...
Олмани қумда сақлаш. Қум сувда ювиб, тозаланади ва намлиги 30% бўлгунигача қуритилади. Яшик тагига 3-4 см қум солинади, устига бир қат олма терилади, устига яна 1-1,5 см қалинликда қум солинади, устига яна бир қат олма солинади ва ҳ. Бунда олмалар мартгача сақланади.
Олмани ёғоч қириндисида сақлаш. Намлиги 12% бўлган майда ёғоч қириндиси ишлатилади. Яшикларга қоғоз тўшалади, қоғознинг кўпроқ қисми тахланган меванинг устини ёпиш учун яшик четига чиқариб, қолдирилади. Тўшалган қоғоз устига қиринди қатлами солинади, сўнг бир қат олма терилади. Олмани қоғоз билан ёпиб, қоғоз устига яна қиринди қатлами солинади ва ҳ. Меваларнинг охирги юқори қатори устига қиринди солинади, қоғоз билан ёпилади. Бу усулда меваларни январь охири – февраль бошларигача сақлаш мумкин.
Меваларни “соякихонада” сақлаш. Ўзбекистоннинг жанубий-ғарбидаги тоғ ва тоғ олди туманларида мевалар соякихона типидаги биноларда сўкчакларда, тўкма ҳолда февраль-мартгача сақланади. Хона ҳарорати тешикларни очиш ёки ёпиш орқали созланиб турилади.
Меваларни ўрада сақлаш. Сизот сувлар чуқур жойлашган жойларида чуқурлиги 2,0-2,5 м келадиган ўра қазилади. Ўранинг ён томонидан йўл очиб, қум қатлами солинади, унинг устига олма териб, яна қум солинади ва ҳ. Ўра ёғин-сочин ўтмайдиган қилиб пухта ёпилади. Ҳаво алмашинуви учун туйнуклар қолдирилади, улар шароитга қараб очиб ёки ёпиб турилади. Бунда мевалар февраль- мартгача сақланади.
Узумни осиб сақлаш. Кесиб олинган узум бошлари сал сўлиши учун 1-2 кун шийпон тагига ёзиб қўйилади. Сўнг узум бошлари иккитадан каноп билан боғланади ва шифтга ёки махсус ромчаларга осиб қўйилади. Узум 0оС...+8оС ҳарорат ва 70-80% ҲНН да сақланади. Бу усулда узумни февраль-мартгача сақлаш мумкин. Сақлаш охирида узумнинг кўпчилиги буришиб қолади, аммо таъми ва сифати сақланади.
Узумни бордонда сақлаш. Бу усулда узум пахса деворли, сўрувчи қувурлари бўлган, яхши шамоллатиладиган, деворларида 2-3 мўрили биноларда сақланади. Девор бўйлаб 3-4 ярус қилиб қамиш бордон ўрнатилади. Сараланган узум бошлари бандини тепага қаратиб бордонларга бир қатордан терилади ва 50-60 дақиқа давомида бинода олтингугурт тутатилади (30 г/м3). Узум ҳар 15-20 кунда текшириб ва саралаб турилади.
Сотувга чиқариладиган узум ва меваларнинг ҳарорати аста-секин 6-8оС га оширилади. Агар буни амалга ошириш учун шароит бўлмаса, узум ва мевалар юқорироқ ҳароратли камерага ўтказилади, у ерда яшикларни очмасдан, 2-3 кун сақланади. Акс ҳолда узум ва меваларнинг пўсти қораяди ва улар бозорбоплигини йўқотади.
Мева-узумни қуритиш. Олма ва нокнинг яхши пишган, аммо юмшаб кетмаган мевалари қуритилади. Олма оқ рангини йўқотмаслиги учун 2-3 дақиқага намакобга солинади, нок эса қайноқ сувга ботириб олинади. Кейин меваларни кесиб, офтобда, шамол
яхши юрадиган жойда 3-4 кун (ёки кўпроқ вақт) давомида қуритилади. Ўрик ва шафтоли мевалари ўткир пичоқ билан иккига бўлинади, бирор ясси идишга бир қатор қилиб терилади ва офтобда тахминан 4-5 кун давомида қуритилади. Олхўрининг қора тусли, серэт ва ширин навлари танлаб олинади ва офтобда тахминан 2-3 кун давомида қуритилади. Мевалар сўлигач, улар ясси идишга 2-3 қатор қилиб терилади ва сояда, шамол яхши юрадиган жойда, тайёр бўлгунигача яна қуритилади. Анжир ҳам худди шу усулда қуритилади. Қуритиш жараёнида меваларни уларнинг устига сув томчилари (шудринг, ёмғир ва ҳ.) тушишидан асраш лозим. Узумдан майиз ва кишмиш тайёрлаш – халқ кенг қўллайдиган сақлаш усулларидир. Қуритилган маҳсулот 10оС ҳарорат ва 50-60% ҲНН да сақланади