яшайдиган табиий манбаларнинг бузилиши;

- сув омборлари қурилиши, каналлар ўтказилиши туфайли ер ости сувларининг юзага кўтарилиши; - маълум бир худудда қулай шароит пайдо бўлиши билан зараркунанда табиий популяциясининг аста-секин ривожла ниб кўпайиб бориши;

- ҳашаротнинг катта биологик потенциал имконияти мавжудлиги ҳамда юқори даражада шаклланган жамоа хосил қилиш хусусияти;

- ўта яширин ҳаёт кечирганлиги сабабли, келтирилаётган зарарни ўз вақтида тўла аниқлай олмаслик;

- аҳолининг мазкур зараркунанда тўғрисида тўла маълумотга эга эмаслиги туфайли, термитлар етказадиган зарарни олдини олиш ва унга қарши кураш чоралари амалга оширилмаганлиги;

- иншоотларни қуришда термитларга қарши профилактик тадбирларнинг ўтказилмаслиги ҳамда уларга қарши чидамли бўлган қурилиш материалларидан фойдаланмаслик ва ёғоч материалларининг термитга қарши махсус моддалар билан ишланмаслиги;

- аҳоли қурилиш махсулотлари сифатида термитлар билан зарарланган ёғоч материалларидан такроран фойдаланганлиги;

- маҳаллий хокимиятлар томонидан аҳолига термитлар тарқалган ерлардан қурилиш учун участка ажратилиши; 

- термитлар тарқалган чўл худудларидан саксовулни ғамлаш, ёнилғи сифатида фойдаланиш ва ҳ.к. 

Термитларнинг табиий кушандалари: Термитлар билан озиқланадиган жониворларнинг 120 дан ортиқ тури қайд қилинган бўлиб улар орасида йиртқич чумолилар асосий ўринни эгаллайди. Кузатишлар шуни кўрсатдики чумолилар уяси термитлар уясига яқин жойлашган бўлса, чумолилар термитларга ҳужум қилиб улар сонини кескин камайтиради.

Катаглифис авлодига мансуб йиртқич чумолилар чопқирлар деб юритилиб, улар саотлаб термит уялари атрофида югуриб юрадилар. Якка термит учраса, чумоли уларга дарҳол ташланиб ўз уясига ташиб кетади. Мабода термит уясини пайқаб қолса, бунда бутун чумоли колониялари харакатга келиб, уяни хамма томонидан қуршаб олади ва термитларни ўз уясига ташиб кетади. Уяда қолган термитлар чумолилардан ҳимояланиш учун ер остини янада чуқурроқ қазиб ўз ҳимоясини такомиллаштирадилар. 

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, термит уяларларида нематода Caenorhabditis (Nematoda: Rhabditida) туркуми (Зафар Ханду, 2005 аниқлашича) ва каналар (Acotyledon oudemansi, Euroglyphus maynei) қайд қилиниб, улар ҳам термитлар миқдорини бир қанча камайтириши кузатилди. Табиий шароитда ермитларнинг нематодалар билан зарарланиш даражаси 22,3% ва зарарланган термитлардаги нематодалар сони эса 1-26 гача учрайди. 

Каналар термитларга қарши курашда муҳим ўрин тутади. Улар чириётган ёғоч ва термит мурдалари билан озиқланиб, уяда юқумли касалликлар келтириб чиқаради. Касаллик эса бутун термит озуқа галереясида тарқалиб, оиланинг катта қисми: ишчи, нимфа ва личинкаларини зарарлаб, термитлар сонини камайтиради (Лебедева ва бошқ., 2005). 

Умуртқали ҳайвонлар ҳам термитларнинг табиий кушан даси ҳисобланади. Термитлар билан озиқланадиган умуртқали ҳайвонларнинг 58 тури маълум бўлиб, улардан қуруқлик ва сувда яшовчилар – 1, судралиб юрувчилар – 25, қураш – 27 ва сутэмизувчилар 5 турни ташкил қилади (Шербина, Сухинин, 1968). 

