...

...

FERMER

Фарғона шаҳридаги "Оқариқобод" маҳалла фуқаролар йиғинида қуёнчилик кооперацияси фаолияти йўлга қўйилди. “VODIY FOOD-2020 ” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 2 миллиард сўм бўлган қуёнчилик кооперацияси ташкил этилиб, 50 та хонадонга 10 донадан бепул зотдор она қуёнлар етказиб берилди.

Жорий йил иккинчи чорагида қуёнчиликка ихтисослашган хонадонлар қамровини 100 тага етказиш мақсад қилинган. Олдиндан қуёнчилик билан шуғулланиб келган Шерзод Мамажонов ҳам кооперациядан 10 бош қуён олди ва эндиликда 70-80 бош қуённи парваришламоқда.

– Оиламиз билан биогомус тайёрлашни ҳам йўлга қўйганмиз. Хонадонимиздаги мавжуд иссиқхонага йил давомида ҳосил олиш имкони бўлган қулупнай экканмиз. Энди қуёнчиликни ҳам янада ривожлантириб, йил давомида 50 миллион сўмгача даромад олиш имконига эга бўлдик, – дейди Шерзод Мамажонов. – Мутахассисларнинг фикрича, қуён гўшти таркибида ёғ ва холестерин моддаси камлиги боис аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт пуфаги, жигар хасталикларида даво бўлади. Инсон организмида тез ҳазм бўлади ва тўлақонли оқсил моддасига эҳтиёжи юқори бўлган мактабгача ёшдаги болалар, ўсмирлар, эмизикли аёллар ва кекса ёшдагилар учун жуда фойдалидир.

Эътиборлиси, қуёнчилик билан шуғулланишни бошлаган хонадон эгалари йил давомида кўпайган қуёнларнинг 20 фоизини тадбиркорга қайтаради, қолгани эса ўзиники бўлиб қолади. Йилига 120 тонна қуён гўшти маҳсулотини тайёрлашни режа қилган кооперация эса етиштирилган қуёнларни ўзи сотиб олади ва бу ҳам аҳолига қулайлик яратади. Ишлаб чиқариладиган қуён гўшти маҳсулотини ички бозорга ҳамда хорижий давлатларга экспорт қилиш кўзда тутилган.


М.Сулаймонов, ЎзА

FERMER канали

Report Page