...

...

FERMER

Яқин кунларда бўлиб ўтган ёғингарчиликлардан ғалла майсалари ривожи янада тезлашди. Умуман олганда, ғалла парваришида об-ҳаво маълумотларига қараб ишловни ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. Аммо ҳар бир тадбирнинг ўз ўрни, хусусияти ва меъёри бўлади. Баъзи фермерлар бу йил ёғин кўп бўлди, ерда нам етарли бўлади, деган хулосага келиб, майсаларга сув беришни кечиктириши мумкин. Баъзилар эса ғаллага етарли ўғит бердим, лекин майсанинг ривожи яхши эмас, деган фикрларни билдирмоқдалар.

 Бунинг сабаблари ернинг ҳамда майсаларнинг ҳолати билан боғлиқ. Биринчидан, майсанинг ҳозирги ҳолатида унинг попук илдизи ер қатламининг 10–15 сантиметрида бўлиб, жараёнлар секин кечмоқда. Шунингдек, илдизлар ҳали нозик, шу боис, сувга талабчан, иссиққа чидамсиздир.

 Иккинчидан, ёмғир сувлари ишқорли ҳисобланади. Шу боис, куз-қиш ойларида ўсимлик илдиз тизими яхши ривожланмайди. Натижада берилган маҳаллий ва минерал ўғитларни секин ўзлаштиради. Fалла оқар сув билан суғорилганда эса ўсимлик илдизи ишқордан ювилади. Шунингдек, ернинг пастки қатламидаги ишқорли тузларнинг концентрацияси пасаяди. Натижада суғорилган майдонлардаги ғалланинг ҳолати кескин ўзгаради. Яъни унда янги оқ илдизлар пайдо бўлади ва улар пастга қараб тушишига шароит яратилади. Берилган озуқа моддаларни яхши ўзлаштиради ва ғалла найчалашдан бошоқлаш босқичига ўтади.

 Баҳорнинг иссиқ кунлари бормоқда. Fалла майсалари ўзини тиклаб олиши ва ривожга кириши учун вақт тиғиз. Бунда тезкор агротехник тадбирлар қўллашни тақозо этади. Шунда ғалла ривожланиш босқичларига жадал ўтади. Майсаларнинг ҳосил элементлари тўла шаклланиб олади.

 

Fалла парваришини кучайтириш учун қуйидаги агротехник чора-тадбирларни қўллаш тавсия этилади:

 Ривождан орқада қолаётган майдонларни азотли ўғитлар билан гектарига 200 килограмм меъёрида физик ҳолда ўғитлаш, яъни бир марта карбамид билан, орадан 10 кун ўтказиб, "Бактомин" биоазотли ўғити билан озиқлантириш ва кўллатмасдан енгил суғориш талаб этилади.

 Майсаларнинг ривожи суст майдонларига суспензия билан ишлов бериш керак. Суспензиянинг самараси шундаки, у қўлланилганда ўсимликнинг барг сатҳи катталашади, фотосинтез жараёни жадаллашади, касалликларга чидамлилиги ортади, ривожланиши тезлашади.

 Буғдой найчалаш фазасида ўсимлик эрта баҳорги ҳолатига нисбатан вегетатив органлари кўпайган ва энг асосийси, поялар сони ортган бўлади. Бу даврда йиллик меъёрининг 50 фоизи миқдорида, яъни физик ҳолда 300–320 кг. дан азотли ўғитлар билан озиқлантириш керак. Найчалаш давридаги иккинчи озиқлантиришда буғдой навларининг биологик хусусиятларига алоҳида эътибор бериш зарур.

  Эртапишар навларни ўртапишарларга нисбатан 7–10 кун эртароқ озиқлантириш, пешма-пеш шарбат усулида суғориш лозим. Шунда кечки майдонларда қўшимча бошоқлар ҳосил бўлади. Учинчи озиқлантириш апрель ойи ўрталарида ҳар бир минтақанинг шароитидан келиб амалга оширилиши лозим.

 Апрель ойининг учинчи ўн кунлигида ва май ойида ҳаво ҳарорати кўтарилиши давом этиши мумкин. Бу ҳолат бошоқларни «жўжа бош» қилиб, ҳосилдорликни пасайтириб юбориши мумкин. Шу боис, апрель ва май ойларида суғоришни қисқа муддатда амалга ошириш билан тупроқ намлигини чеклаган дала нам сиғимига нисбатан 70 фоизда сақлаб туриш талаб этилади. Шунингдек, бу даврда 3 марта «шарбат» усулида тупроқ шароитига қараб 500–600 м3 ҳисобида суғориш ишларини кўллатмасдан сифатли амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

 «Шарбат» усулида суғоришни гектарига 1 тоннадан парранда гўнгги қўшиб амалга ошириш, ғалла ривожини тезлатиб, бошоқдаги дон вазнини оширади. Fалла ривожини тезлатиш ва бошоқдаги дон вазнини ошириш учун майсаларни баргидан озиқлантириш тизимини ташкил этиш лозим.

