...

...

AGROBLOGER

Баҳор келиши билан барчамиз томорқа юмушларига киришиб кетамиз. Биз, оила бекалари эса бўш ер майдони топишимиз билан гул экиб, томорқани гулзорга айлантириш ҳаракатига тушамиз.

Иштихон туманининг «Тўпор» маҳалласидаги хонадонимизда оилам билан 2 сотих ер майдонида лола гулининг 11 хил турини етиштириб келмоқдамиз. Турмуш ўртоғим Баҳриддин Икромов билан 20 йилдан буён мана шу юмуш - лолачилик билан шуғулланамиз. Бундан роса йигирма йил олдин қайнотамга бир қариндошимиз хориждан 2 дона лола уруғини олиб келиб берган эди, барчаси ана шундан сўнг бошланган. Қайнотам йиллар давомида ушбу лолаларни парваришлаб, бизга ҳам сир-асрорларини ўргатди.

Лолаларнинг оқ, қизил, пушти, сариқ ва яна кўплаб рангдаги турларини етиштирамиз. Бошида ҳам асосий мақсадимиз даромад топиш бўлмаган. Эшитган, билган одамлар хонадонимизга келиб суратларга олишади, уларнинг уйимиздан ҳуш кайфиятда чиқиб кетиши мени қувонтиради. Гул бўладими ёки унинг уруғи, ҳеч ҳам қизғанмайман, уларга ўстириш, парваришлаш йўлларини ўргатишга тайёрман. Бу гулларнинг ҳозир айни чиройли тусга кирган вақти, мана шундай, ўртача бир ой муддатда барқ уриб туради. Июль ойида биз лолаларнинг пиёзини яна ковлаб оламиз, октябрь ойи келиши билан унинг пиёзини ерга яна қайтадан саралаб экиб чиқамиз.

Тўғрисини айтсам, «Мана шу йўл орқали тадбиркорлик қилишни ўйлаб кўрмайсизми?» деб маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси таклиф берди. Келгуси йилига имтиёзли кредит олган ҳолда иссиқхона қуриб, айни 8 март байрами арафасида лола гулларини етиштириб сотиш мумкинлигини, бу борада амалий ёрдам беришга тайёрлигини айтди. Аслида ниятимиз ҳеч қачон даромад топиш бўлмаган, инсонларга яхшилик улашгимиз келади, ҳар бир хонадонни мана шундай лолазорга айлантиришни истаймиз. Гулга бурканган хонадон нақадар файзли бўлишини фақат бу гўзалликни кўрган инсонгина ҳис қилиши мумкин.


xs.uz

AGROBLOGER канали

Report Page