...

...



Мевали дарахтлар яхши ўсиши ва ривожланиши учун улар минерал элементлар билан таъминланган бўлиши керак. Агар улардан биронтаси керак бўлган минимал миқдордан кам бўлса, дарахтларда хлороздан бошлаб шохлари қуриб қолишигача бўлган ҳар хил симптомлар пайдо бўлади. Агар бирор элементнинг концентрацияси жуда юқори бўлса, унда дарахтлар заҳарланиши белгилари намоён бўлади.

Дарахтлар минерал элементлар билан таъминланиш даражасини қуйидаги метод ёрдамида аниқланади. Июль ойи ўртасида шу йилги новдаларнинг ўрталаридан барглар олинади, улар қуритилади ва катаклари 40 меш бўлган элакдан ўтадиган ўлчамгача майдаланади. Улар ёқилади ва олинган кул атом адсорбцияси ёки бошқа бирор кимёвий метод ёрдамида таҳлил қилинади. Одатда таҳлил учун ҳар бир дарахтдан 1-2, ҳаммаси бўлиб камида 100 та барг олинади. Агар фақат битта дарахт текширилиши керак бўлса, 20-40 та новдадан биттадан барг олинади. Агар мевани таҳлил қилиш лозим бўлса, камида 10 та мевадан понача шаклли намуна кесиб олинади, чангсимон масса тайёрлаш учун улар лиофил усул ёрдамида қуритилади.

Минерал элементлар концентрацияларининг дарахтлар учун ўткир етишмаслиги, ўртача етишмаслиги, нормал таъминланган бўлиши ва миқдори ҳаддан ташқари юқори бўлишини ажратишади (5-жадвал).


Азот етишмаслиги кузатилганда дарахтлар танаси кичраяди ва бўйи пасаяди, ўткир етишмаслик бўлса, барглар оч-яшил тус олади, мевалар ўлчами ва ҳосил камаяди. Бундай дарахтларга азот берилса, брахибласт баргларининг ўлчами ошади, мавсум бошида фотосинтез кучаяди ва гул куртаклари кўпаяди. Аммо ниҳолларда азотнинг юқори миқдорлари гул куртаклари сонини камайтиради.

Олма дарахтлариги кўп азот берилганда унинг миқдори баргларга нисбатан меваларда тезроқ кўпаяди. Масалан, июль ойи ўртасида новдаларнинг ўртасидан олинган барглар намуналарида азотнинг концентрацияси 25 фоизга (ва, мутаносиб равишда, қуруқ модда бўйича 2% дан 2,5% гача) ортиши меваларда азот миқдори 100% дан ортиқроққа (қуруқ модда бўйича 0,2% дан 0,45% гача) кўпайишига олиб келади. Натижада қуйида “Кальций” бўлимида баён этилган мева касалликлари кузатилади.

Калий ўткир етишмаслигининг олма ва нокдаги асосий белгиси барглар куйган шакл олишидир. Олдин барглар ўзига хос бўлган яшил тусини йўқотади, сўнгра устида доғлар пайдо бўлиб, улар некрозларга айланади. Олма барглари куйиши уларнинг четларидан бошланади, нокда баргларининг ўрталарида катта некрозлар пайдо бўлади. Калийнинг миқдори баргларда 1% бўлса, уларда куйиш белгилари кўринмайди, аммо мевалари кичик бўлиб қолади ва ранги ўзгаради (масалан, қизил мевалар ўрнига ноаниқ-қўнғир тусли мевалар ривожланади). Калий 1% дан кам бўлса, дарахт ўсиши секинлашади, новдалар ингичка ва калта бўлиб қолади, уларнинг қуруқ оғирлиги камаяди.

Кальций элементининг ўткир етишмаслиги (баргнинг қуруқ массасида кальций миқдори 0,5-0,6%) кузатилганда ёш, фаол ўсаётган олма ва нок новдалари учларида хлороз ривожланади. Қуруқ моддада кальций миқдори 1% ёки камроқ бўлса, мевалар ҳам зарарланади ва вақтидан олдин пишиб етилади, 1,8% ва ундан кўпроқ бўлганида касаллик белгилари ривожланмайди. Кальций етишмаслигининг бошқа, диагностик белгиси – мевалар (айниқса ранги сариқ бўлган олма мевалари) қобиғидаги кавакчалар бўртиб чиқишидир.