 Суспензия тайёрлаш учун 24 кг карбамид, 12 кг аммофос ва 6 кг калий ўғитини 600 литр сувда эритиб, 2 гектар майдонга сепилади. Суспензия қўлланилганда «Бактомин», «Плантастим» сингари биоўғитлар қўшилган ҳолда комплекс ишлов бериш яхши самара беради. Суспензияни майсалар тўлиқ найчалаш босқичига кирганда ўтказиш лозим. Fаллани баргдан озиқлантириш ҳосилдорликни 3–5 центнерга оширади ва дон сифатини яхшилайди.

 Суспензия тайёрлаш учун азотли ўғитлардан бири бўлган мочевинадан (карбамид) фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки мочевина сувда яхши эрийди. Ундан ташқари, бу ўғитнинг молекулалари ўсимлик барглари томонидан яхши ўзлаштирилади. Мочевина эритмаси реакцияси нейтрал бўлиб, ўсимликка салбий таъсир кўрсатмайди. Шунингдек, мочевина таркибидаги таъсир этувчи модда энг юқори ҳисобланади.

 Эрта экилган ва ривожи яхши бўлган ғаллага сариқ занг, ун шудринг, септориоз каби касалликлар эрта тушади. Касалликнинг дастлабки аломатлари майсалар 3–4 тадан туплаганда пайдо бўлади. Касаллик бу вақтда кўзга кўринмайди. Занг спораларининг ривожланиши асосан бошоқли дон экинларининг найчалаш ва бошоқлаш даврида кузатилади.

 Шу даврда бегона ўтлар ҳам ривожланади. Мутахассислардан кузатувчилар қўйиш ва уларнинг хулосаларига кўра, касаллик, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши кураш чоралари кўрилиши керак. Бунинг учун кимёвий препаратлар захираси яратилиши зарур. Замбуруғли касалликларга (сариқ занг, қўнғир занг, септориоз, ун шудринг) қарши биологик фунгицидлар кимёвий воситалардан кўра самаралироқ ҳисобланади ва узоқ муддат ҳимояси билан ажралиб туради. Бунга "Спорагин" биофунгициди яққол мисол бўла олади.

Самараси камроқ бўлсада, кимёвий фунгицидлардан «Фоликур БТ» 22,5% (0,3–0,5 л/га), «Алто супер» 33% (0,3 л/га), «Титул» 390 к.э.к. (0,3 л/га), «Бампер» 25% (0,3–0,5 л/га), «Уредоцин» 22,5% (0,3–0,5 л/га) ва бошқа фунгицидлар билан ишлов бериш мумкин.

Бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши «Гранстар ДФ» 75% (15–20 г/га), «Гранстар» 75% (10–20 г/га), «Далстар» 75% (20–30 г/га), «Биостар» 75% (10–20 г/га), «Энтостар» 75% (15–20 г/га), «Атлантис» 200–300 мл/га ёки рухсат этилган гербицидларни, бошоқдошлар оиласига мансуб бегона ўтларга қарши «Авестo» 10% (0,6–0,8 л/га), «Пума Супер» (1,2 л/га), «Топик» 0,80 (0,3–0,4 л/га), «Атлантис» (200–300 мл/га), «Далзлак» 7,5% с.м.э. (0,6–0,8 л/га), «Овсюген Экстра» 140 (0,3–0,4 л/га) гербицидларини қўллаш мақсадига мувофиқдир.

 Ҳашаротларга (зарарли хасва, шиллиқ қурт, ғалла арракаши, шира, трипис) қарши юқори самара берувчи биологик инсектицидлардан "Престиж" воситаси ҳисобланади. Кимёвий инсектицидларни таъсир доираси йилдан-йилга зараркунандалар организмида кўникма ҳосил қилиб бораётган шу паллада «Нурел-Д» 55% эм.к. (0,5 л/га), «Би-58» янги 40% эм.к. (1,5 л/га), «Преникс» 25% эм.к. (0,5–0,7 л/га), «Карате» 5% (0,2 л/га), «Циперметрин» (0,2 л/га) препаратлари билан ишлов беришдан сўнг кутилган самара олинмай қолмоқда. Бу тадбирларни ўтказишда камроқ харажат қилиш, ғаллазорларга қайта-қайта техника воситаларини киритилишига йўл қўймаслик учун суспензияга гербицид, фунгицидни биоўғитларга қўшиб, уйғунлаштирилган ишловни ташкил этиш зарур.

 

FERMER канали

Report Page