...

...

AGROBLOGER

Сув хўжалиги вазирлиги тизимида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги каби йирик халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қиймати 1,18 миллиард доллар бўлган 8 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳалар доирасида жорий йилнинг январь-март ойларида 16,46 миллион доллар кредит маблағларини ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 16,62 миллион доллар ўзлаштирилган.

Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги ҳайъатининг соҳани 2021 йил I чоракда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш якунларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан 2021 йил учун жами 353,1 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 318,4 минг гектар майдонда томчилатиб, 30,5 минг гектарда ёмғирлатиб, 4,2 минг гектарда дискрет суғориш тизимини жорий қилиш бўйича қурувчи пудрат корхоналари билан шартномалар расмийлаштирилган. Мазкур шартномаларга асосан бугунги кунда 185,4 минг гектар майдонда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Биринчи чоракда давлат-хусусий шериклик бўйича 2 та лойиҳа битими имзоланган. 13 та лойиҳа бўйича жараёнлар якунига етказилмоқда. 300 та сув хўжалиги объектига «Ақлли сув» қурилмаси ўрнатилган. 2 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёнлари автоматлаштирилмоқда.

Республикадаги ҳар бир ҳудуддан биттадан насос станцияси танлаб олиниб, уларга чиқарилаётган сув ҳажмини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи жами 27 та қурилма ўрнатилиб, мониторинг юритиш тизими синов тариқасида жорий қилинган.

Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмагида «Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини мониторинг қилиш» ахборот тизими ишлаб чиқилган. Бугунги кунда 104 та мелиоратив кузатув қудуғига сизот сувлари сатҳи ҳамда минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи рақамли қурилмаларни ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Австралиянинг “Rubicon” компанияси томонидан Қашқадарё вилоятидаги ички хўжалик каналининг 4 та сув олиш нуқтасида сув ресурсларини бошқаришни автоматлаштириш тизими жорий этилган.

Ҳайъат йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқларининг йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилиш ҳамда суғориш мавсумида чекланган сув миқдоридан келиб чиқиб, сув истеъмолчиларига белгиланган лимит доирасида сув етказиб бериш, сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш, йирик гидротехник иншоотлар ва насос станцияларини мавсум давомида узлуксиз ва беталафот ишлашини таъминлаш борасидаги аниқ таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Суғориш мавсумини муваффақиятли ўтказиш мақсадида сувни назоратсиз қолдирмаслик, хўжаликлараро канал ва коллекторлар, ички ариқларни тозалаш, суғориш муддатларини мақбуллаштириш, сув олиш лимитларига риоя қилинишини таъминлаш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.


@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page