...

...

AGROBLOGER

Истеъмол учун яроқли бўлган қўзиқорин етиштириш орқали даромад топиш, яхшигина бизнес қилиш мумкин. Фарғона туманидаги “Новкент” маҳалла фуқаролар йиғинида мазкур маҳсулотни етиштириш йўлга қўйилди.

Маҳалла аҳли томорқачиликда яхши тажрибага эга бўлиб, ҳар қарич ердан самарали фойдаланишга ҳаракат қилади. Иситиш тизими, электр энергия талаб қилмайдиган иссиқхонада қўзиқорин, цитрус мева, сабзавотлар етиштирилмоқда.

Қобилахон Мадиёрова соҳада яхши тажриба тўплади. Кам харажат, ортиқча меҳнат талаб қилмайдиган қўзиқорин йил давомида ҳосил беради. Хонадондаги мўъжаз иссиқхонада баравж ривожланаётган экинлар ҳосил чўғидан дарак бериб турибди. Нархи ҳам чакки эмас. Айни кунда бир килограмм маҳсулотнинг улгуржи нархи 15 минг сўм.

– Тошкентдан уруғ олиб келиб самарасини синаб кўрдик. Натижа яхши, – дейди Қобила опа. –
 Ҳозир икки сотих жойда қўзиқорин етиштираяпмиз. Уни парваришлаш жуда оддий. Иккиламчи хомашё – шелуха махсус қопларга жойланиб, уруғ қадалади, қишда иссиқ жойда, ёзда салқинда парваришга қўйилади. Уруғлар ўн-ўн беш кунда ҳосил бера бошлайди. Битта икки килограмм шелуха солинган қопга жойланган уруғлар 10-12 килограммгача ҳосил беради. Бу ишларга қўл уриб кам бўлганимиз йўқ. Уй-жой, оиламиздаги фаровонлик ҳамжиҳатликда қилинган меҳнатимиз маҳсули.




Дунёда қўзиқоринларнинг 100 мингдан ортиқ тури мавжуд. Ўзбекистонда 100 дан ортиқ тури ўсади. Шундан атиги 25 туригина истеъмолга яроқли ҳисобланади. Қўзиқорин қуритилган, қайнатилган, қовурилган, тузланган, маринадланган кўринишда истеъмол қилинади. Ўрмон ҳудудларида яшайдиган мамлакатлар аҳолиси қўзиқоринларни хомлигича истеъмол қилиш усулларини ҳам ўзлаштириб олган. Антибиотик сифатида ишлатиладиган пенициллин дориси қўзиқориндан олинган. Бугунги кунда ҳам бу маҳсулот экстракти фармацевтикада кенг қўлланилади.

Бир оилада бошланган ташаббус маҳаллада қулоч ёймоқда. Хонадон эгалари томорқачиларга қўзиқорин экиш, уруғ етказиб бериш ишларида ёрдам бермоқда, йўл-йўриқ кўрсатиб даромад топмоқда.

Нодиржон Исмоилов оиласи “Темир дафар”га киритилган. Касб-ҳунари бўлмаган оила ёлланма иш билан шуғулланади, топгани рўзғордан ортмайди. Хўжалигида томорқа экин майдони бор, лекин ундан унумли фойдаланмаган. Маҳалла мутасаддилари бу оилага субсидия асосида иссиқхона қуришга ёрдам берди. Иссиқхонага лимон кўчатлари ўтқазилди, экинлар оралиғида сабзавот экинлари, қўзиқорин парваришлашга кўмаклашилди. Қўзиқорин ва сабзавотлар тез кунларда бозорга чиқади. 

 

AGROBLOGER канали

М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА, uza.uz

Report Page