Ўз ФА зоология институти олимлари, Урганч давлат университети билан ҳамкорликда Beauveria tenella ВД-85 штаммини Марказий Осиё чигирткалар популяциясидан ажратиб, бу замбуруғ штаммини термитларга қарши юқори самара беришини аниқладилар. Натижада патогенли ем-хўрак тайёрланилиб термитларга қарши қўлланилди. 

Термитларнинг озуқа танлаш хусусиятлари: Табиий шароитда чўл, чаласаҳро ва саҳро зоналарида термитлар асосан қуриган ўсимлик қисмлари билан озиқланади, бутазор ларга зарар етказади, шунинг учун ҳам яйловлар термитлардан катта зарар кўради. Табиий шароитда ишчи термитлар озиқасини бутун вегетация даврида, яъни апрел ойининг охиридан октябр ойигача тайёрлайди ва захира камераларини тўлдиради. Шуларни ҳисобга олиб Республикамиз флорасига оид 39 та ўсимлик поялари йиғилиб термитларга озуқа сифа тида синалганида, дастлабки кунданоқ термитлар кунгабоқар поясига лой-сувоқ ўраб, у билан шитоб озиқланиши аниқланди.

Термитларнинг ер юзига чиқиши: Термитлар айрим ҳолларда озуқа тўплаш мақсадида уяларидан ер юзига чиқадилар. Ҳашарот бундай очиқ ҳолда овқат йиғишни шамолсиз, илиқ кунларда, (булутсиз кунлари – эрталаб ва кечқурун, булутли кунлари эса кундузи) амалга оширади. Очиқ ҳолда озуқа йиғиш бевосита уялар ёки улар атрофида кузатилади. Термит чиққан жойлар метал қозиқлар билан белгиланилиб қўйилади.

Термитларнинг лой-сувоқ қилиши: Ўрта Осиё термит лари ёруғликдан чўчийдиган ҳашаротлар бўлиб махсус ҳимоя воситасиз яшай олмайди. Қуёш нури, шамол, иссиқ, совуқ уларга ҳалокатли таъсир қилади. Бундан ташқари термитларнинг кўпгина кушандалари мавжуд. Шунинг учун буюмларни зарарлашдан олдин, термитлар уларни ташқи томонидан лой- сувоқ қилиб олади. Лой-сувоқлар остидан туриб термитлар зарарлаши мумкин бўлган барча нарсалар билан озиқланади. 

Кураш чоралари: Термитларга қарши кураш чоралари ишлаб чиқилган бўлсада, уларнинг яширин ҳаёт тарзи, экологик ташқи муҳим омилларидан ҳимояланганлиги, термит уяларида улар табақаларининг функционал ихтисослашганлиги, улар сониннинг ниҳоятда кўплиги, кураш чоралари ўтказилган тақдирда ҳам оз қолган миқдордаги термит тезликда ўз популяциясини қайта тиклаш хусусияти амалдаги кураш чора-тадбирлари истиқболли эмаслигини яққол кўрсатади. Юқорида келтирганларни ҳисобга олган ҳолда, термитларга қарши экологик зарарсиз, юқори самарали янги кураш технологиясини ишлаб чиқиш талаб ҳилинди. 

Бу борада чет элларда термитларга қарши: АҚШ да (Su, Sche ffrahn, 1994; Su, 1992), Ҳиндистонда (Sharma, Vasudevan, Madan, 1991), Хитойда (Wang, 1992), инсектицидлар аралаштирилган алдамчи ем озиқалардан фойдаланган ҳолда термитлар сонини кескин камайтиришга мувоффиқ бўлинган.

Умуман олганда, термитларга қарши курашнинг муваффақияти, уларга қарши турли йўналишлардаги усул ва воситаларни ўз вақтида ишлатиш билан боғлиқдир. Бунда қуйидаги ларни назарда тутмоқ лозим

1. Қурилиш ишларига қадар тупроқдаги термитларни йўқ қилишга оид усуллар ва воситала:. Иморатлар қурилиши мўлжалланган ҳудудларда уй-жой, маъмурий бинолар ва бошқа қурилиш ишларини бошлашдан олдин тупроқнинг термитлар билан зарарланганлигини аниқлаш ва зарур бўлса, участкани зараркунандадан тозалаш тадбирларини амалга ошириш лозим.

2. Термитларни сув бостириб йўқотиш: Иморатлар қурилиши мўлжалланган майдонларда термитларни йўқотишнинг энг самарали усули – бунинг учун бино қуриладиган майдон атрофига баланд челлар олинади, ер суғорилади, тупроқ қуригандан сўнг чуқур қилиб чопилади ёки ҳайдалади. Тупроқ бетида сув бир неча кун туришини таъминлаш учун бинолар қурилишига мўлжалланган майдон сурункали равишда суғорилади. Термитлар қирилишини гаравлаш учун иморатлар қуришча мўлжалланган майдонлардан ҳам кенгроқ жойни сув бостириш зарур. Термитлар тарқалган жойларда қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш учун имконияти борича кўпроқ суғориладиган ва экин қатор ораларига тез-тез ишлов бериладиган экинлар экилиши керак.

3. Термитларни кимёвий препаратлар ёрдамида қириб йўқотиш: Термитларни юқорида келтирилган усул билан йўқотишда сув етарли бўлмаган худудларда: суми-альфа, 5% к.э. (10 л сувга 2 мл), VIDELTAMETRIN 10% (2 мл), фьюри (1 мл), ёки регент, 20% сус.к. (1 гр) ишчи эритмаси ёки эмульсия тузиб ишлатиш яхши натижа бериши мумкин. Бунинг учун иморатлар қурилиши мўлжалланган майдонларда кимёвий препаратларнинг юқорида келтирилган меъёрларда ишчи суюқликлари пуркагич ёрдамида ишлаб чиқилади. Кетидан тупроқ ағдари либ чопиб чиқилади ва йўл ғалтакмаси билан ер зичланади.

4. Термитлар уясини қазиш билан бир вақтда кимёвий препаратларни қўллаш: Термитлар уяси устки томондан кимёвий препаратларнинг сувли эритмаси билан пуркалади. Кейин уя кавланиб тупроги термитлари билан белкурак ёрдамида ташқарига чиқарилади ва бирор бир препарат эритмаси билан секин-аста бир маромда ишланади. Шундан сўнг, тупроқ заҳарланган термитлар билан қайта чуқурга ташланиб зичланади. 1,60 м чуқурликдаги 1,50 м диаметрдаги термит уясини ишлаш учун юқорида келтирилган препарат лардан бирининг 100 л ишчи суюқлиги сарфланади.

5. Термитларга қарши пишиқ бинолар қуриш: Уйлар қурилиши амалга ошириладиган лойиҳалар комплекс тадбир ларнинг моҳияти шундаки, термитлар ер ости уясидан уйларнинг ёғоч конструкциялари ва бошқа қисмларига бўлган йўлига ўтиб бўлмайдиган кучли механик тўсиқ – термитоизоляция ҳосил қилишдир. Шу мақсадда ишлаб чиқилган ва жаҳон амалиётида бир неча ўн йиллаб синалган қўйидаги қоидаларга амал қилиш зарур. 

Ёғоч конструкцияли бинолар термитларни ўтказмайдиган, фундамент ва таянч деворларининг пастки қалинроқ қисми баландроқ бўлган, пишган ғиштларни теришда эса юқори маркали цементдан тайёрланган мураккаб қоришма ишлатилган, темирбетон ва бошқа термитларга қарши пишиқ материаллардан дастлаб тупроғи зичланган бетон ёстиққа жойлаштирилган асосга ўрнатилиши керак, ёки иморатнинг ярим ер тўласи тамоман шу материаллардан ишланган бўли ши керак. Мураккаб қоришма таркибидаги оҳакнинг миқдори 15% дан ошмаслиги лозим.

Иморатнинг ёғочли конструкциялари (термитга қарши моддалар билан шимдирилган) тупроқга тегмаслиги ва ундан 0,5 м баландликда бўлиши керак. Чиқиш жойи ва зинапоялар термитга қарши пишиқ материаллардан пухта қилиб қурили ши даркор.

