...

...

AGROBLOGER

Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини сақлаб қолишда ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасининг аҳамияти катта.

Халқаро озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилининг 30 фоиздан ортиғи зарарли организм (зараркунанда, касаллик ва бегона ўт)лар зараридан нобуд бўлади. Бундай нобудгарчилик ривожланган давлатларда 20-25 фоиз, ривожланаётган давлатларда 40-45 фоизни ташкил этади.

“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти томонидан бошоқли дон экинлари учун қандай касалликлар хавф солиши, ундан ҳимояланиш бўйича тегишли кўрсатмалар тақдим этилди.

Таъкидланишича, бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олишда уларни занг ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилиш ўта муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Дунёда буғдой ўсимликларида микроорганизмлар тарқатадиган 150 дан ортиқ касалликлар қайд этилган. Республикамиз бошоқли дон экинлари майдонларига 10 дан ортиқ турдаги касалликлар томонидан зарар етказилган. Улар сариқ занг, қўнғир занг, ун шудринг, сариқ доғланиш, септориоз ва бошқа шу каби хавфли касалликлардир.

Ғалланинг энг хавфли офатларидан бири бу занг касалликларидир. Занг касалликлари учрайдиган барча мамлакатларда улар ҳар доим қаттиқ назоратга олинади. Чунки пайдо бўлган занг жуда тез тарқалиб, қисқа муддатда (3-4 ҳафта) ўсимлик баргларининг аксариятини қуритади ва дон ҳосилига жиддий зарар етказади.

Занг билан зарарланган буғдой ўсимликларининг ривожланиши, жумладан, яшил тусини сақлаган барг юзаси камаяди, илдизлар заифлашади, озуқа моддалар ва сувни ўзлаштириш сусаяди, нафас олиш кучаяди. Бўйи паст, пояси нозик бўлиб қолади, ётиб қолишга мойиллиги ортади, гуллар ва бошоқчалар сони камаяди, дон пуч бўлиб қолади ва ялпи ҳосил камаяди.

Занг касалликларининг тез тарқалиши қобилияти уларнинг катта миқдорда спора ҳосил қилиш хусусияти билан боғлиқдир. Занг споралари ҳаво орқали фақат бир даладан иккинчи далага тарқалибгина қолмасдан, бир кеча-кундузда катта масофага тарқалиши мумкин.

Ўсимликларнинг соғлом баргларига тушган споралар уларни зарарлайди, тўқима ичида ривожланади ва 7-9 кун кейин янги иккинчи авлод споралари етилади, уларнинг босими туфайли эпидермис ёрилади ва споралар эркин ҳолатга чиқиб атрофга тарқалади. Бир мавсумда занг 7-10 марта авлод бериб, ривожланади.

Сариқ занг споралари 0 даражада ўсишни бошлаши ва ҳаво ҳарорати 8-13 даражага етганда тўқималар ичига кириб, янги споралар 12-15 даража ҳароратда ҳосил қилиши аниқланган. Занг замбуруғлари зарарланган баргларининг эпидермис қатлами остида жойлашган ва қуруқ кукун шаклли споралар массасидан ташкил топган ёстиқчаларни ҳосил қилади. Буғдой баргида битта ёстиқчада сариқ занг 14-18 мингта спорани ҳосил қилиши мумкин. Агар баргда сариқ занг узунлиги 10 сантиметр келадиган битта чизиқчаси бўлса, уларда 1- 1,2 миллион дона спора, 20 сантиметрлик ёстиқчалар билан тўлиқ қопланган баргда эса тахминан 30-40 миллион спора бўлиши мумкин. Сариқ занг туплаш-найчалаш фазасида пайдо бўлиб, 20-30 фоиз, айрим ҳолларда 50-60 фоиз, ҳатто тўлиқ ҳосилни йўқотилишига олиб келиши мумкин.

Қўнғир занг касаллиги ҳам ўта хавфли ҳисобланади. Касаллик буғдойнинг баргларини, баъзан барг қинини зарарлайди. Буғдой баргида битта ёстиқчада қўнғир занг 16-37 минг дона спорани ҳосил қилиши мумкин. Касаллик таъсирида 25-50 фоиз ҳосил йўқотилади.

2021 йилда бошоқли дон экин майдонларида занг ва бошқа касалликларни 909,4 минг гектарда тарқалиши кўп йиллик маълумотлар ва соҳа олимлари ҳамда малакали мутахассисларининг хулосалари асосида башорат қилинган.

Бошоқли дон экин майдонларида ҳосилни самарали ҳимоя қилишда касалликнинг тарқалиш “ўчоқ”ларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда тезкор сифатли кураш тадбирларини ўтказиш асосий тамойил ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда буғдойни занг касалликларидан ҳимоя қилишнинг фақат битта ишончли усули мавжуд бўлиб, бу – фунгицидлар билан ишлов беришдан иборат. Фунгицид – ўсимлик касалликларига қарши қўлланиладиган кимёвий восита ҳисобланади.

Занг касалликларига қарши об-ҳавонинг келишига қараб февраль ойининг охири, март ойида касаллик белгилари пайдо бўлиши билан дунё тажрибасидан келиб чиқиб профилактик ишлов берилади, «инфекция босими» кучли бўлса ёки далада занг билан бирга бошқа касалликлар ҳам учраса, об-ҳаво башоратини ҳисобга олган ҳолда биринчи ишловдан кейин 20-30 кун ўтгач, иккинчи ва яна шунча вақтдан сўнг учинчи марта ишлов бериш талаб этилиши мумкин. Ушбу тизим қўлланилганда касалликнинг олди олиниб, ҳосил асраб қолинади.


@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page