...

...

AGROBLOGER

Полиз экинларига қовун, тарвуз ва қовоқ ўсимликлари киради. Полиз экинлари енгил қумоқ тупроқли бўз янги ўзлаштирилган ерларда яхши ўсиб, сифатли юқори ҳосил беради ва фузариоз сўлиш касаллигига кам чалинади. Ўтлоқ ерлар қовун экинига тўғри келмайди.

Алмашлаб экиш. Полиз экинлари учун энг яхши ўтмишдош экин бу ғалла ва бедадир. Эскидан ўзлаштирилган ерларда полиз экинлари карам, сабзи, маккажўхори ва шолидан кейин экилса фузариоз сўлиш касаллигига кам чалинади ва ҳосилдорлик ошади. Бир далага полиз 1-2 йил экилгандан кейин, у ерга 5-7 йилдан сўнг қайта экиш мумкин.

Қовун навлари: Оби новват, Олтин водий, Оқ уруқ, Шакар палак 554, Кичкинтой, Гуляби, Ич-қизил крупноплодная, Рохат, Тўйона, Бўрикалла ва қишки Қирқма, Умир воқи навларидир.

Тарвуз навлари: Эртапишар, тарвузни махаллий Кўзибой 30, Мрамирный2159, Кримсон свит, Кримстар, Дилноз, Шарқ неъмати, чет мамлакатларнинг Гранит, Кримстар ва Кримсон Свит F1 дурагайлари районлаштирилган.

Экиш муддатлари ва схемаси. Қовун ва тарвузнинг эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкисини 15 майдан 10 июнгача экиш лозим.

Полизчиликда ерни экишга тайёрлаш кейинги барча технологик чора - тадбирларни яхши наф беришини таъминловчи мухим шартдир. Кузда 35 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ерни ҳайдаш олдидан маъдан ва органик ўғитлар берилади.

Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун дала тишли бороналар билан бороналанади, экиш олдидан эса чизелланади.

Полиз экинлари эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта ҳайдашнинг хожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта хайдаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб 22 см чуқурликда хайдаб чиқилади.

Полиз экинларини ер ҳарорати 14-15°С га етганда экишга киришилади. Қатор оралари 210-280 см ли кенг эгат олинади. Бундай эгатлар полиз экинлари қатор ораларини ишлаш вақтида тўрт ғилдиракли тракторларни ишлатишга имкон беради. Экиш шакли қовун учун (210+70) х70, тарвуз учун (270+90) х70 см. Уруғлар 3-6 см чуқурликкаэкилади. Майда уруғли қовун ва тарвузларни экиш учун гектарига 4 кг, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5-6 кг уруғ сарфланади.

Парваришлаш. Полиз экинларини парваришлаш ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади.

Яганалаш икки босқичда: биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда ва биринчи чопиқ вактида ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан қатор ораларини юмшатишга киришилади.

Ниҳоллар униб чиққач 20-25 кун ўтказилиб, иккита-учта чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки сув берилади, озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25-30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4 - 5 марта культивация қилинади.

Ўғитлаш. Полиз экинларидан 40-50 т, ҳосил олиш учун гектарига 75 кг азот, 75 кг фосфор ва 50 кг калий, органик ўғитлардан гектарига 30-40 т. солинади. Йиллик меъёрга нисбатан органик ва калийли ўғитларнинг ҳаммаси, фосфорнинг 70-75 фоизи асосий шудгорга солинади. Фосфорли ўғитнинг қолган 25-30 фоизи ва азотнинг 50 фоизи экиш олдидан берилади: азотли ўғитнинг 50 фоизи экинлар уч-тўрт барг чиқарганидан кейин эгатларга 10-12 см чуқурликка солинади.

Қовун ва тарвуз ҳосили пишиб етилганларини танлаб-танлаб, уч -беш марта йиғиб олинади. Кечки муддатда экилган кечки навлар эса бир марта йиғиштириб олинади.


@AGROBLOGER канали

Report Page