...

...

AGROBLOGER

Деҳқонларимиз фаолияти билан янада яқинроқ таништириш мақсадида сизларга тадбиркор деҳқон Муҳиддин Исроиловнинг қулупнай даласидаги қизғин иш жараён ҳақида маълумот беришни афзал билдик ва телефон орқали суҳбатлашдик.

– Ҳозир тунда ва тонгда терилган ҳосилни Тошкент шаҳри бозорларига топшириб келдим. Энди ҳосил йиғиш учун ишчиларга қарашишим керак, – деди у.

– Бу биринчи ҳосилми? – деб сўраганимизда, суҳбатдошимиз:


– Йўқ, иккинчи ҳосил. Қулупнай мўл пишган пайти. Уни тезроқ йиғиб олишимиз керак. Шу боис ўнга яқин ишчимиз билан ҳар бир дақиқани ғанимат биляпмиз. Қўшимча ишчиларни жалб қилишимиз мумкин эди, бироқ бугунги карантин вақтида эҳтиёткорлик зарур. Ҳукуматимиз ҳосилни йиғиб, сотишга ва махсус рухсатномалар бергани биз учун катта имкониятдир, – деди деҳқон.


...Дарвоқе, тадбиркор Муҳиддин Исроилов 2019 йилнинг баҳор ойларида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимиятига мурожаат қилиб, деҳқончилик қилиш учун ер ажратиб беришларини сўраганди. Туман ҳокимияти унинг талабини қондириб, “2019-2021 йилларда аҳолини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш онлайн дастури” бўйича унга Халқобод маҳалла ҳудудидан беш гектар ер берди. Шу тариқа, ўтган йилнинг ёз ойида “Farming leader Samarqand” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди.


М.Исроилов тадбиркорлик бўйича 20 йиллик тажрибаси ва бугунги ислоҳотлар моҳиятиин яхши таҳлил қила олиши бошлаган ишларида қўл келди. Бир гектар майдондаги иссиқхонада қулупнай етиштира бошлади. Жанубий кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган тадбиркор яна бир гектар майдонда Корея инновацион технологиялари асосида иккинчи иссиқхонани барпо этиш ишларини жадаллаштирди. Ушбу лойиҳа 300 минг доллар миқдорида бўлиб, ҳозир бу ерда 70 фоиз ишлар якунланган. Режа бўйича барча ишлар якунига етгач, иссиқхонада 60 иш ўрни яратилади. Мўлжал бўйича унда 150 минг туп қулупнай кўчати экилади. Тадбиркор қолган уч гектар майдонни полиз маҳсулотларини етиштиришга ажратди. Ҳозир бу ерда тарвуз парвариш қилинмоқда.


– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган эътибор, деҳқону тадбиркорларга имкон бериб, кластер шаклида деҳқончилик маҳсулотларини етиштириш бўйича кўрилаётган чоралар замирида халқимиз фаровон ҳаётини таъминлашдек улуғвор ишлар мужассам, – деди М.Исроилов. – Мамлакатимизда яратилаётган бу каби имконият ҳар бир ишбилармонни янги ғояларга ундайди. Биз ҳам маҳаллий инвестиция киритиш йўли билан шу ишга қўл урдик. Айни кунларда бир гектар ерда иссиқхона шароитда экилган қулупнайнинг иккинчи ҳосилини йиғиб оляпмиз. Терилган ҳосилни пешма-пеш бозорга етказишга ҳаракат қиляпмиз. Асосий мақсад эса ҳар қандай шароитда ҳам халқимизни қўллаш ва бозорларимизни обод қилишдир. Ҳосилни бозор кўтарган нархда бериб келяпмиз. Биласиз, савдолашадиган пайт эмас. Ҳар куни иш бошида жамоамиз билан юртимиз шу коронавирус балосидан қутилсин ва осойишда ҳаёт бошлансин, деб дуо қиламиз. Албатта, кўпнинг дуоси мустажобдир.


Тадбиркор деҳқон ҳар бир ишни пухта режалаштиришга одатланган. У бундан икки йил аввал Жанубий Корея Республикасидан 1000 туп қулупнай кўчати олиб келган эди. Ҳозир шу олиб келинган кўчат ўттиз мингтага етди. Уни маҳаллий шароитда етиштиришни ўзлаштирган тадбиркор шу тарзда янги лойиҳаларга қўл ургани ҳам бежиз эмас. Тадбиркор қулупнайни экспорт қилиш чораларини ҳам кўрмоқда. Қулупнайни қай тарзда етказиш ва уни қандай ҳароратда сақлаш бўйича ҳам изланмоқда. Ҳозирча натижалар ёмон эмас.

– Қулупнай инсон иммун тизими учун жуда фойдали, – деди суҳбат чоғида у. – Шу боис, бу неъматни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Қулупнай кучини қазига тенглаштирилиши ҳам бекорга эмас. Айни талаблар сабаб иккинчи иссиқхонамизни шу йилнинг ноябрь ойида ишга тушириш ниятидамиз. Ушбу синовли кунларда шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонимизда меҳнат қилган тадбиркор ҳеч қачон кам бўлмайди. Бунга ўзимнинг ҳаётим яққол мисол. Мен Ватанимни, халқимни ва оиламни тенг қўйиб, ҳамма учун ишлашга аҳд қилганман. Қолаверса, тадбиркорлик қилишга шарт-шароит яратиб берган ҳукуматимиз ишончини оқлаш ҳам фуқаролик бурчимдир.



uza.uz

@AGROBLOGER канали



Report Page