...

...

AGROBLOGER

Бу коронавирус дегани бир офат экан. Ҳар куни дунёнинг катта-катта, қудратли давлатларида юзлаб инсонлар шу касаллик туфайли вафот этаётганини эшитиб, кўнглим бузилади. Илоҳим, барча одамларни, жумладан, бизнинг халқимизни ҳам ўзинг асра, деб яратганга илтижо қиламан. Бу балолар тезроқ бизнинг юртимиздан ҳам чекинсин, одамлар ўз юмушлари билан банд бўлсин, деҳқончиликларимизга барака берсин, дейман. Ахир ҳозир ерга уруғ экадиган, ғаллага ва сабзавотга ишлов берадиган пайт-да. Бугунги меҳнат, ҳаракат бу йилги мавсумнинг баракасини белгилайди. 

Шунинг учун ҳозир хавфли пандемия бўлса ҳам тиббиёт ходимлари тавсияларига амал қилиб, эҳтиёт чораларини кўриб, кўкламги юмушларни бажаришимиз керак. 


Биз ҳам хўжалигимиз аъзоларини саломатликларини асраш учун барча шароитни яратиб бериб, дала ишларини бажаряпмиз. Шу пайтгача 45 гектар ғалла майдонимизни икки марта озиқлантириб, суғордик. Бегона ўтлардан тозаладик. Ғалла ривожи ёмон эмас, насиб этса, мўлжалдаги ҳосилни оламиз. 45 гектар пахта майдонимизни чигит экишга тайёрлаяпмиз. Уруғлик, ёнилғи, ўғитни тайёрлаб қўйганмиз, техникаларимиз ҳам ишга шай. Ер тобга келиши билан қисқа вақтда бу ишни бажарамиз. Сабзавот экинларининг айримларига ишлов беряпмиз, айримлари учун ер тайёрлаб қўйганмиз. 

Касаллик келди, деб қараб ўтириб бўлмайди-да. Ҳамма ўз вазифасини бажарса, айтилаётган қоидаларга амал қилса, албатта, бу синовни беталофат енгиб ўтамиз. Халқимиз бундан оғир қийинчиликларни ҳам бошидан кечирган ва ҳамиша ҳамжиҳатлик, аҳиллик, меҳр-оқибат устун келган. Етмиш йилдан буён заминда тупроқ кечган, нон топиб еган ва шу элга эш бўлиб барака топган инсон сифатида айтяпман, бу гапларни. Фақат, бир илтимосим бор-да. Касалликни енгиш, унинг тарқалиб кетишининг олдини олишни Президент ва бошқа раҳбарларнинг, шифокорларнинг вазифаси деб билмаслигимиз керак. Балонинг тезроқ даф бўлиши ҳар биримизга, ҳар биримизнинг ўзимизни қандай тутишимиз, хатти-ҳаракатимизга боғлиқлигини унутмайлик.


Худо хоҳласа, ҳаммамиз ҳамжиҳат бўлсак, бир мушт бўлиб ҳаракат қилсак, бу кунлар ҳам ортда қолади. Деҳқончилигимизнинг баракасини берсин, халқимизнинг ризқи бутун бўлсин!

uza.uz

Норхол ҚУРБОНОВА,

Пахтачи туманидаги “Ғаллакор” фермер хўжалиги раҳбари,

 Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор


@AGROBLOGER канали

Report Page