...

...

AGROBLOGER

Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилган Ўзбекистон-Венгрия Картошкачилик илмий маркази халқаро ҳамкорликнинг яна бир маҳсулидир. 30 март куни давлатимиз раҳбари Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан марказга ташриф буюриб, уни шахсан очиб бергани бежиз эмас. Боиси, Ўрта Осиёда ягона бўлган бу марказ ҳар икки мамлакат учун аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири бўлган картошка етиштириш ҳажмини бир неча баробарга ошириб, унинг янги ва сифатли навларини яратиш йўлидаги катта имкониятдир.

Илмий муассаса Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети билан ҳамкорликда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими негизида ташкил этилди. Бу ерда венгриялик олимлар билан доимий ҳамкорлик ишлари олиб борилади. Ҳозирча марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун Венгриядан 4 нафар илмий ходим таклиф этилган.

Картошка кундалик истеъмол маҳсулоти бўлгани боис, унинг сифатли ва арзон бўлиши ҳар бир оила фаровонлигига таъсир қилади. Аммо ички бозор талабини қондириш учун катта миқдорда уруғлик зарур. Юртимизга истеъмол учун 200-300 минг тонна, уруғлик учун 17 минг тонна картошка четдан келтирилишини инобатга олсак, ушбу маҳсулот етиштириш ҳажмини янада ошириш, янги навларини яратиш зарурати мавжудлиги кўзга ташланади.

— Аҳолига етарли миқдорда картошка етказиб бериш юртимиздаги муаммоли масалалардан бири ҳисобланади, — деди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари — Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори Алишер Тўраев. — Бир киши бир йилда тахминан 100 килограмм картошка ейиши керак, деб оладиган бўлсак, 35 миллионга яқин аҳолига етарли картошка етказиб бериш учун 4-5 миллион тонна маҳсулот етиштиришимиз керак. Бунинг учун бизга сифатли, вируслардан ҳоли уруғлик зарур. Бундай уруғликни эса денгиз сатхидан 600-800 метр баланддаги ер майдонларига экиш талаб этилади. Республикамизда бундай жой йўқлиги боис, тоғлардаги тепаликларни излашга мажбур бўламиз. Бошқа томондан, бизга венгерларнинг вирусга чидамли картошка навларини ўзимизда маҳаллийлаштириб, исталган ерларда етиштириш анча қулайроқ. Шу сабабли, икки мамлакат таклифи асосида венгрия технологияси ёрдамида картошка уруғларини етиштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйдик.

Янги марказ Венгриядан келтирилган навларни синовдан ўтказиш ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу ерда маҳаллий ва хорижий навларни чатиштириш орқали картошка етиштиришнинг барча босқичларида сифатни таъминлашга қаратилган комплекс тизим ишлаб чиқилади. 50 дан ортиқ навлар маҳаллийлаштирилиб, картошкачилик генофонди яхшиланади.

Илмий марказда “in vitro”, ўсимликлар патологияси, картошкани сақлаш физиологияси, сифат назорати бўйича лабораториялар ташкил этилган. Намуналар тайёрлаш, етиштириш ва сақлаш хоналари замонавий жиҳозланган. Бу ерда йўлга қўйиладиган инновицион усуллар самарасида 2021-2023 йилларда ҳосилдорликни 30-50 фоизгача ошириш, 2024 йилга бориб, 21 минг тонна уруғлик картошка етиштириш, бу борадаги импорт ўрнини тўлиқ қоплаш мўлжалланган.

Бир марказда 160 дан ортиқ хизматлар кўрсатилади

Ўзбекистон-Венгрия Картошкачилик илмий марказининг янги ишга тушган Агрохизматлар маркази ичида иш бошлагани замирида ҳам катта маъно бор. Марказнинг очилиши юртимиз агротизимидаги йирик лойиҳалардан биридир. Дунёнинг ривожланган давлатларидагина мавжуд бўлган бундай агрохизматлар маркази қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда фермерларни бир ерга жамловчи нуқтага айланиши кутилмоқда. Марказнинг асосий мақсади олий ўқув юртларидаги таълим, билимни олиб келиб, фермерларга етказиб, уларга бир қанча йўналишларда хизмат кўрсатишдан иборат.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги мутахассис ва мутасаддилар билан мулоқоти чоғида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш, деҳқон ва фермерларни бу ерда ўқитиб, соҳадаги ютуқларни барча ҳудудларга етказиш зарурлигини таъкидлади. Меҳмонлар фермерлар учун ташкил этилган, юртимиз қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган техника ва технологияларни ҳам кўздан кечирди.

Янги муассаса учта асосий йўналишда иш олиб боради. Биринчиси, таълим йўналиши бўлиб, у илм-фан ва ишлаб чиқаришни бир-бирига боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Яъни, унда фермерлар учун турли семинар, тренинглар ташкил этиш орқали уларнинг малакасини ошириш, ўз соҳаси бўйича зарур билимларни бериш йўлга қўйилади. Малакали мутахассислар ўтадиган дарслар орқали фермер хўжаликларининг янги технологияларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаб, уларга бу борада зарур ёрдамларни кўрсатиш имкони юзага келади.

