...

...

AGROBLOGER

Дарахтларга баҳорда ярусли (қаватли) қилиб шакл берилади. Бунда дарахтнинг биринчи қаватида 3–4 дона асосий шох қолдирилади, қолганлари қирқиб ташланади. Иккинчи қават шохлари асосий шохлардан 30–40 см, биринчи қават шохларидан 25–30 см масофада қолдирилади. Учинчи қават шохлари ҳам шу зайлда шакллантирилади. Шакл беришда шох-шаббаларнинг бир-бирига соя беришини олди олиниб, бир маромда сийраклаштирилади.

Дарахт ҳосил қилмайдиган йилида буташ тизими қуйидагича амалга оширилади: шу йили ўсиб чиққан новдалар кучлироқ калталаштирилади, халқасимон мева шохлари сийраклаштирилади, мураккаб халқасимон шохлар калталаштирилади. Дарахтлар ҳосил берган йили новдалар 35–40 см ўсган эски шохларига тақаб қирқилади. Бир йиллик новдаларни қисқартириш ҳосил куртакларини кўпайишига олиб келади.

Томорқадаги олма дарахтларига 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади.

Бўз тупроқларда олма дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Олма дарахтига зараркунандалардан олма қурти (мевахўр), мева канаси, бинафша ранг қалқондор, касалликлардан ун шудринг, калмараз (парша), монилиоз зарар келтиради.

Бинафша ранг қалқондорга қарши эрта баҳорда куртаклар ёзилгунга қадар 5 фоизли Каратэ эм.к. пуркалади. Бундан ташқари, 17,5 фоизли Перфекто сус.к., 20 фоизли Багира эм.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) препаратлари билан ишлов берилади.

Олма қуртига қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл), 5 фоизли Каратэ эм.к. (10 л сувга 3–4 г) қўлланилганда яхши самара беради.

Мева канасига қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) пуркалади.

Олманинг калмараз (парша), монилиоз касалликларига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (10 л сувга 300 г мис купороси + 300 г сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Касалликларга қарши тадбирлар дори воситалари куртаклар ёзилгунига қадар ўтказилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Олма навларининг пишиш муддати май ойининг охирларидан бошланиб, октябрь ойининг бошларигача давом этади. Одатда, эртаки олмалар қисқа муддат сақланади, улар бир теримда йиғиштириб олинади. Ўртаки ва кечки навларда терим бир неча марта ўтказилади. Ҳар бир нав пишган пайтида ўзига хос ранг ва тусга киради. Буни ҳосилни теришда инобатга олиш керак. Ҳосилни йиғиштиришда мевани бир қўл билан оҳиста ушлаб, мева бандига зарар етказмасдан узиб олинади. Терилган мевалар яшикларга жойлаштирилади. Яшиклар омборда сақлашга қўйилиши мумкин.

agro.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page