Олма ва нок меваси этининг қуруқ моддасида кальцийнинг нормал миқдорлари 0,01 ва 0,03 орасидадир. Кальций етишмаслигининг белгилари ривожланиши ўсимлик модда алмашинувидаги бошқа камчиликлар мавжуд бўлиши билан ҳам боғлиқ (олма меваларида ҳужайралар бўлиниши бузилиши, сорбитол йиғилиши, доғ, чатнаш, буришиқлар ва ботиқ жойлар пайдо бўлиши, нок меваларининг қобиғи доғланиши ва бир томондан қорайиши). Агар бундай камчиликлар бўлса, кальцийнинг миқдори 0,025% дан кам бўлмаслиги лозим, бўлмаса – унинг кам миқдорлари ҳам етарли бўлади.

Кальций билан боғлиқ бўлган касалликлар пайдо бўлишида тўқимадаги азотнинг миқдори катта роль ўйнайди. N:Ca нисбати олма мевасининг этида 10 дан 30 гача бўлиши мумкин. Бу нисбат 10 бўлганида мева соғлом, 30 бўлганида эса деярли доим касал бўлади. N:Ca нисбатини тўғрилаш учун дарахтларга кальций бериш эмас, балки киритиладиган азотли ўғит миқдорини камайтириш тавсия қилинади.

Олма меваларини териш ва омборхонада сақлаш пайтида уларнинг устида жигарранг доғлар ва сўнгра ботиқ жойлар пайдо бўлади. Бунинг сабаби мева этида кальций етишмаслиги (ҳар 100 г ҳўл мева эти таркибида 5 мг кальций бўлиши зарур) ҳамда калий ва магнийнинг кальцийга нисбати юқори бўлишидир.

Мева этида минераллар баланси бузилганда, кальций кам ва азот кўп бўлганида, нокнинг (сиртидан соғлом кўринадиган) Д’Анжуй нави меваларининг ичи чирийди. Бунга қарши ёзда дарахтларга CaCl2 ёки CaNO3 эритмаларидан бирини пуркаш ёхуд терилган меваларни кальций эритмасига ботириб олиш тавсия қилинади.

Омборхоналарда сақланаётган меваларга кальций ва бошқа минерал моддалар етишмаслиги ёки уларга дарахт ўсув даврида кузатилган элементлар дисбаланси таъсирлари ҳақидаги бошқа маълумотлар “Меваларни сақлаш” бобида ҳамда 16-жадвалда келтирилган.

Магний ўткир етишмаслиги баргларнинг томирчалари ораларида хлороз пайдо бўлиши, баъзи шохларда ёки бутун дарахтда барглар эрта тўкилиши, мевалар кичик бўлиб қолишига олиб келади.

Темир. Ўсимлик баргларидаги темирнинг 80 фоизи хлоропластларда жойлашади, шу сабабдан темирнинг ўткир етишмаслиги кузатилганда баргларнинг томирчалари ораларида хлороз ривожланади. Хлоропластлар яхши ривожланмаслиги туфайли ёш барглар биринчи бўлиб зарарланиши ва хлорозлар некрозга айланиши мумкин. Темирнинг ўткир етишмаслигининг сабаби тупроқда темир кам бўлиши ёки бикарбонат ионлари мавжудлигидир. Бикарбонат ионлари кўпинча рН кўрсаткичи юқори тупроқларда ва суғориш сувларида мавжуд бўлади ва улар темирни ўсимлик илдизлари ўзлаштира олмаслигига олиб келади. Таркибида темир кам бўлган тупроқда ўсаётган дарахтларнинг баргларида хлороз ривожланади, бикарбонатлар туфайли темирни ўзлаштира олмаётган дарахтлар барглари эса хлороз билан жуда кучли зарарланади ва деярли оқ тус олади, хлорозлар некрозга айланади (62-расм).

Бор. Борнинг концентрацияси керагидан ортиқ бўлганида (қуруқ моддада 60-70‰) олма мевалари вақтидан олдин етилади ва тўкилади. Унинг миқдори етарли бўлмаганида (25‰) дарахтларда куртаклар ёзилиши 1 ҳафта кечроқ бошланади, ясси шаклли мевалар ҳосил бўлади, баъзан нок мевалари чатнаб кетади (63-расм), тўқималарга кальций элементининг ўтказилиши бузилади, бу эса ўткир кальций етишмаслигига олиб келиши мумкин.

