...
AGROBLOGER
Ўзбекистондан Хитойга қуритилган олхўрини экспорт қилиш бўйича фитосанитария талаблари ва назорати тўғрисида баённома имзоланди.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўздавкарантин» инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова маълумот берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.
Қайд этилишича, экспортёрлар учун қуйидаги талаблар қўйилмоқда:
- олхўрилар Хитой томони талабларига мувофиқ қуритилган, тоза, гигиеник, ҳаво ўтказадиган ва янги қадоқлаш материалларига қадоқланган бўлиши;
- ҳар бир қадоқда инглиз ёки хитой тилида махсус ёзуви, маҳсулот номи ва ишлаб чиқарилган жойи, қайта ишлаш ва сақлаш корхонасининг номи ёки уни рўйхатдан ўтказиш рақами, инглиз тилидаги идентификацион маълумотлар қайд этилган бўлиши;
- Ўзбекистондан Хитойга экспорт қилинадиган қуритилган олхўрида Хитой томони учун хавотирли бўлган зараркунандалар, тупроқ ва ўтлар, ўсимлик қолдиқлари, шағал, металл, бегона жисмлар ва бошқа аралашмалар бўлмаслиги;
- маҳсулотни юклашдан олдин ўзбек томони Хитойга экспорт қилинадиган олхўрини назорат ва карантиндан ўтказиши ҳамда баённома талабларига жавоб берадиган ҳар бир партия учун фитосанитария сертификатини бериши;
- Хитой томонига импорт жараёнида текшириш учун фитосанитария сертификатининг асл намунаси, фунигация ҳамда фитосанитария сертификатини берадиган ходимларнинг рўйхати, уларнинг имзолари ва сертификат штампи нусхаларини тақдим этиши;
- маълумотлар ўзгарган ҳолларда Хитой томонини камида бир ой олдин ёзма равишда хабардор қилиши;
- маҳсулот мамлакатдан чиқарилишидан олдин Хитойга экспорт қилинадиган қуритилган олхўри юкининг 2 фоизини текширувдан ўтказиши керак.
«Хитой томони учун хавотирли бўлган зараркунандалар топилса ёки сифат хавфсизлиги талабларига жавоб бермаса, маҳсулотни Хитойга экспорт қилишга йўл қўйилмайди.
Агар қуритилган олхўри рўйхатга олинмаган ишлаб чиқариш, қайта ишлаб чиқариш, сақлаш корхоналаридан келганлиги аниқланса, маҳсулот Хитойга киритилишига йўл қўйилмайди.
Қуритилган олхўридан Хитой томони учун хавотирли бўлган карантин зараркунандалари аниқланса, маҳсулот партиялари қайтарилади, йўқ қилинади ёки зарарсизлантириш учун қайта ишловдан ўтказилади», деди Дурдона Очилова.
Маълум қилинишича, айни пайтда ўзбек тадбиркорлари 52та давлатга барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фитосанитария сертификатлари асосида экспорт қилиш имкониятига эга.
Шунингдек, 26та давлатга 99 турдаги маҳсулот экспорти учун ҳам карантин рухсатномалари олинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда қора олхўри етиштириш ва экспорт ҳажмларини ошириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинганди.
Ҳужжат билан қора олхўрининг янги навларини яратиш, кўчатчилигини йўлга қўйиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, қайта ишлаш технологияларини такомиллаштириш мақсадида хорижий давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кадрлар малакасини ошириш талаблари белгиланаётгани маълум қилинган.
@AGROBLOGER канали
kun.uz