...

...



Кўп йиллик оқ жўхори озуқабоплиги, қурғоқчиликка ва шўрхок ерларга чидамлилиги таркибининг яхши тўйимлилиги ҳамда кўп йиллар давомида қайта ўсиши каби сифатлари билан юқори баҳоланади. Кўп йиллик оқ жўхорини беда билан аралашма ҳолда экилганда 3 йил давомида уларнинг на фақат ҳосилдорлиги ортиб қолмасдан, балки улардаги ялпи қуруқ модда ва озуқа бирлиги ҳам ортади. Бунда карбон сувларини оқсилга бўлган нисбати яхшиланади. Олиб борилган тажрибалар кўп йиллик оқ жўхорини тоза ва беда билан аралаштириб етиштириш технологияси бўйича ишлаб чиқаришга қуйдаги тавсияларни беришни тақозо қилади.

Тупроқни тайёрлаш: Гектарига 60-90 кг (соф ҳолда) фосфорли ўғитлар солиб, 28-30 см чуқурликда ер шудгорланади. Баҳорда ерни текислаш, бороналаш, чизеллаш, молалаш тадбирлари амалга оширилади. Агарда ер шўрланган бўлса, фосфорли ўғитлар ернинг шўри ювилганидан сўнг экишдан олдин берилади.

Экиш муддати: Кўп йиллик оқ жўхорини тоза ҳолда республикамизнинг марказий вилоятларида апрел ойининг охири май ойининг бошларида, жанубий вилоятларда апрел ойининг бошида, шимолий вилоятларда май ойининг ўрталарида экиш тавсия этилади. Аралашма ҳолда бу экинни беда билан экиш, бедани биологик хусусиятини ҳисобга олган ҳолда бедани экишдан 2 ҳафта олдин экиш тавсия этилади.

Экиш: Кўп йиллик оқ жўхори тоза ҳолда экилганда кенг қаторлаб СПЧ-6 М сеялкасида ёки бошқа сеялкаларда 60, 70 ёки 90 см кенгликда гектарига 10-12 кг уруғлик сарфланади. Уруғни экиш чуқурлиги 2-3 см –ни ташкил этади. Аралашма экинларнинг энг яхши умумлаштирилган дон экиладиган СЗТ48 ва бошқа сеялкаларида суғориш эгатларига кўндаланг ҳолда экилади. Бунда кўп йиллик оқ жўхорининг қатор ораси 60см ва экиш меъёри 12 кг/га беда тор қаторлаб ёки ёппасига гектарига 18-20 кг/га ҳисобидан экилади. Уруғни экиш чуқурлиги 1-2 см –ни ташкил этиб, экилгандан сўнг, суғориш учун қаторлар олинади. Экинларга ишлов бериш. Ниҳоллар тўлиқ униб чиққандан сўнг, кўп йиллик оқ жўхорини тоза ҳолда экилган майдонлардан бегона ўтларни йўқотиш учун 1-2 маротаба культивация қилиш тавсия этилади. Аралашма экинларни қатор ораларига ишлов берилмайди. Кўп йиллик оқ жўхори тоза ҳолда экилган майдонларда ҳар ўримдан сўнг, қатор орасига ишлов бериш лозим. Иккинчи ва учинчи йилларда баҳорда ўсимликлар ўсиб чиқиши, ривожланишини яхшилаш учун қатор ораларига ишлов бериш тавсия этилади. Ўғитлаш. Тоза ва аралашма ҳолда экилган кўп йиллик оқ жўхорига ҳар йили ўсимликларнинг ўсув даври олдидан 80-90 кг/га соф ҳолдаги фосфор билан озиқлантирилади. Минерал ўғитлар НРУ-05 ўғит сепадиган техникада сепилади ва ундан сўнг борона қилинади. Азотли ўғитлар 10-12 та барг ўсиб чиққандан сўнг гектарига 30-50 кг ҳисобидан, биринчи, иккинчи, учинчи ўримдан сўнг юқоридаги меъёрда азот билан озиқлантирилади, тоза ҳолда экилган майдонларга культиваторлар, аралашма ҳолда экилган майдонларга НРУ-05 ёрдамида ўғитлар солинади.

Суғориш: Тоза ва аралашма ҳолда экилган майдонларда суғориш муддатлари минерал ўғитлар билан боғлиқдир. Тоза ҳолда экилган экинларга культиваторларда эгатлар олингандан сўнг, аралашма экинларда мавжуд бўлган эгатлардан суғорилади.


Ҳосилни йиғиштириш: Биринчи йилда тоза ва аралашма экинлар ҳосилини йиғиштиришда КПИ-2,4, КУФ-1,8 ва бошқа техникалар билан ёш ўсимликларни шикастламасдан ўрилади. Иккинчи ва учинчи йилларда ўсимлик бошлари шаклланиб ўсиш нуқталари ривожлангандан сўнг, йиғиштириш учун юқорида айтилган техникалардан ташқари КИР-1,5 дан фойдаланиш мумкин.

Йиғиштириш муддати-тоза ҳолдаги экинлар учун бошоқлаш даври, аралашма экинлар учун бедани гуллаш даврида амалга оширилади. Кўрсатилган тавсияларга амал қилинса 3 йил давомида кўк озуқалардан юқори ҳосил олишга замин яратилади.


Манба:

Report Page