Баргларда борнинг концентрацияси 14-21‰ бўлганида меваларнинг ичи пўкаксимон ва ғовак бўлиб қолади, қуруқ чириш ривожланади, мевалар хунук шакл олади, 12‰ ёки камроқ бўлганида ёз охирида новдалар қуриб қолади, терминал новдалардаги барглар хлороз билан қопланади, томирлари қизғиш тус олади, тугунлар ораси қисқаради ва розетка ҳосил бўлади.

Бор етишмаслиги белгиларини тезда йўқотиш учун дарахтларга унинг эритмасини пуркаш мумкин, аммо бу муаммо узоқ вақтгача қайтарилмаслиги учун борни тупроққа киритиш лозим.

Рух етишмаслигининг энг характерли белгиси олма ва нок новдаларида кичик, тор, усти доғчалар билан қопланган барглар розеткаси пайдо бўлишидир (64-расм). Бундай новдалар кейинги йили қуриб қолиши мумкин. Ўткир рух етишмаслиги (25‰ ёки камроқ) кузатилганда ҳам барглар кичик бўлиб қолади, томирчалари орасида хлороз ривожланади (65-расм). Рух етишмаслиги кўпинча таркибида Zn кам, P ва Ca нинг катта миқдорлари бўлган қумоқ тупроқларда кузатилади.

Марганец олма ва нокка ўткир етишмаслиги кузатилганда етилган барглар томирчалари орасида хлороз ривожланади, кучли шамол бўлса, улар тўкилади.

Олма ва нок марганец билан заҳарланиши нордон тупроқларда, айниқса Делишес ва Жонатан навларида жиддий муаммодир. Уларнинг баргларида хлороз пайдо бўлади, барглар вақтидан олдин тўкилади, гулкуртаклар кам ривожланади. Новдалар пўстида некротик ғуддалар ва чатнашлар пайдо бўлади. Зарарланган тўқималарда марганецнинг миқдори 500‰ (керагидан 10 марта кўп) бўлиши мумкин. Кураш чоралари – тупроққа оҳак эритмаси (100 л сувга 13 кг оҳак, сарфи – бир дарахт тагига 8-10 л) қуйиб чиқиш ва азотли ўғит бермасликдир.

Олма хлорози Ўзбекистон (Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида) ва Қозоғистонда олмада тарқалган бу касаллик барглар (томирлари оралари) ўз вақтидан олдин сарғайиши, уларда хлорофилл парчаланиб кетиши ёки ҳосил бўлмаслиги, кучли зарарланган барглар оқариб қолиши ва қуриши билан таърифланади. Новдаларнинг устки қисмларидаги барглар кучли зарарланади, одатда пастки барглар яшил рангини сақлаб қолади. Касалликнинг биринчи белгилари серёмғир баҳордан иссиқ ва қуруқ об-ҳаволи ёз мавсумига ўтиш пайтида намоён бўлади. Хлорозга қарши кураш чораларидан боғ яратишда тупроқ танлашга эътибор қилиш (енгил, кулранг, ориқ, ювилган тупроқларни танлаш), дренаж ёрдамида ерости сув сатҳини пасайтириш, дарахтлар орасида бир йиллик экинлар ва вақти-вақти билан кўп йиллик ўтларни экиш, ҳар 5-6 йил экилмаган шудгор қолдириш, касаллик бошланиши билан темир комплексонининг (хелатланган темирнинг) 0,2-0,3%-ли эритмасини пуркаш, профилактик чоралардан эрта баҳорда дарахтларга

3-5%-ли, куртаклар шишганда ёки барглар ёзилганда ва ундан 7-10 кун сўнгра 0,5-0,7%-ли темир сульфат эритмасини пуркаш тавсия қилинади .


Манба: МЕВАЛИ ВА ЁНҒОҚ МЕВАЛИ ДАРАХТЛАР, ЦИТРУС, РЕЗАВОР МЕВАЛИ БУТАЛАР ҲАМДА ТОК КАСАЛЛИКЛАРИ ВА УЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ



Report Page