...

...

AGROBLOGER

Мева дарахтларининг қанча сув сарфлаши иқлим омиллари, ўсимликларнинг табиати, уларнинг ёши, ҳосилнинг миқдори ва қўлланиладиган агротехнологик тадбирларга қараб белгиланади.

Ўзбекистон текисликларида ёғингарчилик кам бўлиб, йиллик ёғин миқдори 200-350 мм ни ташкил қилади. Хоразм ва Қорақалпоғистонда эса янада камроқ ёнғин ёғади. Ёғингарчилик кўпинча куз, қиш ва эрта баҳорда бўлади. Май-октябрь ойлари мобайинида ёғингарчилик деярли бўлмайди.

Намликнинг бу миқдори ўсимликнинг бутун ўсув даврига етмайди. Шунинг учун, боғдорчиликни суғориш билангина олиб бориш мумкин. Фақат 1000 м ва ундан ҳам баланд тоғ этакларида, анча (700 мм ва ундан ҳам ортиқ) ёғин ёғадиган ҳамда ёз салқинроқ келадиган шароитда лалми (суғорилмайдиган) боғдорчилик билан шуғулланиш мумкин. Суғориш боғларни намлик билан таъминлабгина қолмай, балки унинг мироиқлимини ҳам яхшилайди.

Суғориш тупроқдаги микробиологик жараёнларнинг кечишига ва солинган ўғитлардан тупроқ ва тўлиқроқ фойдаланишга, фотосинтезнинг кучайишига, ўсимликларда озиқ моддалар тўпланишига ва шу туфайли дарахтнинг тезроқ ўсишига, ҳосилдорликни ортишига ва совуққа чидамлигини оширишга ҳам ёрдам беради.

Тупроқ намлигининг ошиб кетиши (кўп миқдорда ва катта нормада суғориш) ҳам боғ учун зарарлидир, чунки бунда тупроқ ботқоқланиб, унинг физикавий хоссалари, айниқса ҳаво режими ёмонлашади, илдиз тизимининг ўсиши ва фаолияти учун ноқулай шароит пайдо бўлади.

Захлатиб суғориш дарахтларнинг ўсишини кечиктириб юборади ва уларнинг совуққа чидамлигини камайтиради.

Шира ҳаракати бошланган даврида ўсимликлар, айниқса намга талабчан бўлади. Новдалар ўсган, барглар кўпайган, мевалар ҳосил бўлган ва катталашган сари талаб ошиб боради. Вегетация даври охирига бориб ўсимликларнинг сувга бўлган талаби камаяди.

Боғда тупроқ намлигини кузатиб бориш ва унинг ўсимликларнинг сўлиб қоладиган даражада қуриб қолишига йўл қўймаслик керак.

Тупроқнинг намлиги ва суғориш меваларнинг миқдорига ҳам таъсир қилади. Кам нормада, шунингдек кечиктириб суғориш, айниқса, мўл ҳосил берадиган йиллари меваларнинг тўкилиб кетишига сабаб бўлади.

Тупроқ намлиги етарли бўлмаса меваларнинг ўртача вазни камайиб кетади. Кандиль - синап нав олманинг ўртача вазни икки марта суғорилганда мевалар йирикроқ бўлади (лекин маълум чегарагача). Суғоришлар меванинг рангини ҳам яхшилайди.

Етарли даражада суғормаслик олма ва нокнинг сақланиш муддатини икки ҳафтагача қисқартиради ва уларнинг таркибидаги шакар ва кислоталар миқдорини камайтиради.

Ўсимликларнинг сувга бўлган талаби турли усулларда аниқланади. Буни илдиз жойлашган қатламдаги (30-100 см) тупроқ намлигига қараб, тўлиқ ҳосилга кирган дарахтларда 30-150-200 см (турига, илдизларнинг тупроққа кириш чуқурлигига қараб) буни жуда аниқ белгилаш мумкин. Ўсимликларнинг намлик билан таъминланганлигини ташқи белгилари: барглар рангининг ўзгариши, уларнинг сўлиши, новдаларнинг ўсишдан тўхташи ва бошқалардан амалиётда фойдаланилади.

Ўсимлик ички ҳолатининг кўрсаткичлари бир мунча ишончли, мева ўсимликлари илдиз ва баргларининг сўриш кучи ҳажмини аниқлаш осон.

Ҳар қайси ўсув фазасида сув билан тўлиқ таъминланган маълум пайвандтагда, минимум, ҳар қайси тур, дарахтнинг ёшига қараб суғоришни қачон ўтказиш кераклиги, унинг ҳажми олдиндан белгиланади. Ўсув фазасининг маълум даврда сўриш кучининг ҳажми навбатдаги суғориш муддатларини билдиради.


@AGROBLOGER канали

dehqon.uz

Report Page