Иморатнинг ёғочли конструкциялари остидаги тош фундамент ва деворнинг пастки қалинроқ қисми цемент қоришмаси (1:1) билан 3 см қалинликда ёппасига сувалиши ёки бир-бирига зич тақалган, чеккалари (ички ва ташқи) ташқарига 5 см чиқиб турадиган ва (45°бурчак ҳосил қилиб) зангламайдиган метал табақа ётқизилиши, ёки пастки қават қоқ ярмигача ёппасига бетондан ишланган бўлиши керак. Иморат тагидаги тупроқ қуруқ бўлиши учун, нам жойлардаги захни қочириш (дренаж)ни таъминлаш зарур.

Ертўладан хўжалик эҳтиёжлари мақсадида фойдаланиш, айниқса ўтин ва қурилиш ёғоч материалларни сақлашга чек қўйиш керак. Бундай жойлар яхши шамоллатилмоғи керак.

Ҳаммом, кир ювиш ва ошхона сингари ҳаводаги намлик юқори бўлган хоналарни қуришда ёғоч материаллардан фойдаланиш мутлақо ярамайди.

Қурилиш жараёнида иморат остидаги ва атрофидаги барча кераксиз ёғоч буюмларни иморатдан узоқлаштириш керак. Иморат остидаги тупроқ ёғоч материаллардан, ўсимлик илдизи ва қолдиқларидан тозаланиш керак. Қурилиш тугатилиши биланоқ унинг атрофидаги 1-1,5 м кенгликда майдонча бетон ёки асфальт ётқизилиши керак. 

Термитларга қарши кураш мувафаққияти бевосита улар га қарши курашнинг профилактика (олдини олиш) қоидаларига амал қилишга боғлиқ.

Иморатнинг осон зарарланадиган қисмларини тупроқдан қатъий ажратиб қўйиш термитларни унга суқилиб киришига чек қўяди. 

6. Биноларни термитлардан ҳимоя қилиш: Турар жойларда ва бошқа биноларда термитларга қарши ўтказиладиган олдини олиш ва уларни қириш чоралари бир қанча тадбирлардан иборат. Иморатлар атрофида ҳимоя йўлларини қуриш, лозим. Бунинг учун фундамент атрофи бўйлаб иморатнинг ташқи томонидан эни 1м, чуқурлиги 80 см бўлган ҳандақ қазиб чиқилади. Тупроғи олинган ҳандақнинг ички деворлари кимёвий препаратларнинг сувли эритмаси билан мўл-кўл қилиб пуркалади. Ҳандакни ковлашдаги қазиб чиқарилган тупроқни ҳам препарат сувли эритмаси билан мўл-кўл хўллаб тупроқ ҳандакга қайта тортилади ва зичланади. Иморат атрофидаги ҳимоя йўлаги бутун узунликда бир йўла ковланмасдан, балки қисмларга бўлиниб бажарилади. Бундай тадбирлар натижасида зарарланган иморатдаги термитлар ташқи муҳитдан ажралиб қолади ва қириб ташланади.

7. Термитларга қарши курашда патогенли ва заҳарли ем-хўраклардан фойдаланиш: ЎзФА зоология ИТИ да кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотларда турли патогенли микроорганизмлар ҳамда кимёвий инсектицидлар билан шимдирилган алдамчи-ем тайёрланиб маҳсус цилиндр контейнерларда термитларга қарши ишлатиш усули яратилди. Бундай унча катта бўлмаган контейнерлар термитлар харакатланаётган излар бўйича жойлаштирилади; термитлар уни ишғол этиб заҳарли асосни биридан-бирига юқтириб инигача олиб бориб оммовий қирилади. Демак бу усул масалага чуқур ёндошишга имкон аратади (бу усулга яқиндан қизиққанларга).

Манба:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Илмий-услубий бирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш Президиумининг қарорига асосан 600000-Қишлоқ ва сув хўжалиги билим соҳасининг 5620300-“Ўсимликлар ҳимояси ва карантини” бакалавр йўналиши талабаларига дарслик сифатида чоп этишга рухсат этилган.  


Report Page