...

...

AGROBLOGER

Гул етиштириб рўзғор тебратаётган оилалар юртимизда кўп. Лекин томда ҳам гул етиштириш мумкинлигига ишонасизми? Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги Йўлдошевлар оиласи ушбу ҳунар орқасидан 70-80 млн сўм йиллик даромад топмоқда.

«Бештерак» маҳалла фуқаролар йиғинидаги гулчи Йўлдошевлар оиласи ердан унумли фойдаланиш мақсадида яшаш уйининг том қисмида ҳам иссиқхона ташкил қилганини эшитиб қолдик.

Истаган фаслда хонадонга ташриф буюринг, ҳовлида ранг-баранг гуллар очилиб турганига гувоҳ бўласиз.

«Гул етиштиришнинг ҳам ўзига яраша машаққати бор», - дейди пешвоз чиққан хонадон фарзанди Мардонбек Мухторов.

Чунки декабр ойида уруғ қадаш ишлари бошланади. Бир-бир ярим ойларда уруғлар униб чиқади. Кейинги иш гул ниҳолларини махсус идишларга қадаб чиқиш билан давом этади. Иккинчи ойга ўтиб эса гуллар очилишни бошлайди. Битта гул узоғи билан уч ойда очилиб, сотувга тайёр бўлади. Гулларни сотиш ишлари эса март ойидан бошланиб, сентябр ойигача давом этади.

Гул парваришлашнинг энг қийин тарафи — гул уруғларини ундириб олишда экан. Бунинг учун боғбондан алоҳида меҳр ва эътибор талаб этилади.

«Уруғлар чиқиб катта бўлганидан кейин ёрдамчи сифатида ишчилар оламиз. 10 нафарча одамни ишлатиб гулларни махсус идишларга оламиз. Ҳозирги кунда тўрт одам ишлатяпмиз. Қиш фаслида 10дан зиёдроқ одамлар ишлайди. Уларни уч ой мавсумий иш билан таъминлаймиз», — дейди М.Мухторов.

Оила ўз шахсий томорқасидаги 5 сотих ер майдонида гул етиштириш учун иссиқхона ташкил этган. Бу ерда 10 турдаги гуллар парвариш қилинади.

Табиий маҳсулот эса ички бозорда жуда харидоргир саналади. Оиланинг йиллик соф даромади 70-80 млн сўмни ташкил этади.

Мардонбек гул парваришлаб ҳам инсон катта ютуқларга эришиши мумкинлигини эътироф этар экан, «миниб юрган машинам ҳам, мана шу уй-жойларни ҳам менга шу гуллар олиб берди, меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмас экан», — дея таъкидлайди.

«Шукр, бировдан кам жойимиз йўқ. Ўзимизга тўқ яшаб келяпмиз. Биласизми, меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмас экан. Масалан, кўпчилик четга чиқиб ишлаб келади. Одам ҳаракат қилса шу ерда ҳам ишлаб, яхшигина даромад топиши мумкин. Бошида биз ҳам икки-уч йилгача қийналганмиз. Керак бўлса, зиён ҳам кўрдик. Ўшанда ҳам меҳнат қилишдан тўхтамадик. Аста-секинлик билан ўргандик, гул етиштиришни йўлга қўйиб олдик», дейди у.

Хонадонда етиштириладиган гулларга бўлган талабнинг ортиши уй эгаларини ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга ундайди. Ўтган йилдан бошлаб улар яшаш уйининг том қисмида ҳам гул етиштиришни йўлга қўйган.

Мардонбек икки хонали уйнинг томига иссиқхона ташкил қилди. Кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайдиган ушбу ишга бугун кўпчилик ҳайрат нигоҳи билан боқади.

«Томда иссиқхона ташкил қилишдан асосий мақсад — жойдан унумли фойдаланиш. Режада ҳовлида қўшимча уй қуриш бор эди. Уйни қуриш ҳаракати бошлангач, томга ҳам бетон қуйиб, шу иссиқхонани қуриб юбордик. Кўриб турганингиз — томдаги иссиқхона, унинг ости эса яшаш хонадонимиз. Пастга бир томчи ҳам сув ўтмайди. Бу ерда ҳам 15 минг гул етиштирилади», — дея таъкидлайди Мардонбек.

Қишлоқ шароитида кўпчилик оилалар уй томларини ёғингарчиликдан ҳимоя қилиб, у ерда сомон сақлашлари мумкин, баъзиларда том омборхона вазифасини бажаради.

Лекин бу хонадонда омилкорлик билан томдаги иссиқхонада гул кўчатлари парвариш қилинмоқда. Қишда бу ерга 70 минг 80 мингта уруғ қадалади, қуёшли кунлар кам бўлганлиги учун ундан 15 мингга яқини униб чиқади.

«Гулнинг униб-ўсишида қуёшнинг фойдаси катта. Қишли-қировли кунларда агар қуёш чиқса томдаги иссиқхонага у 10 соат давомида тушиб туради. Бу биз учун фойдали», — дейди суҳбатдошимиз. 

Таъкидланишича, хонадон келгусида фаолиятини кенгайтириб, манзарали гуллар етиштиришни ҳам йўлга қўймоқчи. Бироқ, бунинг учун жой муаммоси бор. Хонадон атрофдаги бўш ер майдонларини ижарага олиб ҳам гуллар парвариш қилмоқда.

Мардонбек Мухторов Бувайда тумани ҳокимлигига бу борада кўп бора мурожаат қилган. Ҳокимлик эса сув бормайдиган ҳудудлардан ер тавсия қилмоқда экан.

Ўз фаолиятини ҳеч қандай имтиёзли кредитларсиз бошлаган Мардонбекнинг келгусидаги режалари катта.

Ҳозирда гул уруғларини чет элдан катта суммаларга сотиб олаётган боғбон йигит, келажакда уруғни ҳам ўзи етиштирмоқчи. Бунинг учун у масъуллар ер масаласини ижобий ҳал этиб беришидан умидвор.

«Агар масъуллар экин экиши мумкин бўлган жойлардан ер ажратиб берса, янада иш ўрнини кўпайтириб, гулларимизнинг сонини ва турини кўпайтирган бўлар эдик. Мурожаат қилдик, бироқ ўхшамади. Ҳокимият чекка жойлардан ер кўрсатди. У ерлар бизга маъқул келмади. У ерларда ҳатто ўт ҳам ўсмайди-да. Сув бормайди, иссиқхона қилиб бўлмайди. Жуда чекка жойлар.

Келгусидаги режаларимиз катта. Гул уруғларини ҳам ўзимиз етиштиришни режалаштирмоқдамиз. Бир йилда четдан 5-6 минг долларлик уруғ сотиб оламиз. Шу пуллар ўзимизда қолса ёмонми? Фақат муаммо жойда», - дейди гулчи йигит.

Халқимизда меҳнат қилган элда азиз, деган нақл бор. Мардонбек эндигина 26 ёшга тўлганига қарамай тинимсиз меҳнат ва ҳаракат билан оиласи фаровонлигига эришмоқда. Икки синглиси талаба бўлган. Йигитнинг орзуси — ота-онасини ҳаж зиёратига юбориш.

Орамизда Мардонбек сингари тадбиркор ва меҳнаткаш ёшлар кўпайишини истадик. Вилоят ва тумандаги мутасаддилар унинг фаолияти янада қулоч ёйиши учун қонун ва ваколатлари доирасида ёрдам беришар, деб умид қилдик.


Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири,

Тасвирчи Шоҳуёр Қаюмов.


@AGROBLOGER канали

Report Page