Иккинчи — тадқиқотлар қисмидаги асосий жараёнлар илмий-тадқиқот институтлари билан боғланган ҳолда тадқиқот ишларини олиб бориш, уларни бевосита фермерларга кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини янги инновацион технологиялар билан таништиришдан иборат. Мазкур тизим ишида илмий-тадқиқот институлари вакиллари бевосита иштирок этиб, фермерларга ўз маслаҳатларини бериб боради.

Учинчи йўналиш агрохизматлар марказининг асосий қисми ҳисобланади. Мазкур йўналиш ҳам ўз навбатида, давлат ва хусусий сектор хизматлари каби икки қисмга ажратилади. Давлат хизматлари бўлимларида сабзавотчилик, гидрометериология, геоахборот тизимларидан фойдаланиш, фермерларга имтиёзли кредитлар ажратиб бериш, ўрмончилик, чорвачилик, паррандачилик, карантин ва ўсимликларни зарарсизлантириш каби 17 та йўналишда 160 дан ортиқ хизматлар таклиф этилади. Бу ерда талабгорларга ягона дарча принципи асосида хизмат кўрсатилади. Деҳқон, фермер ёки шу соҳада энди иш бошлаш истагидаги ҳар қандай инсон агрохизматлар марказига келиб, тупроқ таҳлили ишларидан тортиб, ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилишгача бўлган барча масалаларда мутахассислардан зарур маълумотларни олиши мумкин бўлади.

— Хизматлар қисмининг хусусий секторига қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган энг йирик компаниялар жалб этилади, — деди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Шуҳрат Омонов. — Айни пайтда АҚШ, Австрия, Россия, Туркия, Германия, Жанубий Корея ва бошқа хориж давлатларининг фаолиятида уруғчиликдан тортиб, то маҳсулот экспортигача бўлган жараённинг бутун бир занжирини қамраб олган 19 та йирик компаниялар билан иш олиб боряпмиз. Шунингдек, марказда агромаркет ҳам ташкил этилган бўлиб, унда фермер хўжаликлари аграр соҳада зарур бўладиган барча маҳсулотларни шу ернинг ўзидан харид қилиши мумкин.

Бозорга сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришнинг асосий шартларидан бири замонавий лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш ҳисобланади. Ҳозирги вақтда агрохизматлар марказида ўсимликларни ҳимоя қилиш, тупроқ ва ўғитлар таҳлили, ветеринария, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва янги стандартларини жорий этиш, уруғчилик каби 5 та лаборатория ишлаб турибди.

Шунингдек, фермерларга технологияларнинг афзалликларини шу ернинг ўзида кўрсатиб бериш мақсадида демо, яъни тажриба майдончаларини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ерда ҳар бир компания, илмий-тадқиқот институтлари ўз маҳсулоти ёки тажриба намунасини бевосита дала шароитида намойиш этади. Масалан, уруғнинг нави, унинг тупроқ-иқлим шароитига таъсири, далада суғориш технологияларини ўрнатиш жараёнлари тажриба майдонларида кўрсатиб берилади. Фермер маҳсулот билан танишгач, унга маъқул келсагина, харид учун буюртма беради.

Агрохизматлар марказида яратилаётган бундай кенг имкониятлар Юқори Чирчиқ туманидаги “Абдумажид бобо” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Аброр Абдумажидов сингари фермерларга қулайлик яратиб, иш жараёнида янги технологияларни қўллаш ҳисобига, кўпроқ ҳосилдорликка эришишига йўл очади. 18 йилдан буён фермерлик соҳасини маҳкам тутиб, шу йўналишда ишлаб келаётган Аброр ака 110 гектарлик майдонининг 26 гектарида картошка етиштиради. Йилига ўртача 26-27 тонна ҳосил олаётган фермер ҳар мавсумда ерга асосан картошканинг Нидерландиядан олиб келинадиган фалюка, санта навлари уруғини қадайди. Уларнинг орасида картошканинг хориж навларидан анча арзон, бироқ иқлим шароитларига чидамли бўлган маҳаллий “Зухра” нави ҳам бор. Бироқ юртимиз бозорида Нидерландия ва Россияда етиштирладиган картошка навларига талаб юқори бўлгани боис, фермер кўпроқ улардан экади.

— Мамлакатимизда картошка уруғчилиги нисбатан камроқ бўлгани боис, қиммат бўлсада хорижникини олишимизга тўғри келади, — деди Аброр Абдумажидов. — Венгриядан янги нав олиб келингани, унинг сифати яхшилигини эшитиб, уни ҳам синаб кўришга қарор қилдик. Ўзбекистон-Венгрия картошкачилик илмий марказининг очилиши биз фермерлар учун қувончли воқеа. Чунки картошка навлари қанча кўп бўлса, танлов имконияти ва рақобат шунча кенгаяди. Айниқса, картошка навларининг маҳаллийлаштирилиши маҳсулот нархининг тушишига олиб келади. Бундан ташқари, ушбу марказнинг очилиши узоғимизни яқин қиляпти. Авваллари экин дорилари, уруғликлар олиб келиш учун олис ҳудудларга қатнардик. Эндиликда, барча зарур нарсаларни шу ернинг ўзидан олишимиз мумкин. Соҳа муахассислари, ҳатто, лизинг берувчи ташкилотлар ҳам олдимизга келди. Бу эса иш унумдорлигимизни ошириб, ҳам вақтимизни, ҳам нақтимизни тежайди.


agro.uz

@AGROBLOGER канали

Report Page