...
AGROBLOGERФарғона вилоятининг Қува туманида жорий йил ҳосили учун 5 минг 255 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли бажарилаётгани ҳосилдорликни оширишга замин яратмоқда.
– Фермерларимиз ғаллачиликда катта тажрибага эга, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Озодбек Ристаев.
– Баравж ўсаётган майсалардан ҳам уларнинг омилкорлигини билса бўлади. Майдонларга “Ўзбекистон-25”, “Давр” каби синалган навлар экилган. Экинларни минерал ўғитлар билан озиқлантириш, бегона ўтлар ва занг касаллигига қарши дорилаш ишлари бажарилмоқда. Эътиборли жиҳати, ҳар бир фермер ҳосилдорликни камида 70 центнердан оширишни ният қилган. Ҳозирги кунда 232 та ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларида ғалла парваришлаш давом этмоқда.
Тумандаги “Барака Қува ун” ғаллачилик кластери фермер хўжаликлари билан шартнома тузган бўлиб, ҳар томонлама кўмак кўрсатмоқда. Албатта, ғалла парваришида минерал ўғитларнинг аҳамияти катта. Экинни озиқлантиришда маҳаллий ўғитдан ҳам фойдаланилса, ниҳоллар баравж ривожланади, сувга бўлган талаби камаяди. Белгиланган чора-тадбирлар асосида далаларга маҳаллий ўғит чиқариш, экинларни “шарбат” усулида суғориш ва азотли ўғитлар билан озиқлантириш амалга оширилмоқда.
“Одилжон Ҳамроқулов” фермер хўжалиги ғалла ва пахтадан ҳар йили мўл ҳосил олиб келмоқда. Жорий йилда улар ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда. 19 гектар майдондаги майсалар баравж ривожланаётган бўлиб, уч марта озиқлантирилди ва суғорилди.
– Ерга меҳр берсанг унинг самарасини албатта, кўрасан, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Каримжон Ҳамроқулов.
– Баравж ўсаётган майсаларни кузатиб, қувонаман. Буғдой парваришида илғор тажрибаларни қўллаш, ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида, сифатли бажариш мўл ҳосил тўплашда асосий омиллардан биридир. Уч марта минерал ўғит бердик. Ўтган йилда 90 центнер ҳосил олганмиз. Жорий йилда эса ниятларимиз бундан-да катта.
AGROBLOGER канали
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА