...

...

AGROBLOGER

Шафтоли дарахтлари барвақт ҳосилга киради. Улар ҳар йили мўл ҳосил беради. Шафтоли дарахтлари кучли ўсади. Лекин бошқа данакли меваларга нисбатан анча совуққа чидамсиздир. Шафтоли дархтлари экилгандан кейин 3-4 йилига келиб 100-150 кг гача ҳосил беради. Унча катта бўлмаган шох-шаббаларни парвариш қилиш ва ҳосилни териб олиш қийин эмас. Шафтоли навлари июн ойидан то ноябр ойигача пишади. Бу дегани шафтоли мевасидан 5 ой давомида баҳраманд бўлиш мумкин. Меваси сувли, ширин, киши кўнглига тегмайди. Шафтолини янгилигида истеъмол қилиш билан бир қаторда мураббо, компот ва ҳар хил туршаклар тайёрлаш мумкин. Шафтоли мевасини киши организими тез ўзлаштиради. Бу мева витамин ва минерал тузларга бой бўлиб, гемоглабин миқдорини оширишда фойдали ҳисобланади.

Ўзбекистонда шафтолининг бир неча хил турлари етиштирилади, қуйида уларни кўриб чиқамиз:

Оқ шафтоли-2 – эски, серҳосил, маҳаллий чидамли пайвандтаг учун асосий материал берадиган нав. Мевалари кўпроқ ўртанги ва кечки бўлиб, август-сентябр ойларида оппоқ бўлиб пишади. Дарахтлари кучли бўлиб, баландлиги 8 ёшида 4,7м, шох-шаббаларининг кенглиги 4,5м ни ташкил қилади. Думалоқ шаклдаги мевасининг вазни 100-110гр гача бўлади. Меваси юмшоқ туклар билан қопланган бўлиб, пишганида дарахтдан осонгина узилади. Ҳар йили ҳосил беради. Ҳар тупида 70-90 кг ҳосил беради. Меваси асосан янгилигида истеъмол қилинади, қуритиш ва консерва тайёрлаш мумкин.

Эртаги оқ Вир – дарахти бўйчан, шох-шаббаси қуюқ, кенг овал шаклда. Барглари лансетсимон, тепа томон қорамтир-кўк бўлса, баргнинг паст томони ёруғ кўк рангда. Мевасининг вазни 100-150гр, думалоқ яссисимон, икки томонидан ботиқ. Эти оқ-майин, жуда сувли, ўртача тиғиз қандли, мазаси яхши. Шафтоли навларидан ичида энг совуққа чидамлиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Меваси асосан ҳўраки бўлиб, июннинг учинчи ўн кунлигига келиб пишади.

Олтин таваллуд (Золотой юбилей) – сариқ этли,универсал, эртапишар шафтоли нави. Меваси йирик чўзинчоқ –тухумсимон, тилла ранг тукли бўлади. Ташишга ва сақлашга чидамли. Меваси янгилигида истеъмол қилинади, қисман консерва тайёрланади ва қуритилади. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, ҳусусан жанубий вилоятларида экиш мумкин.

Лола – ўртапишар нав бўлиб, мамлакатимизнинг барча вилоятларида экиш учун маҳаллийлаштирилган. Меваси июл охири август ойи бошларида пишади. Ўртача вазни 70-80гр, туксиз, юмалоқ, зарғалдоқ сариқ, усти тўқ қизил бўлади. Эти сариқ, сувли, ширин, ўзига ҳос нордон мазали, данагидан яхшҳи ажралади. Асосан янгилиги истеъмол қилинади. Ҳосилга экилганидан кейин 2-3 ёшида, тўлиқ ҳосилга эса 5-6 йилда киради. Ҳар йили ҳосил беради. Мевасини универсал мақсадда фойдаланиш мумкин.

Шафтолининг лола нави навлар ичида жуда чиройли, истеъмол ва қуритиш учун яхши ҳисобланади.

Малинасимон – ўртапишар нав бўлиб, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида экиш учун маҳаллийлаштирилган. Меваси августда пишади. Йирик, юмалоқ тухумсимон, оч-сариқ, кунгай томони малина рангида товланиб туради. Данагидан осон ажралади. Енгил суғориладиган тупроқли ерларда яхши ўсади ва яхши ҳосил беради. Мевасидан универсал мақсадда фойдаланилади.

Серҳосил (Обилний) – нави дархтнинг баландлиги 5,5м, мевасининг вазни 70-80 гр бўлади. Экилган кўчатлари 3-4 йилда ҳосил беради. 6-7 йиллик бўлганда ҳосил тўлиқ бўлади. Пишиши давомли — 15-20кун бўлади.

Старт – нави дарахти ўртача ўсади. 7-8-йилга келганда баландлиги 4,2-4,5 м бўлади. Мевасининг вазни 120 гр, катталиги ҳар хил бўлади. 25-28 июл орасида меваси олдинма-кетин пишиб етилади. Меваси универсал мақсадда фойдаланилади.

Фарход – кечпишар нави бўлиб, Ўзбекистоннинг барча вилоятлари экиш учун мослаштирилган. Меваси сентябр ойлари бошларида пишади. Йирик (180гр гача), юмалоқ, 3 томони бироз эгрироқ, қизғиш-тўқ сариқ тусда бўлади. Эти сариқ, тиғиз-ширин, бир оз нордон бўлиб, данаги осон ажратилади. Кўчати 3 йилда ҳосилга киради ва ҳар йил ҳосил беради.

Элберта – меваси йирик, кенг тарқалган серҳосил нав. Дарахти катта, бироқ мева куртаклари совуққа чидамайди. Йил яхши келганда ҳар тупи 80-100 кг да ошиқ ҳосил беради. Ҳар йили кесиб туришни талаб қилади. Меваси августнинг биринчи ярмида пишади. Меваси йирик, думалоқ, тухумсимон, баъзан учли, қизғиш тук билан қалин қопланган бўлади.


AGROBLOGER канали

 mygarden.uz

agronet.uz

Report Page